ЁШЛАРИМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИДА БЎШЛИҚ БЎЛМАСИН

Ҳозирги кунда ёшларимиз онгига ҳар хил ёт ғоялар сингиб, уларнинг ақлий фаолиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Ёшларнинг ўз маданияти, урф-одатлари, қадриятларидан воз кечиши ва маънавиятининг сустлашиб бориши глобаллашув жараёнининг бевосита таъсири ҳисобланади.
Глобаллашув ёшлар онгига турфа кўринишлар орқали сингиб келмоқда. Биламизки, ХХI аср – ахборот ва технологиялар асри ҳисобланади. Бугунги кунда интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар нарсанинг бир манфаати бўлиш билан бирга зарари ҳам бўлиши табиий. Жумладан, интернет ҳам айрим манфур кимсалар учун “қурол” вазифасини бажармоқда. Мана шу қурол орқали маънавиятимиз ҳамда миллий қадриятларимизга ўз  таъсирини ўтказмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан маънавий таҳдидни юзага келтиршга сабаб бўлмоқда. Ушбу иллат инсон эркинлиги, уни ўзига ғоявий қарам қилиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган бўлиб, у жозибали шиорлар ва ғоялар остида яширинган бўлади, албатта. Диний ва миллий ришта-ю қадриятлар томирига болта уради, ёшларнинг қалбини ва онгини эгаллашга, уларнинг дунёқарашига зарарли тушунчаларни сингдиришга ҳаракат қилади, охир-оқибат мамлакат хавфсизлиги ва миллий манфаатларга таҳдид солиб, жамиятни инқироз кўчасига олиб келади.
Ҳозирги кунда  интернет овчилари қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун ёш, ҳали маънавияти тўла қонли шаклланмаган ва ғўр ўғил-қизларни ўз қармоқларига ҳеч қийинчиликсиз илинтирмоқдалар. Бунинг сабаби нима?! Нима учун ёшларимиз бундай ёт ғояларга ишонувчан? Нима сабабдан ҳозирги кунда интернет ёшларнинг овунчоқ масканига айланди?! Буларнинг асосий сабабларидан бири, уларнинг маънавияти сустлиги ва дангасалигидандир. Маънавиятнинг сустлиги эса, китобхонликдан четда бўлиш, тарбиясизлик, келажакка бефарқлик, ялқовлик, лоқайдлик ва шу каби салбий тушунчалар орқали юзага келади. Яна бир мисолга эътибор қаратадиган бўлсак, оилаларимизда фарзандга эътиборнинг йўқлиги ҳисобланади. Ўсмир ёшдаги болалар эътиборталаб, қизиқувчан, тез-тез фикрини ўзгартирувчи, қайсар бўлиб қолади. Бу даврда ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни ўз йўлини топиб кетади дейишнинг оқибати яхши эмаслиги барчага маълум. Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги туфайли фарзанд меҳрни бошқалардан излай бошлайди. Бунинг натижасида интернет овчиларининг қўлига тушиб қолади. Қаерда бепарволик ва лоқайдликлик ҳукм сурса, шубҳасиз, ўша жой парокандаликка юз тутади. Лоқайд одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади” дея таъкидлаган. Чунки ота-оналар фарзандларини ҳаддан ортиқ эркалатяпти, “сояи давлатимизда яйраб юрсин” дея уларнинг ҳамма хоҳиш-истагини бажаришга интиляпти. Жиноят кўчасига ёки эътиқод овчиларининг тўрига илиниб, навқирон ёшлигини шундай енгил-елпи, ҳавойи тарзда бошлаган фарзанд келгусида мудҳишроқ ҳодисаларни келтириб чиқармаслиги, ҳатто ўз умрига зомин бўлмаслиги ёки маишат гирдобига тушмаслигига ким кафолат беради? Ахир ўзгалар ҳаётини заҳарлаш эвазига чўнтак қаппайтираётган гиёҳвандфурушларга ана шундай пулдор, ота-оналари талтайтириб қўйган “харидор-мижоз”лар керак-ку! Улар бундай эркатойларни гирдобга тортиш, қўлдан чиқариб юбормаслик учун турли ҳийла-найрангларни қўллаши сир эмас.
Фарзанди тарбиясида тузатилмас хатога йўл қўйган, охир-оқибат афсус-надоматдан ёқа йиртаётган ота-оналар орамизда йўқми? Ёки бунинг акси ўлароқ, фарзандининг илм олиши, меҳнатда чиниқиши, енгил-елпи давраларга қадам қўймаслиги йўлида қайғураётган, эртани ўйлаб фаҳм-фаросат билан иш тутаётган ота-оналар камми? Бундай тарбиядан бутун жамият манфаатдор. Бой-бадавлат ота-оналари яратиб бераётган шарт-шароитдан унумли фойдаланиб, ота-она ишончини суистеъмол қилмайдиган, одоб чегарасидан чиқмайдиган, бор имкониятдан камолотга эришиш йўлида фойдаланаётган ёшлар ҳам истаганча топилади. Қанийди ҳамма ёшлар шундай тарбия олса? Қанийди ҳар бир ота-она фарзанди келажаги учун тўғри йўлни кўрсатиб беролса…
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнинг бундай салбий ҳолатларга қарши қуролимиз глобаллашувнинг маънавиятга салбий таъсирини бартараф этиш, ғоялар кураши даврида ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, миллий-маънавий қадриятларимизни улар онгига сингдириш, жамият  асоси бўлмиш оилаларда соғлом муҳитни  шакллантиришдир. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.

Раҳимов Аминбой
Хазорасп тумани Сулаймон Боқирғоний масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *