ИСРОФ — НЕЪМАТГА НОШУКУРЛИКДИР

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.
Яна: “Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.
Берилган неъматни оёқости қилиш, шукрона келтирмаслик исроф дейилиб, у динимизда қаттиқ қораланган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Исрофгарчилик ёмон иллат эканлиги ҳақида уламоларимиз ҳам ўзларининг фикр мулохазаларини билдирганлар. Ҳазрат Навоий бобомиз дейдиларки: “Исроф сахо эмас ва итлоф (йўқотиш, барбод қилиш)ни маъно аҳли сахо демас. Яъниким, исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шам ёққанни ақлдан бегона дерлар”.
Худо молиға қилмоқ исроф не?
Жунун аҳлидек мунча итлоф не?
Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, муътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани, айниқса ачинарли ҳолат.
Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади.
Бошқалардан ортда қолмаслик учун деярли янги уйларни бузиб, ўрнига бошқасини қуряпмиз. Албатта, қурби етса бу тўқчиликдандир, лекин мен сендан қолмайман қабилида иш тутиб, қарзга ботиб, ризқни кесиб иш юритиш бу инсофдан эмас, исрофдир.
Энг ачинарлиси, одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлиб қолишди. Буни эса болалармизга салбий таъсир қилишини сезмай қолаяпмиз. Болаларимиз катталардан ўрнак олиб, неъматнинг қадрини билмайдиган, нарсаларини бўлар-бўлмасга ташлаб юборадиган ҳолга келишди. Улар китоб-дафтарларини, ўйинчоқларини, кийим-бошини авайламайдиган, ота-оналари машаққат билан топган пул ва мулкини тежамайдиган бўлиб қолаяптилар.
Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.
«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай таълим беради: “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.
“Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этайлик. Эртага бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида сўраламиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:  «Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8). Битта фарзандини тўйи учун ҳеч қандай маънисиз қанчадан қанча маблағларни совураётганлар  қиёмат кунида нима деб жавоб берадилар?!
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда собитқадам айлаб, исрофгарчилик ва дабдабабозликдан қочиб хайрли ишларда бардавом бўлишимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Х. Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *