Дуо — инсоннинг ўз қалбини очиб, Аллоҳга мурожаат қилиши, Ундан ёрдам сўраши, муҳтожлик ва умидларини баён этишидир. Дуо фақатгина инсоннинг ўз хоҳишлари билан чекланмайди, балки у қалбни покловчи, руҳни озод этувчи ва инсонни қувватлантирувчи маънавий қуролдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
«Раббингиз: ‘Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат этаман’, – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибрланганлар хорланган ҳолда жаҳаннамга кирурлар.» (Ғофир сураси, 60-оят)
Ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:
«الدُّعَاءُ مُخُّ الْعِبَادَةِ»
«Дуо – ибодатнинг магзи.» (Термизий ривояти)
Дуонинг кучли жиҳатлари:
Руҳий хотиржамликни таъминлайди
Дуо инсон қалбидаги оғриқлар, ташвишлар ва қўрқувларни енгишга ёрдам беради. Қалбидан келган ихлосли дуо инсонга хотиржамлик бахш этади, чунки у Аллоҳнинг раҳмати ва мададига ишонади. Инсон қалбидаги хавотирлар, беқарорлик ва ғам-андӯҳлар дуо орқали енгиллашади.
Ишонч ва умид беради. Дуо қилиш инсонда келажакка ишонч уйғотади. Инсон Аллоҳдан ёрдам сўраганида, у ёлғиз эмаслигини ҳис қилади. Бу ишонч ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам инсониятни олдинга интилишга ундайди. Дуо инсонга қийинчиликлар ва синовлар олдида сабр ва бардош беради, у Аллоҳнинг ёрдамига умид қилади ва таслим бўлмайди.
Қалбни поклайди. Дуо — қалб ва руҳнинг покланиш воситаси. У инсонни кибр, ҳасад ва нафрат каби манфий ҳис-туйғулардан ҳимоя қилади. Дуода инсон ўз хатоларини тан олади ва Аллоҳдан мағфират сўрайди, бу эса руҳий енгилликка олиб келади. Қалбдан чиққан дуо инсонни маънавий жиҳатдан мустаҳкам қилади, уни маъсият ва ёмон одатлардан тозалайди. Иродани мустаҳкамлайди
Дуо қилган инсон қалбидан: «Мен Аллоҳ биланман, У менга ёрдам беради», — деган қатъий ишончни топади. Бу иродани мустаҳкамлайди, инсон қийинчиликлардан чўчимасдан, юксак мақсад сари ҳаракат қилади. Дуо инсоннинг руҳий қувватини оширади ва қийин синовлар олдида юракли бўлишга чорлайди.
Мувофаққият ва ҳимоя сўрайди. Дуо орқали инсон ўзининг муваффақиятли бўлиши ва балолардан ҳимоя қилинишини Аллоҳдан сўрайди. Дуо — тафаккур ва ҳаракатнинг бир қисмидир. Фақат дуо қилиш кифоя эмас, лекин унсиз ҳам инсон руҳий жиҳатдан заифлашади. Инсон ҳаракат қилиши, меҳнат қилиши ва шу билан бирга, Аллоҳдан барака ва муваффақият сўраши лозим.
Дуо қилиш одоблари:
Ихлос билан, қалбдан чиқиб, Аллоҳга мурожаат қилиш.
Ҳар бир дуо охирида Аллоҳга ҳамд айтиш ва Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавот йўллаш.
Қалбда ҳеч қандай шубҳа қолдирмасдан, дуонинг қабул бўлишига ишонч ҳосил қилиш.
Фақатгина шахсий манфаат эмас, балки ота-онангиз, дўстларингиз ва бутун уммат учун ҳам дуо қилиш.
Дуони тинч ва хотиржам ҳолда, шошилмасдан, Аллоҳнинг марҳамати ва раҳматига тўлиқ ишонч билан қилиш.
Дуо пайтида Аллоҳнинг гўзал исмлари — Асмоул Ҳусноларни тилга олиш, чунки бу дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўлади.
Хулоса. Дуо — инсоннинг руҳий мадад манбаи. У инсоннинг Аллоҳ билан алоқасини мустаҳкамлайди, қалбни поклайди ва келажакка ишонч бағишлайди. Дуо инсоннинг ич-ичидан келган ихлосли сўзи бўлиб, у ҳаракат ва ирода билан қўшилганда, албатта, ижобат бўлади. Дуо инсоннинг руҳий ҳолатини тетиклаштиради, иродасини чиниқтиради ва унинг қалбига тинчлик олиб киради.
Шундай экан, қалбдан чиққан, самимий дуолар қилинг — чунки дуо қалбингизни мустаҳкамлайди ва руҳингизни озод этади.
З.Саиджонов
Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом ноиби