ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ ОФАТЛАРИ

Ҳозирги кунда бутун дунёда глобаллашув жараёнини ҳар томонлама чуқурлашуви ва ахборот технологияларининг такомиллашиб боргани сайин миллий маданият, миллий қадриятлар ва аъзалий анъаналарни сақлаб қолиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Ер юзидаги ахборот алмашинуви мислсиз тезлашган ҳозирги глобализм шароитида, Ғарбдаги айрим «марказлар» бошқа давлатлар ва халқлар ўртасида Ғарб ҳаёти «жозибалари»ни, жумладан, «оммавий маданият» таъсирини имкон қадар кенг ёйишга ҳаракат қилмоқдалар. Ушбу ҳаракатнинг асосий мақсади инсонларни миллий маданиятдан узоқлаштириш, дунёни бир тизимга солиб стандарт ҳолатда, битта оқим бўйлаб ҳаракатланишини таъминлаш ва антимиллий ғояларини осонликча сингдириш, маънавий бегоналашувни юзага келтиришдан иборат. Ушбу ҳаракатларни миллат қадриятларига таъсири жараёнида асосан мамлакат ёшларини (14-30 ёшлилар) онгини заҳарлаш асосий вазифа қилиб олинади.
Бу борада биринчи Президентимиз И.А.Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида “оммавий маданият” ниқоби остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм ва эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган маънавий таҳдидлар одамларни ташвишга солмай қўймайди деган эди. Дарҳақиқат, “оммавий маданият” миллий маданият ва мамлакатимиз келажаги учун раҳна солар экан, ушбу жараёнга бефарқ қараб тура олмаймиз.
Илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилсак, “оммавий маданият” яъни поп-маданият – жамиятда аҳолининг кенг қатламлари орасида ёйилиб, устувор бўлган маданият ҳисобланади. “Оммавий маданият” моҳиятига кўра аҳоли аксарият қисмининг ҳаётини ташкил этган воқеа-ҳодисалар, интилишлар ва эҳтиёжлар билан тўлиб тошган.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, замонавий “оммавий маданият”нинг мақсади инсонларни миллийликдан узоқлаштириш, дунёни бир тизимга солиб стандарт ҳолатда, битта оқим бўйлаб ҳаракатланишини таъминлашдан иборат, бўлиб у макон, ёш, жинс ва миллат танламаслик ҳусусиятига эга.
“Оммавий маданият” таҳдидларининг инсон онгига салбий таъсирларини қуйидагилардан иборат:
—  “Оммавий маданият” инсон онгини реал ҳаётдан узоқлаштиради ва сохта яратилган образларга йўналтиради;
—  Алдовга осон ишонадиган шахсларни пайдо қилади;
—  Инсонни ишлаб чиқарувчига эмас, фақат истеъмолчига айлантиради.
—  Инсонни миллийликка бориб тақалувчи илдизларини кесади ва маънавий жиҳатдан қашшоқлаштиради.

Шунингдек, “оммавий маданият” тарғиботчиларини оилаларга, айниқса ёш оилаларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, ҳар бир миллатнинг, ҳар бир инсоннинг маънавияти ва ўзига хос маданияти шаклланишида оиланинг ўрни беқиёс. Шарқ аёллари ҳеч маҳал оилада етакчиликка даъвогар бўлмаганлар. Бу эса уларнинг оилада ҳеч қандай қадрга эга эмас, деган маънони англатмайди. Аксинча, оиланинг бирор муаммоси, оиланинг иккинчи ярмини  ташкил қилган аёлсиз ечилмаган ва амалга оширилмаган. Шу маънода, аёлларимиз ўзларининг оилада сиқилган, ҳуқуқлари чекланган тарзда ҳис қилмаганлар. Аммо «оммавий маданият» тарғиботчилари Шарқ оиласида аёллар камситилиши, уларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли эмаслиги ҳақида фикр юритадилар. Айниқса ёш оилаларга бу ўзининг кучли таъсирини ўтказмоқда. Масалан оила ва никоҳ масалаларига ҳаётда муҳим эмаслигини, уни «енгил яшаш», «эркинлик», «ўзи учун яшаш» деган омиллардан кейинги иккинчи даражали ўринларга тушириб ташлашни тарғиб қилмоқда.
Бунга асос қилиб «никоҳ бу ташвиш», «оила бу эркинсизлик» каби тамойилларни қўймоқдалар. Ваҳоланки, ушбу «маданият» тарғиботчилари «эркинсизлик» деб атаётган оила аслида бу муқаддас даргоҳ, инсонларни эзгу хулққа ўргатадиган маскан. Айнан шунинг учун ҳам, бугунги даврда оиланинг мустаҳкамлиги юрт келажаги учун муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги пайтларда юртимизда ёшларнинг тарбиясига, уларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай унсурдан эҳтиёт бўлиш, уларга йўл бермаслик ҳақида кўп бора гапирилмоқда. Муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият-енгилмас куч” номли асарида “оммавий маданият” ниқоби остида юртимизга кириб келаётган бундай иллатларнинг олдини олиш борасида “…Бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.”- деб таъкидлаганлар.
Мамлакатимизда ёш авлодни зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки оммавий маданиятга, у билан ёпирилиб келаётган маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларига миллий маданиятни, миллий тарбияни, миллий маънавиятни, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган исломий қадриятлар билан қарши тура оламиз.

Э.Қутлиев
Хонқа туман “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *