Сохта салафийларнинг келиб чиқиш тарихи ва уларга илмий раддиялар (2-қисм)

Сохта салафийларнинг Қуръони карим оятларини нотўғри талқин қилишлари

Салафийларнинг энг катта хато ва адашишларидан бири Қуръони карим оятларини нотўғри талқин қилмоғи (маъно бермоғи)дир.

Уларнинг Қуръони карим тафсирида бундай йўл тутмоғи хато эканини ва улардан узоқ бўлиш зарурлигини  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматга алоҳида таъкидлаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда шу Китобнинг “онаси” бўлмиш муҳкам (маъноси аниқ) оятлар ва яна муташобиҳ (маъносида махфийлик бўлган) оятлар мавжуд”[1] оятини тиловат қилиб: “Агар сиз Қуръондаги муташобиҳ оятларга эргашадиган тоифани кўрсангиз, улардан эҳтиёт бўлинг”, дедилар”.[2]

Яъни Қуръони каримда “муҳкам” – маъноси аниқ ва равшан оятлар билан бир қаторда “муташобиҳ” – маъносида махфийлик бўлган оятлар ҳам бор. Унинг маънолари Аллоҳнинг ўзигагина аён бўлиб, инсон бундай оятларга имон келтириб, маъноларини билишга уринмаслиги лозим.

Халифалик даврида пайдо бўлган хаворижлар оқими айнан муташобеҳ оятларга нотўғри маънолар бериб ҳидоятдан адашдилар.[3] Ундан сўнг орадан асрлар ўтиб Ибн Таймия ва унга эргашганлар хаворижлар йўлини такрорлади. Ҳозирги сохта салафийлар ҳам аҳли сунна вал жамоа салаф уламоларининг муташобеҳ оятларга берган тафсиридан мутлақо бошқа маъноларни  танлаб эътиқодда залолатга юз тутишди.

Қуйида аввал аҳли сунна вал жамоанинг салаф уламоларининг айримларини муташобеҳ оятлар ҳақидаги фикрларига, сўнг сохта салафийларнинг нотўғри талқинларига тўхталамиз.

Зуннуний Мисрий раҳматуллоҳи алайҳдан ﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى﴾ “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир”[4] оятининг маъноси ҳақида сўралди. Шунда у: “У зотини исбот қилиб, маконни инкор қилди” деди. Шиблий раҳматуллоҳи алайҳдан мазкур оят ҳақида сўралганда, бундай деган: “Раҳмон азалий, Арш махлуқдир. Арш Раҳмон ила олий бўлди”. Жаъфар ибн Нусайр эса: “Унинг илми барча нарсадан олий бўлди”, деб жавоб берган.

Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолони бирор нарса ичида ёки бирор нарсадан иборат ёки бирор нарса устида деса, у мушрик бўлибди. Чунки у бирор нарсанинг ичида бўлса, ҳудуди чегараланган, бирор нарса устида бўлса, кўтариб турилган, бирор нарсадан иборат бўлса, яратилган бўлиб қолади”, деган.

Абу Усмон Мағрибий ходими Муҳаммад ибн Маҳбубга бир куни: “Эй Муҳаммад! Сендан Илоҳинг қаерда деб сўрашса, нима деб жавоб берасан” деди. “У азалийдир” деб жавоб бераман”, деди у. Мағрибий яна қайта: “У азалда қаерда бўлган?” деб савол берилса нима дейсан?” деди. “Олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай”, деди. Ходимининг жавобидан хурсанд бўлган Абу Усмон ўта мамнун бўлди ва уни мукофотлади.

Аҳли сунна вал жамоанинг “Макон бўлмаганда ҳам Аллоҳ таоло бўлган”, “Аллоҳ таоло маконни яратган”, “У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай”, “Аллоҳ жисм ва ташбиҳдан пок”, “Қуръон ва ҳадисдаги муташобиҳ оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолонинг зотига айбу нуқсон нисбатини бермай тушуниш”, “Инсонлар муташобиҳ оятларнинг маъносини тушунишда ожиз”, “Тоқатимиз ва имкониятимиз етмайдиган мавзуда савол беришдан тийилиш” каби сўзларининг ҳеч бири хато эмас!

“Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилувчи сохта салафийлар ва шунга ўхшаш тоифаларнинг далиллари ва уларнинг ботил эътиқодларига раддиялар:

  1. Салафийларга кўра, “Фотир” сурасининг 10-ояти Аллоҳ таолонинг осмондалигига далилдир:

﴿ إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ﴾

“(Ҳар бир) хуш калима У сари чиқур”.

Раддия: Улар бу ердаги “يَصْعَدُ” сўзини “кўтарилади, чиқади” деб таржима қилиб, “бу Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далолат қилади” дейди. Аслида, бу калима моддий нарсаларга нисбатан ишлатилса, “кўтарилади, чиқади”, деган маънода қўлланади. Лекин сўз ва жумлаларга нисбатан ишлатилганда, “қабул бўлади” деган кўчма маънода ишлатилади. Бу луғат олимлари орасида машҳур ва маълумдир.

  1. “Оли Имрон” сурасининг 55-ояти ҳам далил сифатида келтирилади:

 ﴿إِذْ قَالَ اللَّهُ يَا عِيسَى إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ﴾

 “Аллоҳ айтди: “Эй, Исо! Мен сени вафот эттирувчи, ҳузуримга кўтарувчиман”.

Сохта салафийлар қандай қилиб бу оятдан “Аллоҳ таоло осмонда” деган маънони чиқаришлари мумкин, ажабо! Чунки оятдаги “ҳузуримга кўтарувчиман” деб таржима қилинган сўз араб тилида “رَافِعُكَ إِلَيّ” тарзида ифодаланган ва бу сўз даражани, мартабани кўтариш маъноларида ҳам қўлланилади. Масалан, Аллоҳ таоло бир кишининг даржасини кўтарган бўлса, араб тилида “فُلَانٌ رَفَعَ اللهُ شَأْنَهُ” дейилади.

  1. Навбатдаги далиллари “Мулк” сурасидаги 16-оятдир:

 ﴿ أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الْأَرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ﴾

 “(Эй, Макка кофирлари,) ё сизлар осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, бирданига (ер) ларзага келишидан (сизларни ҳалок қилишидан) хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!”

Сохта салафийлар бу оятдаги “مَنْ” “ман” сўзи Аллоҳ таолони англатади деб, мазкур оятни ўзларига далил қилаётган бўлишлари мумкин. Бу билан улар Жаброил алайҳиссалом садум аҳлини ерга юттирганини унутган кўринадилар, оятдаги “ман” сўзидан Жаброил алайҳиссалом тушунилади.

  1. Салафийлар “Маъориж” сурасидаги 4-оятдан ҳам “Аллоҳ таоло осмонда” деган таълимотларини асослашда фойдаланади:

﴿تَعْرُجُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ إِلَيْهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ﴾

“Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миқдори (масофаси) эллик минг йиллик (бўлган) бир Кунда (Қиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар”.

Оятда Фаришта ва Руҳни Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилиши ҳақида сўз бормоқда. Лекин бу ерда “осмон”га ёки “Арш”га деган сўзлар мавжуд эмас. Шунинг учун бу оятни салафийлар “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидаларини асослаш учун далил қила олмайдилар.

  1. Салафийлар “Наҳл” сурасидаги 50-оят

﴿يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ﴾

“Улар (фаришталар) устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига буюрилган ишларнигина қилурлар”)нинг “устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан” деган қисмини ҳам Аллоҳ таоло осмонда деган қарашларига ҳужжат ўлароқ келтиради.

Аслида мазкур оятдаги “фавқа” сўзи “устида, тепасида” деган маънони англатиб, у сўз моддий нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, “الدفتر فوق الطاولة” (Дафтар стол устида) каби. Аллоҳ таолонинг зоти эса жисмдан покдир.

Ояти каримани “Роббининг азоби юқоридан келишидан қўрқадилар” деб тушуниш ҳам мумкинми? Агар шундай тушунилса, Аллоҳ таолога жисм ва ташбиеҳ нисбати берилмаган бўлади. Зеро, У зот айбу нуқсондан пок, олийдир. Шунингдек, “фавқа” сўзини “мартаба, даража” маъносида ишлатиш ҳам мумкин. Масалан, араблар “السلطان فوق الأمير” (Султон амирдан юқори мартабали) дейдилар. Бу билан султоннинг мартабаси амирнинг мартабасидан олий демоқчи бўладилар. Мазкур оятни “Роббининг азоби юқоридан келишидан қўрқадилар”, деган маънода талқин қилинса, ташбиҳ (ўхшатиш) ва тажсим (жисм сифати берилиш)дан Аллоҳ таоло покланган бўлади.

Шунингдек, қуйидаги оят ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда эканлигини рад этади:

﴿ أَفَلَمْ يَنْظُرُوا إِلَى السَّمَاءِ فَوْقَهُمْ كَيْفَ بَنَيْنَاهَا وَزَيَّنَّاهَا وَمَا لَهَا مِنْ فُرُوجٍ ﴾

“Ахир, улар устиларидаги осмонни – Биз уни қандай бино қилиб, (юлдузлар билан) безаб қўйганимизни ва унинг тешик (ёриқ)лари йўқ эканини кўрмадиларми?!”[5]

  1. Салафийлар томонидан “Аллоҳ маконда” деган сўзларига далил сифатида келтирадиган оятлардан яна бири “Тоҳа” сурасининг 5-оятидир. Унда бундай дейилади:

﴿ الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى﴾

 “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир”.

Айнан шу маънони ифода этувчи оятлар Қуръони каримда олти ўринда учрайди: “Аъроф” сураси 54-оят, “Юнус” сураси 4-оят, “Раъд” сураси 52-оят, “Фурқон” сураси 59-оят, “Сажда” сураси 54-оят, “Ҳадид” сураси 4-оят. Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур оятларни тарихда мушаббиҳа оқими ҳам асосий далил сифатида қўллаган.

Сохта салафийлар оятни қандай бўлса шундай тушунишимиз керак, уни бошқа маънога таъвил қилмаслик лозим, дейдилар. Агар мазкур оятдаги “иставо” сўзи, улар айтганидек, луғавий маънода ишлатилса, Аллоҳ таолога жисм ва макон нисбати берилиб қолади. Уларнинг фикрича, мазкур оят қандай бўлса шундайлигича тушуниш керак экан. Шундай бўлса, қуйидаги оятларни қандай тафсир қилишар экан:

﴿ وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنْتُمْ ﴾

“Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир”.[6]

﴿ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ ﴾

“Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз”.[7]

﴿ وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا ﴾

 “ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда”.[8] Мазкур оятларни зоҳирий маънода тушуниш нотўғридир.

Имом Табарий “Иставаа ъалал Арш” оятига ўзининг “Тафсири Табарий” асарининг биринчи жилдида алоҳида эътибор қаратган ва оятнинг изоҳига доир турли таъвилларни, изоҳларни бир жойга жамлаб, хулоса қилишга уринган. Умуман олиб қараганда Имом Табарий оятни бундай изоҳлаган: “علا عليها علوَّ ملك وسلطان لا علو انتقال وزوال” (Аллоҳ таоло осмонга (подшоҳ ўз) мулки ва султонлигига олий бўлиши каби олий бўлди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ёки ўтиш маъносида олий бўлмади).

Бунга жавобан салафийлар “иставо”ни Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди, деб тушунамиз десалар. Уларга: “Ундай бўлса, “жиҳат”, яъни “Аллоҳ таоло осмонда” деган маънони оятнинг қаеридан оляпсизлар?” деймиз. Чунки биз ҳам Аллоҳ таоло Арш узра ўзига муносиб тарзда истиво қилди, деб тушунамиз ва “Аллоҳ таоло осмонда жойлашган” ёки “Аллоҳ таоло юқорида жойлашган” деб, Унга жой, макон нисбатини бермаймиз. Бу оятни “Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди” деб тушунишда ва талқин қилишда салафийлар аҳли сунна вал жамоа билан бир йўлда, лекин Аллоҳ таолога “жиҳат ва томонни” исботлашда, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан чиқиб кетади.

  1. Салафийлар Аллоҳ таоло юқорида, осмонда деб, унга “Ғофир (Мўмин)” сурасининг 36-37-оятларини далил сифатида келтиради:

﴿ وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا هَامَانُ ابْنِ لِي صَرْحًا لَعَلِّي أَبْلُغُ الْأَسْبَابَ ﴾  ﴿ أَسْبَابَ السَّمَاوَاتِ فَأَطَّلِعَ إِلَى إِلَهِ مُوسَى وَإِنِّي لَأَظُنُّهُ كَاذِبًا ﴾

“Фиръавн айтди: “Эй, Ҳомон, мен учун бир (баланд) минора қургин, шоядки мен (унинг устига чиқиб) йўлларга етсам, осмонларнинг йўлларига. (Зора) Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман”.

Тарихий манбаларда айтилишича, Фиръавн минора қурдириб, Мусо алайҳиссалом илоҳи, яъни Аллоҳ таолони кўрмоқчи бўлади. Унинг бу ҳаракати Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён қилинган. Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: “Қандай қилиб Фиръавннинг тушунчасини мусулмон инсон ўз ақидасига далил сифатида қабул қилиши мумкин?” Фиръавн Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло ҳақида сўраганда, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога томон исбот қилмай жавоб берган. Бу савол-жавобни қуйидаги оятларда кўриш мумкин:

﴿ قَالَ فِرْعَوْنُ وَمَا رَبُّ الْعَالَمِينَ ﴾ ﴿ قَالَ رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا إِنْ كُنْتُمْ مُوقِنِينَ ﴾

“Фиръавн деди: “Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна?” (Мусо) айтди: “Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори (мураббийси)дир”.[9] Шундай экан, юқорида Фиръавннинг минора қуриши ҳақида хабар берилган бу оят ҳам салафийларга далил бўлолмайди.

  1. Салафийлар “Фуссилат” сурасидаги 2-оят:

 } تَنْزِيلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ {

 “ (Ушбу Қуръон) Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ томонидан нозил қилингандир”,  “Анъом” сурасидаги 14-оят:

} قُلْ أَغَيْرَ اللَّهِ أَتَّخِذُ وَلِيًّا فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَهُوَ يُطْعِمُ وَلَا يُطْعَمُ قُلْ إِنِّي أُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ أَوَّلَ مَنْ أَسْلَمَ وَلَا تَكُونَنَّ مِنَ الْمُشْرِكِينَ {

 “(Уларга айтинг): “Аллоҳдан бошқа ҳакам излайинми, ҳолбуки, У сизларга Китоб (Қуръон)ни батафсил нозил қилган зотдир”ни “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодини асослашда фойдаланишади.

Салафийларнинг талқинида мазкур оятлардаги “нозил қилган” сўзи тепадан пастга нисбатан тушуришга ишлатилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло осмонда дейишади.

Уларга  “Оят ал-Курсий” номи билан машҳур оятдан далил келтириш билан жавоб берамиз:

 ﴿وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ ﴾ 

“Унинг Курсийси[10] осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур.”[11]

Шунингдек, Абу Зар Ғифорийдан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам уларнинг бу ақидалари ботил эканини кўрсатади:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: والَّذي نفسي بيدِهِ ، ما السَّماواتُ السَّبعُ والأرَضينُ السَّبعُ عندَ الكُرسِيِّ إلا كحَلقَةٍ مُلقاةٍ في أرضِ فلاةٍ ، وإنَّ فضلَ العرشِ على الكُرسِيِّ كفَضلِ الفلاةِ على تِلكَ الحَلقَةِ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним Унинг қўлида бўлган зот (Аллоҳ)га қасамки, етти осмон ва етти ер (етти планета) Курсийнинг олдида (ҳажм борасида) саҳрога ташланган узукдан бошқа ҳеч нарса эмас, Аршнинг Курсидан (ҳажмдаги) устунлиги саҳронинг узукдан устунлиги кабидир”.[12]

Оят ва ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳ таъолонинг Арши ва Курсиси инсон тасаввуридан йироқ даражада улкандир. Энди Аллоҳ таолонинг зотига жисм ва маконни нисбат бериш, У зотни осмонда дейиш нақадар нотўғри эканлиги маълум бўлди.

Абу Ҳанифа “ал-Фиқҳул абсат” китобида бундай деди: “Роббим осмондами, ердами, билмайман, деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам”. Салафийлардан айримлари бу сўзларни далил сифатида келтириб: “Мана, Абу Ҳанифа ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини исбот қилмоқда”, дейди. Аслида, бу матнда куфрнинг сабаби келтирилмаган. Абу Лайс Самарқандий мазкур матнни: “Роббим осмондами, ердами, билмайман, деган кишида: “Аллоҳ таоло қандайдир маконда”, деган эътиқод бўлади ва шу эътиқоди учун у мушрик ҳисобланади”, деб изоҳлаган. Шунингдек, Аллоҳ таолога нисбатан Қуръони каримда “фис самаа” ибораси нима учун қўллангани ҳақида Абу Ҳанифанинг мазҳабини билмоқчи бўлган киши “Ал-Фиқҳул абсат” китобининг “Роббим осмондами, ердами, билмайман, деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам”, деган иборасидан кейинги жумлаларга назар солсин.

Ўз асрининг муҳаддиси Абу Жаъфар Таҳовий ўзининг “Ал-Ақидату-т-Таҳовия” асарида Аллоҳ таолони юқорида, осмонда дейиш мумкин эмаслиги ҳақида бундай деган: “Аллоҳ таоло чегара, аъзо, асбоблар билан сифатланмайди ва Уни олти томон махлуқотлардек қуршаб олмайди”. Бу матнда Аллоҳ таолога олти томонни, яъни юқори, паст, ўнг, чап, олди ва орқа томонлар нисбатини бериб: “Аллоҳ (наузан биллаҳ) осмонда, пастда, ўнгда чапда” дейиш мумкин эмаслиги айтилмоқда. Бундан ташқари Аллоҳ таолони охиратда кўриш масаласида ҳам, Унга томон, жиҳат нисбатини бериш мумкин эмаслиги ҳақида Таҳовий: “Жаннат аҳли Аллоҳнинг дийдорини кўрурлар, лекин макон ва кайфиятсиз” деган. Айни бу матн ҳам Аллоҳ таолога макон ва томон собит қилиш мумкин эмаслигини англатади.

Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ал-Ақоид ан-Насафия” асарида бундай дейди: “Аллоҳ таоло моҳият, кайфият билан сифатланмайди. У бирор маконда қўним топмайди. Унга замон таъсир қилмайди. Бирор нарса Унга ўхшаш эмас ва бирор нарса унинг қудрати ҳамда илмини четлаб ўта олмайди”. Имом Насафий мўминлар Аллоҳ таолони жаннатда қандай кўришлари тўғрисида бундай деган: “Аллоҳ таоло маконсиз, томонсиз, қарама-қарши жиҳатсиз, кўз нури етиб боришисиз ва масофасиз кўрилади”. Абу Ҳафс Насафий охиратда ҳам Аллоҳ таолога макон ёки томон хослашлик мумкин эмаслиги, бу Аллоҳ таолога нисбатан айб ва нуқсон эканлигини англатиб, мўмин-мусулмонлар бундай нарсалардан доимо ҳазарда бўлишларини уқтирмоқда.

Мавзу доирасида Зоҳид Кавсарий таҳқиқи остида нашр қилинган “Ал-Фиҳул абсат” таълиқи, Камолиддин Баёзийнинг “Ишоратул маром мин иборотил имом”, Муҳаммад Зоҳид Кавсарийнинг “Ал-Ақида ва илмил калом” китобларида батафсил сўз юритилган. Тўлиқ маълумот олиш учун мазкур китобларни ўқиб чиқиш тавсия этилади.

(давоми бор)

Рашидбек домла Эрназаров

Боғот тумани бош-имом хатиби

 

[1] Оли Имрон сураси, 7-оят. Оятнинг тўлиқ матни:

﴿ هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آَمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ﴾

“У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг “онаси” саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор*. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: “Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир”. (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.

 * Қуръони каримда маъноси аниқ ва равшан оятлар билан бир қаторда баъзан “муташобиҳ” – иштибоҳли оятлар, яъни асл маъноси бандасига номаълум мураккаб оятлар ҳам мавжуд. Масалан, “Тоҳо” сурасининг 5-оятида: “Раҳмон аталмиш зот Арш узра муставий бўлди”, дейилади. Бу ердаги “муставий бўлди” иборасини тик турди, тўғри бўлди, ўрнашди, эгаллади каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлса-да, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлиги фақат Аллоҳнинг ўзига маълум. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг ўзи кифоядир. Лекин Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид ибн Жабр ва Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ)лар  уларни тафсир қилиш жоиз деганлар. (Улумул Қуръон).

[2] Ҳадиснинг арабий матни:

تَلَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وَسَلَّمَ: {هو الذي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الكِتَابَ منه آيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ، فأمَّا الَّذِينَ في قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ ما تَشَابَهَ منه ابْتِغَاءَ الفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ، وَما يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إلَّا اللَّهُ، وَالرَّاسِخُونَ في العِلْمِ يقولونَ آمَنَّا به كُلٌّ مِن عِندِ رَبِّنَا، وَما يَذَّكَّرُ إلَّا أُولو الألْبَابِ} [آل عمران: 7] قالَتْ: قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وَسَلَّمَ: إذَا رَأَيْتُمُ الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ ما تَشَابَهَ منه، فَأُولَئِكَ الَّذِينَ سَمَّى اللَّهُ فَاحْذَرُوهُمْ.

[3] Масалан, Юсуф сураси, 40-ояти ва бошқа муташобеҳ маъноли оятларда.

﴿ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ ﴾

“(Ибодат ва дин тўғрисидаги) ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир”.

[4] Тоҳа, 5-оят. Аъроф, 54-оят.

[5] Қоф, 6-оят.

[6] Ҳадид, 4-оят.

[7] Қоф сураси, 16-оят.

[8] Фажр, 22-оят.

[9] Шуаро, 23-24-оятлар.

[10]Изоҳ: Бу оятдаги “Курсий” сўзининг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч, курси. Бу ерда ундан мурод нима экани ҳақида турли тафсирлар бор:

  1. Аршнинг иккинчи номи. 2. Аршдан кичикроқ алоҳида нарса. 3. Аллоҳнинг илми. 4. Унинг қудрати. 5. Ҳукмронлиги ва ҳоказо.

[11] Бақара, 255-оят.

[12] Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний. Туҳфатун нубало мин қисасил анбиё. “Мактабатут тобеъин” нашриёти. – Қоҳира, 1998. – Б 54.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *