МИССИОНЕРЛАР ТУЗОҒИДАН САҚЛАНИНГ

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ, бизнинг маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи турли хил кучлар пайдо бўлди. Улар ота-боболаримиз минг йиллар давомида эътиқод қилиб келаётган ислом дини қадриятларини камситишга, эътиқоди ҳали мустаҳкам бўлмаган ёшларимизни, шароит тақозаси билан муҳтожликка дуч келган айрим фуқароларимизни (уларга беғараз ёрдам бериш баҳонасида) бегона диний секталарга чорлашга интилувчи кимсалар пайдо бўлди. Бундай кимсалар айрим сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилувчи миссионерлик ташкилотлари вакилларидир.
Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб борувчи миссионерлик ташкилотларидан бугунги кунда республика бўйича фақат битта «Иегов гувоҳлари» черкови – Чирчиқ шаҳрида расмий фаолият олиб бормоқда.
«Иегов гувоҳлари” жамоалари томонидан зўр бериб, миссионерлик даъватини амалга ошириш ҳолатлари учраб турибди. Мутасадди ташкилотлар томондан бундай ҳолатларга барҳам бериш чоралари кўрилмоқда. Масалан, 2008 йилнинг ўзида диний ташкилотнинг Самарқанд ва Қарши шаҳридаги 13 нафар аъзоси маъмурий, 3 нафар аъзоси эса жиноий жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур йўналишга тааллуқли биринчи ташкилот 1985 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган (кейинчалик у марказга айланган).
Бугунги кунда республика бўйича тўлиқ инжилчи христианлар черковлари маркази таркибида жами 21 та диний ташкилот мавжуд. Улар миссионерлик фаолиятини яширин кўринишда амалга оширишади.
Айрим ёшларимиз эса бундай миссионерларнинг алдовларига осонгина учиб, ота-боболарининг анъанавий диний эътиқодидан воз кечиб, соддадил ёшларимизнинг назарида гўёки “замонавийроқ”, “эркинроқ”, “фаолроқ” ва “янгиликларга тарафдор” бўлиб кўринган диний секталарга аъзо бўлмоқдалар.
Баъзи ёшларга миссионерларнинг тарғиботидан кўра, улар ҳадя қиладиган текин овқатлар ва нақд санаб бериладиган АҚШ долларлари кўпроқ ёқади. Буни яхши билган миссионерлар ўз сафларига янги келиб қўшилувчиларга моддий рағбатлантириш тадбирларини янада кучайтиришади. Айрим кимсаларга эса миссионерларнинг “меҳр-муруввати” – ожизлардан кўнгил сўраши, касалларга текин дори-дармон инъом этишлари, ҳар қандай гуноҳни ҳам бир тоат-ибодат билан кечириб юборавериши кўпроқ хуш ёқади.
Сирти ялтироқ ваъдалар ортида имон-эътиқоддан, инсоф-диёнатдан бегоналашиш хавфи ётганлигини ҳамма ҳам чуқур тасаввур эта олмайди.
Миссионерлик юртимизнинг барқарор ривожланишига, миллий ҳамжиҳатлигимизга, маънавий барқарорлигимизга раҳна солмоқда. Маънавий барқарорлик миллий ўзлигимизни англашимизда, тарихий хотирамизга садоқатимизда, юртимизда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлиликнинг қарор топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Маънавий барқарорликка путур етса, мамлакатда ижтимоий парокандалик бошланади, жамият аъзолари турли-туман бир-бирига қарама-қарши гуруҳларга бўлиниб, улар ғоявий кураш бошлашади, юртда сотқинлик, айғоқчилик, бебурдлик, ношукyрлик авж олади.
Қарама-қарши кучлар ўртасидаги мамлакатни бўлиб олиш мақсадидаги можаролар кучаяди. Айрим кимсалар бундай можароларда енгиб чиқиш учун четдан ёрдам сўрайди ва юртимизнинг ички ишларига аралашувчилар пайдо бўлади. Шу бахонада юртимизга “зарғалдоқ инқилобларни” олиб кирувчилар ҳам ҳаракатга киришади. Бу том маънода фожеали ҳолатдир.
Унинг олдини олиш учун маънавий барқарорлигимизни сақлашимиз, миссионерларнинг алдовларига учмаслигимиз, прозелитизм, ўз динимиздан воз кечиб, бошқа динларга сотилиб кетиш иллатидан сақланишимиз, ота-боболаримизнинг миллий ва диний қадриятларига садоқатимизни асрашимиз лозим бўлади. Юртимиз равнақи учун маънавий барқарорлик, тақдириломон аҳамиятга эгадир.

М.Мадиримов
Хазарасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин”
масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *