Сохта салафийларнинг келиб чиқиш тарихи ва уларга илмий раддиялар (3-қисм)

Сохта салафийларнинг васила ва дуо борасидаги адашишлари. (3-қисм)

Салафийлар васила ва тавассулни ширк амал ҳисоблаб, дуода васила қилган кишини кофирга чиқаришади.

Уларнинг бу сўзларига қуйидаги оят ва ҳадислар билан жавоб берамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, пайғамбар алайҳис саломлар, саҳобаи киромлар ва бошқа муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилиш жоиз ва рухсат берилган амаллардандир.

Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга восита бўладиган ҳар бир нарсадир. Васила умуман олганда шахсларни ва яхши амалларни васила қилишни ўз ичига олади.

Васила қилиш Қуръон, суннат, саҳобаларнинг амали ва маъқул йўллар билан собит бўлган. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ ﴾

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз!”[1]

Бу ояти каримадаги васила ҳаёт бўлсин ёки вафот этиб кетган бўлсин барча шахсларни ва амалларни ўз ичига олади. Шахсларни васила қилиш борасида ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо (сув сўраб дуо) қилар эди:

“Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб Аббос ибн Абдулмутталиб (Аллоҳ улардан рози бўлсин) васила қилганидан кейин: “Аллоҳга қасам мана шу Аллоҳга бўлган василадир”, деб айтганлар. (Ибн Абдул Бар. Истеоб).

Қуйидаги ҳадисларда ҳам васила қилинган ҳолатларга гувоҳ бўламиз:

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رضي الله عنه أَنَّ رَجُلًا ضَرِيرَ الْبَصَرِ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ ادْعُ اللَّهَ لِي أَنْ يُعَافِيَنِي فَقَالَ إِنْ شِئْتَ أَخَّرْتُ لَكَ وَهُوَ خَيْرٌ وَإِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ فَقَالَ: ادْعُهْ. فَأَمَرَهُ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَيُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِمُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي قَدْ تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ لِتُقْضَى اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ».

Усмон ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: (Жангда) кўзига зарар етган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Аллоҳга менга шифо бермоғини сўраб дуо қилинг”, деди. У зот: “Агар хоҳласанг, бунинг ажри сенга охиратда берилади, мана шу сен учун яхшироқдир. Агар хоҳласанг, дуо қиламан,” дедилар. У: “У зотга дуо қилинг”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга чиройли қилиб таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқишни, кейин бундай деб дуо қилмоқни буюрдилар: “Аллоҳумма! Инний асъалука ва атаважжаҳу илайка би Муҳаммадин Набиййир роҳма. Яа Муҳаммад! Инний қод таважжаҳту бика ила Роббий фий ҳожатий ҳазиҳи литуқзо. Аллоҳумма шаффеъҳу фийя (Аллоҳим! Сендан сўрайман ва Сенга раҳмат пайғамбари Муҳаммад номи билан юзланаман. Эй Муҳаммад! Мен мана бу ҳожатимни раво бўлмоғи учун сизнинг номингизни васила қилиб  Роббимга юзландим. Аллоҳим унга (дардимга) дуоларимда шифо қилгин!)”.

Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида ўзларини ва ўзларидан олдинги вафот этиб кетган пайғамбарларни васила қилмоқда.

عَنْ أَنَسِ بن مَالِكٍ، قَالَ: لَمَّا مَاتَتْ فَاطِمَةُ بنتُ أَسَدِ بن هَاشِمٍ أُمُّ عَلِيِّ بن أَبِي طَالِبٍ، دَخَلَ عَلَيْهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَجَلَسَ عِنْدَ رَأْسِهَا، فَقَالَ: رَحِمَكِ اللَّهُ يَا أُمِّي، كُنْتِ أُمِّي بَعْدَ أُمِّي، وتُشْبِعِينِي وتَعْرَيْنَ، وتُكْسِينِي، وتَمْنَعِينَ نَفْسَكِ طَيِّبًا، وتُطْعِمِينِي تُرِيدِينَ بِذَلِكَ وَجْهَ اللَّهِ وَالدَّارَ الآخِرَةَ، ثُمَّ أَمَرَ أَنْ تُغَسَّلَ ثَلاثًا، فَلَمَّا بَلَغَ الْمَاءُ الَّذِي فِيهِ الْكَافُورُ سَكَبَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ، ثُمَّ خَلَعَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَمِيصَهُ، فَأَلْبَسَهَا إِيَّاهُ وَكَفَّنَهَا بِبُرْدٍ فَوْقَهُ، ثُمَّ دَعَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُسَامَةَ بن زَيْدٍ، وَأَبَا أَيُّوبَ الأَنْصَارِيَّ، وَعُمَرَ بن الْخَطَّابِ، وَغُلامًا أَسْوَدَ يَحْفُرُونَ فَحَفَرُوا قَبْرَهَا، فَلَمَّا بَلَغُوا اللَّحْدَ حَفَرَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ، وَأَخْرَجَ تُرَابَهُ بِيَدِهِ، فَلَمَّا فَرَغَ دَخَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَاضْطَجَعَ فِيهِ، ثُمَّ قَالَ: اللَّهُ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ وَهُوَ حَيٌّ لا يَمُوتُ، اغْفِرْ لأُمِّي فَاطِمَةَ بنتِ أَسَدٍ، ولَقِّنْهَا حُجَّتَها، وَوَسِّعْ عَلَيْهَا مُدْخَلَهَا، بِحَقِّ نَبِيِّكَ وَالأَنْبِيَاءِ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِي، فَإِنَّكَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ وَكَبَّرَ عَلَيْهَا أَرْبَعًا، وأَدْخَلُوها اللَّحْدَ هُوَ وَالْعَبَّاسُ، وَأَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيقُ رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُمْ .

Анас ибн Молик розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: Али ибн Абу Толибнинг онаси Фотима бинти Асад ибн Ҳошим вафот этганда уни кўргани Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  кирдилар. Унинг бош тарафида ўтириб: “Аллоҳ сизни раҳматига олсин, эй Она! Онамдан сўнг менга онам эдингиз. Мени таомлантирдингиз, кийимсиз қолганимда кийинтирдингиз. Мени доим хурсандлик билан ҳимоянгизда сақладингиз (меҳрибонлик кўрсатдингиз). Аллоҳнинг розилигини ва охиратни истаб менга таом бердингиз,” дедилар. Сўнг уни уч марта ювишни буюрдилар. Кафур қўшилган сувни келтиришганида у зот ўша сувни унинг устидан қуйдирдилар.  Сўнг кўйлакларини ечиб, унга кийгиздирдилар. Набий соллалоҳу алайҳи васаллам унинг устидан чакмонлари билан кафанлаттирдилар. Кейин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  Усома ибн Зайд, Абу Айюб Ансорий, Умар ибн Хаттоб ва бир қора ёш ўсмир йигитни чақириб, қабр кавлашни буюрдилар. Улар қабр кавладилар. Лаҳад қисмига етганда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ўз  қўллари билан кавлаб, тупроғини ўз қўллари билан чиқардилар. Қабрни кавлаб бўлгандан сўнг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қабрга кириб ётиб (қабрнинг кенглигини текшириб) кўрдилар. Сўнг: “Аллоҳ – ҳаёт бахшида этадиган ва вафот эттирадиган зотдир. У зот доим барҳаёт, ўлмайди. Онам Фотима бинти Асадни мағфират қилгин. Пайғамбаринг ва мендан олдинги пайғамбарлар ҳаққи ҳурмати, (қабрдаги савол-жавобда) ҳужжатини унга  талқин қилдиргин ва қабрини кенг қилгин! Албатта Сен раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлироғисан!” деб дуо қилдилар. Сўнг тўрт такбирли жаноза намозини ўқидилар. Уни қабрга у зотнинг ўзлари, Аббос ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу таоло анҳумлар қўйишди.

Қуйидаги хабарда ҳам машҳур саҳоба томонидан жамоат намозига келадиган мусулмонларни васила қилиб дуо қилишни ўргатганини кўрамиз:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَخْرُجُ إِلَى الصَّلَاةِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِحَقِّ السَّائِلِينَ عَلَيْكَ وَبِحَقِّ مَمْشَايَ فَإِنِّي لَمْ أَخْرُجْ أَشَرًا وَلَا بَطَرًا وَلَا رِيَاءً وَلَا سُمْعَةً خَرَجْتُ اتِّقَاءَ سَخَطِكَ وَابْتِغَاءَ مَرْضَاتِكَ أَسْأَلُكَ أَنْ تُنْقِذَنِي مِنْ النَّارِ وَأَنْ تَغْفِرَ لِي ذُنُوبِي إِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ وَكَّلَ اللَّهُ بِهِ سَبْعِينَ أَلْفَ مَلَكٍ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ وَأَقْبَلَ اللَّهُ عَلَيْهِ بِوَجْهِهِ حَتَّى يَفْرَغَ مِنْ صَلَاتِهِ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У бундай деди: “Ким намозга чиққан вақтда: “Аллоҳим! Мен Сендан сўровчилар ҳаққи ва ўзимнинг юриб келганим ҳаққи сўрайман! Албатта мен на ёмонлик, на кибр, на риё ва на обрў учун намозга чиқдим. Сенинг ғазабингдан қўрқиб, розилигингни истаб чиқдим. Шундай экан, мени дўзахдан қутқармоғингни ва гуноҳларимни мағфират қилмоғингни сўрайман. Чунки гуноҳларни фақат Сен мағфират қиласан”, деб айтса, Аллоҳ таоло етмиш минг фариштани унга истиғфор айтиш учун вакил қилиб қўяди. Аллоҳ у намозидан фориғ бўлгунча, шу дуоси сабабидан унинг дуоларини қабул қилади”.

عن مالك قال : أصاب الناس قحط في زمان عمر بن الخطاب ؛ فجاء رجل إلى قبر النبي صلى الله عليه وسلم فقال : يا رسول الله ، استسق الله لأمتك فإنهم قد هلكوا ؛ فأتاه رسول الله صلى الله عليه وسلم في المنام ؛ فقال: ائت عمر فأقرئه السلام ، وأخبره أنكم مسقون . وقل له : عليك الكيس الكيس . فأتى الرجل عمر ، فأخبره ، فبكى عمر ثم قال : يا رب ما آلو إلا ما عجزت عنه.

Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб даврида одамлар қурғоқчиликка дучор бўлди. Шунда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдига келиб: “Эй Расулуллоҳ! Умматингиз учун Аллоҳдан ёмғир сўранг, улар ҳалок бўлишга яқин қолдилар-ку!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тушига кирдилар. У зот: “Умарнинг олдига боргин ва (мендан) салом айтгин ва сизларга сув берилганини айт. Ва унга: Ўзингга зийракликни лозим тутгин!  Ўзингга зийракликни лозим тутгин!” деб айтгин. Шунда у киши Умарнинг олдига келиб, кўрган тушини айтиб берди. Умар йиғлаб: “Ё Раббий, улар мен қила олмаган нарсага эришдилар”, деди.

Замонамиз уламоси таниқли шайх Рамазон Бутий бир маърузасида салафийлик оқими ва уларга эргашишнинг хатарли оқибатларидан огоҳлантириб  бундай деганлар:

Мен яхши  эслайман ва эҳтимол барчангиз ҳам яхши эслайсиз. Бугун биз гувоҳи бўлаётган бу фитна уруғлари экилган кун. Унинг уруғлари мусулмонларни куфрга чиқаришни ўзида мужассам этган,  мусулмонларнинг кофирлиги ва уларнинг қонларини (ўлдиришни) ҳалол дейдиган салафийларнинг сўзлари китоблар шаклида ер шарқи ва ғарбида текин тарқатилган кун. Биз эса: Эй одамлар, булар фитна уруғларидир, агар бу уруғлар ўстирилса, ундан фақат тўнғизлар семиради,  деган эдик.

Улар Расулуллоҳ айтган  бу огоҳлантиришни эшитиб туриб ҳам ўзлари ҳам огоҳ бўлмади,  умматни ҳам  огоҳ этмадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган бу фитна ҳақ  билан қоришиб яқин кунларда бу уммат ичида портлайди,  лекин бу уруғларни тарқатганлар ва ёрдам берганлар бундан мустаснодир. Шубҳасиз,  Уларнинг бу китобларини нашр эттириб уммат ичида тарқатилишини  қўллаб-қувватловчи кучлар бор эди. Биродарлар, фитна дарвозаси очилиб, душман бу дарвозадан ичкарига ўтиб кетди.

Мана, бугун ўша уруғларнинг ҳосилини кўраяпсиз.  Динимизда бизга бостириб келмаган душманларни ўлдириш мумкин эмас, лекин улар  ҳар куни ўнлаб-юзлаб мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санашмоқда.  Эй мўмин мусулмонлар! Бу эшик  душман бизга яширинча кирадиган эшикдир.

 Мен эса кечаги кун мисолида аввалги маърузаларимда огоҳлантирган эдим. Ер юзининг ғарбу шарқида тарқатилган уларнинг бу китобларида Ислом таърифларини ҳам, ислом меросидаги мусулмон уламоларининг сўзларидан ҳам бирорта нарса тополмайсиз.

Аксинча,  у китобларда энг арзимас, энг оддий сабабларга кўра мусулмонларни кофирга чиқариш бор. Биз биламиз, бу китобларнинг нашр этилиши ортида дин душманлари турганига ишора қилувчи далил-ҳужжатлар бор. Фитна алангаси янада авж олди, уруш- жанжал бўлиши мумкин ва бу низо баҳонасида душман фитна ўчоғига кириб, хоҳлаганини  қилади.

Қачонки бу фитна кенг тарқалса, бизларга ўхшаб соқол қўйиб, кийимлари ва сўзлари билан ўзини ислом қиёфасида кўрсатаётган сионист кофирлар ва уларнинг қўғирчоқлари орамизга кириб келади. Уларнинг мақсади фақат бу фитнани кўпроқ қўзғатиш ва қачон ўчай деб қолган вақти келганда, унинг оловини яна кучайтиришдир.

Рашидбек домла Эрназаров

Боғот тумани бош-имом хатиби

 

[1] Моида, 35-оят.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *