БУЗУҚЛИК ЎЧОҚЛАРИ

Оломонча маданият – енгил-елпи ҳаёт ва тизгинсиз нафс исканжаси, ахлоқсизликни намойиш этувчи фильмлар, мусиқа ва клиплар, интернет орқали тарқалаётган турли шов-шувли маълумотлар кўпчиликнинг осуда ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатиб, жамиятда беқарор ҳолатларни чиқараётгани сир эмас. Интернет тармоғи орқали борган сари кенг тарғиб этилаётган умуминсоний қадриятларга зид иллатлар ва ахлоқ меъёрларига бутунлай қарши бўлган фильмлар ёшларимиз онгига салбий таъсир кўрсатиб, улардаги инсоний фазилатларнинг емирилишига олиб келмоқда.
Юртимизга оломонча маданият асосан интернет тармоғи орқали кириб келаяпти. Бу ҳол одоб-ахлоқ, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат пасайиши каби кўплаб нохушликларни келтириб чиқаряпти. Ёшларнинг ҳаёсизларча кийиниши, таналарига расм чиздириши, қулоқ ва бурунларини тешиб, «зирак” тақиб олишлари, қиз болаларнинг ўғил болаларга ўхшаб кийиниши каби «мода” унсурлари айнан интернет орқали ёйилаётгани аниқ. Интернетдаги ғоявий тузоқлар гўё маданиятга ўхшаши ва ёшларга мойдек ёқиши билан ҳам хатарлидир. Инсоний ахлоққа терс оломонча маданият айрим ёшлар онгига чанг солиб, маънавият кушандасига айланмоқда. Ачинарлиси, мазкур «маданият” таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди. Глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрсиз” қабул қилиш оқибатида ёшлар онги заҳарланмоқда.
Масалан, бирор керакли маълумотни олиш мақсадида сайтга кирган ёшларнинг «фалончи машҳур шахс ҳалокатга учради” каби шов-шувли эълонга кўзи тушади ва беихтиёр уни очади. У ерда эса яна бир сайт очилади ва унда алдамчи хабарларнинг давомини ўқийди. Шу тариқа ғўр ёшлар ғаламисларнинг тузоғига илинади. Бундай жирканч «маданият” таъсирига берилган ўсмир лоқайд, ҳаётга енгил-елпи қарайдиган, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб улғаяди. Шунингдек, оломонча маданият тузоғига илинган болалар инсон истаган ишини қилавериши мумкин, деб билади, яъни ўтакетган манқуртга айланиб қолади. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар кишилар орасида тез оммалашиб бормоқда. Айниқса ёшларнинг кўпи «odnoklassniki.ru”, «Facebook.com”, «v.kontakte”, «Мой мир”, «Тwitter” каби сайтлардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай восита. Ўтган йиллар давомида ушбу сайтлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда ушбу сайитлар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар сайтга мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Минг афсус, ижтимоий тармоқлар ҳам бузғунчи кучлар қўлида жуда хатарли воситага айланишини ҳаётнинг ўзи кўрсатяпти. Мазкур тармоқларнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Жамиятшунос Шерри Теркл «Биргададаги ёлғизлик” номли китобида: «Ижтимоий тармоқдаги суҳбатлар барча инсонийликни йўқ қилаётган аҳмоқликнинг янги шаклидир”, дея таъкидлайди. Ҳақиқатан, одамларнинг ижтимоий тармоқларда шиддат билан суҳбатдош излаши замонамиз авлодига хос аҳмоқликнинг янги туридан бошқа нарса эмас. Ижтимоий тармоқларнинг жамият барқарорлигига солаётган энг катта таҳдидларидан яна бири улардаги мулоқотлар сабабли кўплаб тинч-тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганидир. Барчамизга маълум, бугунги кунда андроид тизимида ишловчи смартфонлар тобора кўпайиб бормоқда.
Ҳатто кўплаб мактаб ўқувчиларида ҳам шундай қиммат аппаратларни кўриш мумкин. Бу смартфонларни олган ҳар қандай одам интернет, айниқса, ижтимоий тармоқларга ахборот қидириш учун кириши тайин. Интернет ёрдамида куннинг исталган вақтида онлайн алоқа ўрнатиш мумкин. Устига-устак, ундан фойдаланувчилар кун эмас, соат сайин ортиб бормоқда. Ҳозир мавжуд бўлган ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдиган одам деярли қолмади ҳисоб. Қанча маблағ, вақт ва ҳис-туйғулар манашу бутунжаҳон «ўргимчак тўри”га ўралашиб, беҳуда сарф бўляпти. Ёшларнинг бўш вақтларини ижти-моий тармоқларда ўтириш билан ўтказиши катта хатодир. Чунки ҳеч нарса жонли, ҳақиқий ва реал мулоқотлар ўрнини боса олмайди. Ижтимоий тармоқдаги фаоллик инсон маънавиятида деярли ҳеч нарсани белгиламайди. Аслида инсон реал ҳаёт билан виртуал ҳаётни фарқлай билиши лозим.

М.Қаландаров
Ҳазорасп тумани “Сайид боғдод” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *