АЁЛ – ОИЛА ТАЯНЧИ

Ислом динининг барча илоҳий таълимоти ва йўл йўриқлари ер юзида инсонлар ўртасида ўзаро дўстлик ва биродарлик, бир-бирларига меҳр-шафқат кўрсатиш, хусусан жамиятнинг ажралмас бир томони, яъни оила таянчи, меҳрибон волида ва садоқатли хотин, севикли қиз, азиз опа-сингил, қайнона ва келин бўлган аёл зотига улуғ назар билан қарашга буюради.
Ислом дини кўрсатмаларига холис назар ташлаган киши аёл кишининг иззат-ҳурмати, ҳақ-ҳуқуқи, обрў-эътибори қанчалик юқори савияда муҳофаза қилинганлигининг гувоҳи бўлади. Қуръони каримдаги 176-оятдан иборат мустақил бир суранинг номи “Нисо” яъни, аёллар деб аталиши ва бошқа суралардаги юзлаб оятларда аёллар тўғрисида аҳкомларнинг нозил қилингани илоҳий таълимотда аёлларга берилган беқиёс эътиборнинг ёрқин далили ҳисобланади. Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари: «Жаннат равзаси-ю боғлари оналар оёғи остидадир, лекин равзани кўрмок ва ундан баҳраманд бўлмоқ баҳтига эришмоқни истар бўлсанг, оналар оёғи остида тупроқ бўлишини ихтиёр қил», дейди. Чунки оналар ёмонликни ҳеч кимга раво кўришмайди, улар дунёни тугал ва мукаммал бўлишини хоҳлайдилар. Фарзандларни илмли, доно ва албатта, соғлом вояга етишини, фаравон ҳаётда умргузаронлик қилишини истайдилар.
Болалар бошида алла айтганларида тинч ухла, тинчинг ҳеч қачон бузилмасин, дея ният қиладилар. Демакки ҳар бир гўдак туғилган хонадонда аёллар тинчлик ва хотиржамлик учун айтиладиган энг ёрқин, гўзал ва бетакрор тириклик қўшиғини куйлайдилар. Аёлларимиз моҳир уй бекаси жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги ижтимой ва сиёсий жабҳаларда эркаклар билан тенгма тенг туриб фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни аввало, аёл сифатида, қолаверса фидоий меҳнаткаш сифатида ардоқламоғимиз лозим ишлардандир.

Болтаев Шермуҳаммад
Ҳазорасп тумани Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиб

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *