Оилавий тинчлик, хотиржамликка эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр-муҳаббат орқали эришилади. Кейинги йилларда оила деган муқаддас қўрғонни қадрига етмайдиган, фарзандларнинг тўлақонли бахтли бўлишлари масъулиятини ҳис қилмайдиган, оғизларидан чиқаётган сўзнинг нақадар оғир сўз эканлигини билмай туриб аёлига шаръий жавоб бериб юборадиган эркаклар, ҳамма нарсадан ўзининг эркинлигини устун қўядиган аёллар сони шитоб билан кўпайиб бормоқда. Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиқмоқда.
Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим, оналарни тул қилмасликка жиддий эътибор қаратиляпти.Маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар сони кескин камаймаяпти. Шу ўринда бир савол туғилади: Хўш, нега ажримлар, оилада низоли ҳолатлар вужудга келяпти? Оқибатлари ўрганилганда, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашади. Тан олиш керак, оилаларнинг бузилиб кетишига қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви, ачинарлиси, жаҳл устида айтилган биргина аччиқ гап ҳам сабаб бўлмоқда.
Яқинда хизмат вазифамиз тақозаси билан муаммоли оилага ташриф буюриб, аёлнинг ўз эридан жавобини сўраб турганининг устидан чиқдик. Норасидаларни тирик етим қилманг деган гапимизга, сиз хавотир олманг, болаларим етимлик нималигини билмай ўсади. Давлатимиз уй жой беради, иш билан таъминлайди, қолаверса маҳалла бор, ҳомийлар бор, хор бўлмаймиз, деган жавобни эшитдик.
Минг афсуски, давлатимизнинг, Президентимизнинг фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган аёлларга кўрсатаётган ғамхўрликлари, берилаётган имтиёзлари оилавий турмушга енгил елпи қарайдиган, оила деган муқаддас қўрғонни, фарзанд деган буюк неъматни қадрига етмайдиган, луғатидан сабр сўзини ўчириб ташлаган аёллар томонидан жуда қаттиқ суъистеъмол қилинмоқда. Эркаклар эса кўп ҳолларда жиловини аёллар қўлига бериб қўйиб, оила бошлиғи эканликларини, қўл остидаги ҳар бир оила аъзосига масъул эканликларини унутиб қўймоқдалар.
Икки-уч болали ота ва оналарнинг “Характеримиз тўғри келмади” деган важ-баҳона билан ажрашиш ҳақида қарор қабул қилишаётгани, вояга етмаган фарзандларининг келгусидаги тақдирини ўйлаб ҳам кўришмаётгани, ҳаётнинг кичик бир зарбасидан гангиб қолиб, зиммасидаги юксак масъулиятни унутишаётгани қалбларни ларзага солади. Мана шундай вазиятларда азал-азалдан оила кексалари, маҳалла нуронийлари томонидан учқуннинг аланга олмаслиги чоралари кўрилган. Яъни ёшларга панд-насиҳатлар, ибратли воқеалар сўзлаб берилган. Ўйланмай ташланган қадамларнинг оғир оқибатлари ва асоратлари ҳақида огоҳлантирилган. Хўш, бугун-чи? Ё ёшлар кекса ота-оналари, маҳалла оқсоқоллари гапларига қулоқ солишмаяпти ёки ҳаётий тажрибаси бой нуронийларимиз ёшларга панд-насиҳатлар қилишни унутиб қўйишган. Ҳар бир оилавий ажримга жамиятнинг катта фожиаси сифатида қараладиган фурсат етиб келди. Ҳар бир инсоннинг оилавий бахт топишга, ҳаётини тинчлик-тотувликда кечиришга ҳаққи бор.
Ғ.Қурбонов
Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом ноиби