Луғавий жиҳатдан “салаф” сўзи араб тилида “аввалда ўтганлар, ўтмишда яшаганлар”, “салафий” – “ўтмишда ўтган аждодлар йўлидан борувчи” маъноларини беради.[1]
Истилоҳий (терминалогик) жиҳатдан “салаф” ислом тарихининг илк даврида ўтганлар – саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги мусулмонлар. Абу Ҳанифа ва бошқа ўрта асрларда ўтган муаллифлар асарларида бу сўз айнан мана шу маънода, яъни “ас-салаф”, “ас-салаф ас-солиҳ” (ўтган солиҳ аждодлар) шаклларида келади.[2]
Кейингилар томонидан ўрта асрларда “салаф уламолар”, “салафи солиҳлар” деб номланган қатламнинг вужудга келишини Қуръон ва суннатда ифодаланган асли соф исломга қайтишга даъват сифатида ифодалаш мумкин. Бунинг сабаби, Ислом динини тушунишда ва Қуръон ва суннатнинг тафсирида юз берган оғишлардир. Ислом ақидасини тўғри тушунишдан оғишган хорижий, жаҳмий, шиа, мўътазила, муржиа, сўфий, эътиқодлари юнон фалсафасига асосланган мусулмон файласуфлар ва бошқа адашган оқимларга қарши ўлароқ аҳли сунна вал жамоанинг салаф уламолари пайдо бўлган. Уларнинг холисона ва мислсиз хизматлари сабабли бу муқаддас дин асл ҳолида, ўз моҳиятини йўқотмасдан бизгача етиб келди.
“Ваҳҳобийлик” оқимига XVIII асрда яшаган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб томонидан асос солингани ва салафийликка даъват этгани манбаларда қайд этилган. “Салаф” сўзининг “салафийлик” шаклида ишлатилиши ҳам шу асрга тўғри келади.
Бу оқим вакиллари ўзларини “ваҳҳобий” деб эмас, балки “салафий” номи билан атайди. Бундан “салафийлик” – “ваҳҳобийлик”нинг иккинчи номи экани маълум бўлади. Унинг тарафдорларидан бўлган Анвар Жандий таъкидлашича: “Салафийлик – ислом даъватини янгилаган катта ҳаракатдир, агар у бўлмаганида Ғарб Шарқни жуда қаттиқ руҳий қулликка солган бўлар эди”[3]. Шунингдек, Европа адабиётида ҳам баъзи ўринларда “салафийлик” сўзи “ваҳҳобийлик”нинг синоними сифатида ишлатилади[4]. Баъзан “салафийлик” – “янги ваҳҳобийлик”, дея талқин этилади.
Оқимнинг “Ваҳҳобий”, “Мусулмон биродарлари”, “Ўзбекистон ислом ҳаракати”, “Акромийлар”, “Ҳизбут таҳрир” ва шу каби экстремист оқимлар билан ғоявий бирлиги мавжуддир. Жумладан, “Жамоат ат-такфир” каби экстремистик гуруҳлар салафийлардан ажралиб чиққан фирқалар сифатида таъкидланади.[5]
Мазкур оқим мусулмонлар орасида ўзаро тафриқа ва низолар келтириб чиқариши билан характерланади. Оқим ғояси ва мақсадида экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик мавжудлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Салафийлик оқимининг асосий даъвоси “ягона Аллоҳга ибодат қилишга қайтиш”, “адашган фирқалар ғояларидан исломни тозалаш” каби ғоялар билан ниқобланган бўлиб, бу ғоя ниқоби остида ўтмишда ҳам, биз яшаб турган бу асрда ҳам умматнинг кўплаб соф эътиқодли уламолари жабр чекди. Ҳатто уларга бўйсунмаганларининг жонларига суюққасд қилинди.
Сохта салафийлар ўз мақсадлари йўлида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғояларини идеаллаштиради. Шунингдек, улар аҳли сунна вал жамоа ақидасида бўлган тўртта мазҳаб – ҳанафий, шофиъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабига қарши фикрлари билан машҳур Ибн Таймия (Тақийюддин Аҳмад ибн Абдуҳалим – 1263-1328) ғоясига таянади. Аслида, мусулмонларни тафриқа ва ихтилофларга солган Ибн Таймия ғоялари охирги икки асрда ваҳҳобийлар ва бемазҳаб салафийларнинг сиёсий мақсадлари туфайли мусулмонлар орасида сунъий равишда тарқатилди. Салафийлар ғояси ислом душманлари мақсадларига ҳам мувофиқ келгани учун унинг кенг тарқалишида улар молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб туришди. Ачинарлиси, бу ҳол ҳозир ҳам давом этмоқда.
Сохта салафийлик ғоялари ва уларга илмий раддиялар
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда”, “инсон ўлгандан сўнг номаи аъмоли ҳам ёпилади, унинг ортидан дуо ва савоб етиб бормайди” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилиб, жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилишди.
Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилишлари
Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида ихтилоф ва тафриқаланиш келиб чиқишига сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнг саҳобаи киромлар даврлари исломга янги кирганларга ва мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилишга буюрилмаган. Чунки у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир, эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эди. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмоқчи бўлса, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эди.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ, деб биламиз. Шу билан бир қаторда Аллоҳнинг васфида У зот айтганидек:
﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيءٌ﴾
“Унга ўхшаш бирор нарса йўқ”[6] деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларининг ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир….”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади, деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган”, дейди.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳам, бу мавзуда чуқур кетиш ҳам ҳаром” деган.
“Аллоҳ таоло қадимий, азалий. У бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ҳам ўхшамайди. Унга томон ва макон нисбати берилмайди. Вақт, замон Унга таъсир қилмайди. “У қаерда? Қайси томонда?” деган саволлар берилмайди. Жаннатда мусулмонлар Уни томонсиз, шаклсиз ва тасаввурсиз кўрадилар. У бўлганида макон бўлмаган. У маконни ва замонни яратди. У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир”.
Ибн Шоҳийн Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги оятни шундай изоҳлайди:
﴿ قَالَ لَا تَخَافَا إِنَّنِي مَعَكُمَا أَسْمَعُ وَأَرَى﴾
“(Аллоҳ) айтди: “Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман”.[7] Аллоҳ таоло пайғамбарларга нусрати, оламни қуршаб олиши билан биргадир. Оятдаги мавзуга алоқадор жой “إِنَّنِي مَعَكُمَا” “Мен сизлар билан биргаман”[8] деган қисмдир. Бу оятни сохта салафийлар талқинига солиб таржима қилинса, — наузубиллаҳ[9] — Аллоҳ таоло бизнинг ёнимиздаги маконда бўлиши керак.
Шунингдек, Мужодала сурасидаги:
﴿مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلَاثَةٍ إِلَّا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلَا خَمْسَةٍ إِلَّا هُوَ سَادِسُهُمْ وَلَا أَدْنَى مِنْ ذَلِكَ وَلَا أَكْثَرَ إِلَّا هُوَ مَعَهُمْ﴾
“Уч кишининг ўзаро шивирлашлари бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир, беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир. Бундан оз бўладими ё кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир”[10] деган оят ҳам сохта салафийлар талқинига кўра тушунилса, Аллоҳ таолонинг зотига муносиб бўлмаган маъно, яъни маконни исботлаш юзага чиқади. Аҳли сунна вал жамоа бундай эътиқоддан покдир.
(давоми бор)
Рашидбек домла Эрназаров
Боғот тумани бош-имом хатиби
[1] Баранов Х.К. Арабско-русский словарь. – М., 1985. – Б. 368.
[2] Ал-Мавсуат ал-муйассара фи-л-адйон ва-л-мазоҳиб ва-л-аҳзоб ал-му‘осира (Замонавий дин, мазҳаб, партиялар бўйича қисқача қомус (справочник). – Т. II. / Ишроф ва тахтит ва мурожа‘ат д-р Мони‘ ибн Ҳаммод ал-Жуҳаний. 3-нашр. 1-жилд. – Рийод: Дор ан-надва ал-‘оламийа, 1418/1997-98. – Б. 1082.
[3] Ўша асар. – Б. 1083.
[4] Юнусов А.С. Исламские радикальные и нетрадиционные организации Глава 7. // Ислам в Азербайджане. – Баку, 2004.
[5] Ўша манба.
[6] Шуро, 11-оят.
[7] Тоҳа, 46-оят.
[8] Тоҳа, 46-оят.
[9] Бундай эътиқод қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
[10] Мужодала, 7-оят.