ТЕРРОРИЗМ ХАВФЛИ ИЛЛАТ

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм ҳозирги дунёнинг глобал муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам оламдаги барча маърифатпарвар кучлар қатори Ўзбекистонда ҳам унга қарши курашнинг турли кенг миқёсдаги фаолияти олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай бу борада яна нималарга аҳамият қаратиш лозим, деган савол ҳамиша ҳам долзарб. Шу сабабдан айрим масалаларга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.
Биринчидан: Терроризмга олиб борувчи диний экстремизмга қарши маърифий кураш олиб бориш лозим. Яъни, Жаҳолатга қарши маърифат билан.
Иккинчидан: Соф ислом таълимоти билан экстремистик оқимлар ғоялари ўртасидаги тафовутларни чуқур илмий асосда таҳлил этиб, унинг натижаларини оммага етказиш. Бу борада янги нашрларга эътибор бериш. Қуръон оятлари ва ҳадисларга янги замонавий тафсир, таъвил ва шарҳлар ёзиб, айни мутаассиб оқимлар ўзлари учун асос қилиб олаётган манбаларни соф ислом ғояларига мувофиқ тарзда очиб бериш лозим бўлади. Шунингдек, бу борадаги янгиликларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида қисқа ва мазмунли кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар ёрдамида бериб бориш, айниқса электрон оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, мақсадга мувофиқ бўлади.
Учинчидан: Терроризмга қарши курашда маънавий-маърифий усуллардан яна бири таълим муассасаларида ислом динининг дунёвий-маърифий моҳиятини муқаддас манбалар, Қуръони Карим ва Ҳадислардан кенгроқ фойдаланган ҳолда, очиб бериш.
Дин арбоблари ва мутахассисларнинг террорнинг исломда умуман мавжуд эмаслиги, ислом маърифат ва маънавият эътиқоди эканлигини халқимизга тушунтириш йўли яхши самара беради. Зеро, биз фарзандларимизни Президентимиз айтганидек, исломдаги Имом Бухорийлар, нақшбандийлар, яссавийлар, термизийлар таълимоти асосида тарбияласак, уларни турли ислом ниқоби остидаги ғаразли гуруҳлар билан, буюк аждодларимиз амал қилган ва бизларга меърос бўлган мусаффо, маърифатли ислом билан экстремизм фарқини ажрата оладиган даражада ёшларимизни билимли қилишимиз зарур бўлади.
Тўртинчидан: Энг зарур чоралардан бири бу халқимизнинг огоҳлигидир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширилса, ўша ердаги бирон ҳолат аввалдан бирон ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас. Худди кучли зилзиладан олдин ҳайвонлар безовталангани каби, атрофимизда – маҳалла кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш лозим.
Бу ўринда, терроризмга қарши маънавий-маърифий курашнинг айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритилар экан, бу масаладаги тугал фикрлар ана шулардан иборат деб бўлмайди. Замон ўзгариб борар экан, ҳар қандай ёвуз кучларга нисбатан кураш услубларидан ҳам фундаментал ўзгаришларни юзага келишини тақозо этади. Шу сабабдан бу борада яна бир муҳим жиҳат, айни терроризмнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш усуллари борасида, илмий изланишлар олиб бориш ва бу борада халқаро тажрибаларни тадқиқ этиш ҳам зарурий эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Х.Худайназаров
Янгиариқ туман “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди
имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *