МУБОРАК САФАР ОЗУҚАСИ

 

Муборак сафар деганда, мўмин-мусулмон инсоннинг хаёлига аввало ҳаж ибодати келади. Чунки мана шу муборак сафар давомида аввало Аллоҳнинг уйини, Аллоҳнинг севикли пайғамбари Муҳаммад (сав)нинг қабрларини ва бошқа муборак жойларни зиёрат қилади. Энди мана шу муборак сафарнинг шартлари ва одоблари бор. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақидаги оятда шундай дейилган: яъни:
“…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…”. Ушбу ояти карима ила хаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, хаж ибодати хаммага хам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлини топганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар-соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, махрами бор шахслардир. Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўла туриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам, оятнинг охирида: «Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан бехожатдир», дейиляпти. Яъни, кимки имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмаса, Аллоҳга бунинг зарари йўқ. Чунки, У-бутун оламларга, жами борлиқда ва умуман, ҳеч кимга хожати йўқ Зот. Бинобарин, ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам бехожатдир. Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким ҳажга қодир бўлсаю, ҳаж қилмаса, ҳоҳласа яҳудий бўлиб ўлсин, ҳоҳласа насроний бўлиб ўлсин», дейилган. Ҳаж ибодати Ислом арконларининг бешинчиси, яъни энг сўнгиси бўлиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳаж амалларини бажаришни истаган киши аввалги арконларни ҳам адо этиб келаётган, ўзининг гўзал хулқу одоби билан атрофдагиларга намуна бўладиган, қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган инсон бўлиши лозим. Яна Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Бақара 197
(Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яxши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!”, — деб марҳамат қилинган. Шу билан бирга, ҳажга кетаётган одамга ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олиш тавсия қилинади ва руҳий озуқа муҳим эканлиги таъкидланади: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир». Демак, ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Расули акрам (сав) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки: яъни:
“Кимики ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”. Муборак ҳаж сафарини ният қилган азиз юртдошларимиз сафар одобларига риоя қилишлари айни муддаодир: Ҳажга отланган ҳожи барча сафар харажатларига сарфлайдиган маблағни ҳалол йўлда топган бўлиши, Сафардан мурод Аллоҳ розилигини ният қилиши, риё, ном чиқариш каби қусурлардан узоқда бўлиши лозим. Ҳаж ва Умранинг фарз, вожиб ва суннатларини қандай адо этишликни яхши билиб олиши керак. Бўлажак ҳожи барча айбу-нуқсонларига тавба-тазарру қилиш лозим. Ғийбат, билмаган нарсасини гапириш, атрофдагиларга қўполлик қилиш, ҳаж ва умрани адо этаётганларни қийин аҳволга солиб қўйиш кабилардан эҳтиёт бўлиши шарт. Ўзаро раҳм-шафқатли, ҳаммага меҳрибон, сабрли ва яхши муомалада бўлиши керак. Сафар асносида яхши ва илмли кишилар билан бирга йўлдош бўлиши, билмаган нарсаларини улардан сўраб билиб бориши, ҳажга доир дуоларни ўқиб ёки ёдлаб олиши яхши амал бўлиб ҳисобланади. Ҳажга кетаётган инсон қайсидир бир оиланинг аъзоси, қайсидир бир қишлоқ ёки шаҳарнинг аҳли, маълум бир мамлакатнинг фуқароси сифатида боради. Ҳаж амалларини бажариш жараёнида ибодат ва юриш туришда ўзини тутиши билан ва амалларини тўлиқ адо этиши билан ўз юртининг обрў эътибори зиёда бўлишига ҳисса қўшган бўлади.
Шу муборак ҳожи деган улуғ номга муносиб бўлган ҳолда имон эътиқодли, меҳр-мурувватли, силаи раҳмли, хайру саховатли бўлган ҳолда қолган ҳаётини хайрли ва савобли ишларга бахшида этиб яшамоқлиги лозим бўлади. Катта харажатлар сарфлаб, қанча навбат кутиб, шунча узоқ жойга Аллоҳ розилигини топаман деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларнинг қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар, дўкон айланишлар, қуруқ сафсаталар билан ўтказиб юборишади.
Ҳаж зиѐратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиши керак бўлади. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр, истиғфорлар айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби мақтовга лойиқ ишларни қилишлари зарур. Яна шу нарсани ҳам доимо ёдда тутишиш лозимки, бу муборак сафарнинг бандасига қачон насиб этиши Ҳақ таолонинг иродасига боғлиқ ишдир. Ўзи чақирган бўлса, ҳамма йўллар ўз-ўзидан очилиб кетаверади. Аммо чақирмаган бўлса, бандасининг хоҳлагани эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши бўлади.
Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизни ҳаж ибодатини соғ саломат адо этиб, юртимизга қайтиб келишга муваффақ айласин! Омин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *