ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ ОФАТЛАРИ

Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар барчамизни ташвишга солади.
Бугун ёшларимиз ўзига хос “ахборотла тўқнашуви” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. У қора юзига оқ ниқоб тақиб олиб, қора ниятларини амалга оширмоқда. Оммавий маданиятнинг пайдо бўлиши ва ривожлана бошлаши XIX аср охири ва XX аср бошларига тўғри келади. “Оммавий маданият” анъанавий маданиятнинг маълум йўналиши сифатида эмас, балки маданиятдаги сифат ўзгариши, ҳаёт тақозаси асосида юз берди. Оммавий ахборот ва коммуникация (радио, кино, телевидение, кўп нусхали газеталар, суратли журналлар, интернет) воситаларининг кескин ривожи ва тарқатилиши бунга сабаб бўлди.
Оммавий маданият барча одамларга қаратилган бўлиб, муттасил равишда кундалик ҳаёт учун ишлаб чиқилади ва оммавий муомала воситалари фаолиятида ёрқин намоён бўлади. Глобаллашув жараёнининг ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий сабаби эса, бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан чамбарчас боғланиб бораётганидадир. Бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмайди. Бу борада ҳинд халқининг давлат арбоби Махатма Гандига “Глобаллашув жараёнига қандай қарайсиз?” деган саволни беришганда, у шундай маънода жавоб берган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво ҳам керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан, деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки уйимни чанг-тўзон босиб кетишини ҳам хоҳламайман”. Демак, биз ўша кириб келаётган воситаларга фильтр, иммунитет ўрнатишимиз керак. Шундай экан, маданият билан “оммавий маданият”нинг фарқига боришимиз ҳамда “оммавий маданият”нинг аянчли оқибатларининг олдини олиш учун курашишимиз лозим. Маълум бўлишича, “оммавий маданият” асосан замонамиз вакилларининг янги-янги “мода”лари асосида бойиб боради. Гўёки ким ўша “мода”га амал қилса, у маданиятли деб топилади. Ҳамма оммавий равишда ана шу мода асосида яшаши керак бўлади. Акс ҳолда у замондан орқада қолган – маданиятсиз деб ҳисобланади. Чунки у бугуннинг модасини билмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “оммавий маданият” бу – оммавий “мода” ният, яъни янгича модани ният қилиш, унга эришиш ва уни оммавийлаштириш демакдир. Мода эса кимнингдир фойдасини кўзлаган ҳолда оммавийлаштирилади. Унинг натижасида эса инсон саломатлигига зарар етади. Бундан ташқари, кўриб турганингиздек, “оммавий маданият” ахлоқсизликни тарғиб қилмоқда ва уни одамларга маданият деб ўргатмоқда. Бу замонавий маънавий таҳдид нафақат ахлоқий бузуқликни, балки зўравонлик, индивидуализм ва эгоцентризмни ҳам кенг оммалашишига хизмат қилмоқда. Чунки “оммавий маданият” маънавий тубан одам кимгадир сўзсиз бўйсунишига ишонади-да. Хуллас, “оммавий маданият”нинг мақсадларидан бири – одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, бир-бирини ва шу билан бирга, ўзини ўзи ўлдиришигача олиб бориш. Натижада эса унинг тарқатувчилари дунё ва ундаги бойликларга ягона ҳукмрон бўлиб қолишни хоҳлайдилар.

 

А.Раҳимов
Хазорасп тумани Сулаймон Боқирғоний масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *