ТОТУВЛИК ЎЗАРО ҲУРМАТДАН БОШЛАНАДИ

Халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришининг муҳим омилларидан бири, бу ўзаро ҳурмат каби улуғ фазилатларни ўзида мужассам қилишидир. Динимизда катталарга ҳурмат-кичикларга иззатли бўлиш ҳам муҳим амаллардан эканлиги таъкидланади.
Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб аҳил ва иноқ бўлиб яшашни таъминлайди. Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари, жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши ўзаро ҳурмат натижасидир. Шунингдек бош қомусимизда, мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг ҳамда ўзаро ҳурматнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу ҳам, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марҳум юртбошимиз эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”, деган эдилар. Албатта тинчлик ва осайишталик бу инсониятга берилган энг олий неъмат бўлиб инсон уни қадрига етмоғи ва шу тинчлик осайишталикни асраб авйлаш мақсадида доимо саъйу ҳаракатда бўлмоғи керак.
Ҳар қандай кўп миллатли мамлакатнинг муваффақиятли ривожланиши ижтимоий барқарорлик, иқтисодий-сиёсий асослар ҳамда ахлоқий (ўзаро ҳурмат) каби мезонлар билан бир қаторда кўп жиҳатдан мамлакатдаги этник бирликлар ва диний конфессиялар ўртасида тотувлик ҳамда мустаҳкам тинчликка боғлиқ. Кўп миллатли давлатдаги миллий хавфсизликни шаклланишида миллатлараро толерантлик (бағрикенглик) ва ўзаро ҳурматда бўлиш муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки жамиятни тинчлик осайишталиги униинг тараққий этиб ривожланишида фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, уларнинг ўзаро бир-бирларига ҳурматли бўлишларининг ўрни беқиёсдир.

М.Каримов
Урганч туман Ҳазрати Шаҳобиддин бобо масжиди
Имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *