ИЧКИЛИК ИЛЛАТИ ИНСОННИ НОБУД ҚИЛАДИ

Ичкиликнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ва нобуд қиладиган иллатлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё халқлари ҳам яхши билади.
Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса шу жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилалар бузилгани қанча, ака- укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўринишларнинг ҳисобига етиб бўлмайди.
Аллоҳ таола ичкилик тўғрисида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
«Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда булинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» дейилган.(«Моида» сураси, 90 оят).
Ушбу оятда Аллоҳ ичкилик билан қиморни ифлос нарса, шайтоннинг ишларидан дейди. Ифлос нарса; бу—ёмонларнинг ёмони, ниҳоятда ярамас нарса, дегани. Чунки, бу икки нарсадан жуда кўплаб ёмонликлар ва фасодлар келиб чиқади. Энди, аксини олсак, икковига яқин бўлишлик икки дунёда номуссизликка ва муваффақиятсизликка сабаб бўлади.
Ичкиликнинг зарарларини санаб охирига етказиб булмайди. Ичклик кишини виждонсиз, уятсиз қилиб қўяди. Жамиятга виждонсизлик ва уятсизликдан кўпроқ зарар келтирадиган нарса бўлмаса керак. Чунки, ичкиликка берилган киши ахлоқ-одобга эътибор бермай қўяди ва барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Ҳозирги кунда кўплаб зино ва оилавий хиёнатлар ичкилик туфайли бўлмоқда. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетмоқда. Кўпгина тўполонлар, тартибсизликлар, одам ўлдириш ва шунга ўхшаш турли жиноятлар ичкилик, туфайлидир. Ичкиликнинг ижтимоий зарарларининг ҳам сон-саноғи йўқ. Ичкилик, туфайли дўстлар душманга айланмокда, жамият турли соҳаларда ичкиликдан чексиз зарар кўрмокда. Хозирги кунда бу оддий ҳақиқат бўлиб, ҳар бир инсонга равшан. Юқорида айтилганидек, ичкилик кишини Аллоҳнинг зикридан ва намоздан ҳам тўсади. Шунинг учун ҳам, Ислом бундан 15 аср муқаддам ичкиликни батамом ҳаром қилди ва уни ичувчиларга уқубатлар белгилади.
Бу борада ҳадиси шарифда шундай дейилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги «хамр»дан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди. Эркак:
«Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди.
Аёл унга ичирди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар», деди.
Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.
Бас, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасам- ки, албатта, у абадул абад иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди».
Ҳадисдаги бу тақводор киши аёлдан бу шартларни эшитиб уйланиб қолади. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг: умуман иложи йўқ,.
Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичсам кейин, тавба қилсам, кечирилиб кетар деб бир қадаҳ хамр ичади. Бир қадаҳ ичгандан кейин яна ичгиси келиб қолиб, ўзини билмайдиган даражада ичиб аёл билан зино ҳам қилади ғуломни ҳам ўлдиради.
Ичкиликнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан таъсирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло ичкиликка мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларни ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *