Бугун, Хоразм вилоятидан жорий йилги Ҳаж мавсумининг илк зиёратчилари Саудия Арабистонига йўл олишди. Урганч халқаро аэропортида бўлажак ҳожиларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Зиёратчиларни кузатиш маросимида Хоразм вилоят бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Расулбек Собитов иштирок этдилар. Улар ўз нутқида зиёратчиларни ушбу улуғ сафар билан муборакбод этиб, уларга соғ-саломат бориб келишларини тилади. Давлатимиз томонидан мўмин-мусулмонларнинг ибодатларини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида маънавий муҳит ўзгача шукуҳ касб этди. Вилоят бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бўлажак ҳожиларнинг ҳақига дуо қилиб, ушбу сафарнинг одоблари ва фазилатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Дуо-фотиҳаларда юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик ва зиёратчиларнинг ибодатлари қабул бўлиши сўралди.
Хоразмлик зиёратчилар учун сафар давомида юқори даражадаги хизматлар кўрсатиш режалаштирилган. Улар Саудия Арабистонининг муқаддас шаҳарларида замонавий меҳмонхоналар, тиббий ёрдам ва малакали гуруҳ раҳбарлари билан таъминланади.
Бугун жўнаб кетган гуруҳ вилоятимизнинг турли туманларидан йиғилган нуронийлар ва ҳамюртларимиздан иборат бўлиб, улар муқаддас зиёрат амалларини адо этишга шайланмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати