Яхшилик – инсон қалбини ёритувчи энг буюк фазилат

Инсон ҳаётида уни улуғлайдиган, жамиятда ҳурмат ва эътиборга сазовор этадиган энг олий фазилатлардан бири – яхшилик қилишдир. Яхшилик инсоннинг қалб поклиги, меҳр-оқибати ва юксак маънавиятининг ёрқин ифодасидир.

Кимки атрофидаги инсонларга эзгулик улашса, муҳтожларни қўллаб-қувватласа, меҳр ва шафқат билан муомала қилса, нафақат бошқаларнинг ҳаётига нур олиб киради, балки ўз қалбига ҳам хотиржамлик ва саодат бахш этади. Яхшилик инсондан катта бойлик ёки юқори мартабани талаб қилмайди. Самимий табассум, ширин сўз, муҳтожга ёрдам қўлини чўзиш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, бемор ҳолидан хабар олиш, етим ва эҳтиёжмандларга ғамхўрлик қилиш ҳам катта савобли ишлардандир. Баъзан инсонга айтилган биргина яхши сўз унинг қалбига умид бағишлайди, ҳаётга ишончини янада мустаҳкамлайди.

Халқимиз азалдан меҳр-оқибатли ва саховатпеша халқ сифатида танилган. Қўни-қўшнига ёрдам бериш, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, ҳашарларда иштирок этиш, бемор ва кексаларни йўқлаш каби эзгу анъаналаримиз халқимизнинг эзгуликка бўлган муносабатини намоён этади. Ана шундай қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Ислом дини инсонларни доимо эзгуликка, меҳр-шафқатга ва ўзаро ёрдамга чақирган. Қуръони каримда яхшилик қилиш, муҳтожларга кўмак бериш ва инсонларга адолат билан муносабатда бўлиш ҳақида кўплаб оятлар нозил қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида инсонларнинг энг яхшиси бошқаларга манфаати тегадиган инсон эканини таъкидлаганлар. Бу ҳикматли сўзлар ҳар биримиз учун ҳаёт дастури бўлиши лозим.

Яхшилик қилиш инсоннинг қалбини поклайди, унда раҳм-шафқат, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини кучайтиради. Яхши амал қилган инсон атрофида ҳам меҳр ва ишонч муҳитини яратади. Натижада оилалар мустаҳкамланади, маҳаллалар аҳил бўлади, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топади.

Айниқса, бугунги кунда кексаларга, ёлғиз инсонларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, эҳтиёжманд оилаларга ва етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Моддий ёрдам билан бир қаторда, уларга яхши муомала қилиш, дилдан суҳбатлашиш, ҳолидан хабар олиш ҳам катта маънавий кўмак ҳисобланади. Чунки баъзан инсон учун эътибор ва меҳр энг катта бойликдан ҳам қимматли бўлади.

Шу билан бирга, яхшилик қилишда манманлик ва риёдан сақланиш жуда муҳим. Ҳақиқий эзгулик мукофот ёки мақтов учун эмас, Аллоҳнинг розилиги ва инсонларга манфаат етказиш нияти билан амалга оширилади. Самимият билан қилинган ҳар бир эзгу амал инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилади. Яхшиликнинг яна бир гўзал хусусияти шундаки, у доимо яхшиликни туғдиради. Бир инсон қилган эзгу амал бошқаларни ҳам яхшилик қилишга ундайди. Натижада жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳити янада мустаҳкамланади. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ҳар куни ҳеч бўлмаганда битта яхши амал қилишни одатга айлантиришимиз лозим.

Инсоннинг энг гўзал безаги, қалбининг нури ва ҳаётининг мазмунидир. Инсонларга қилинган ҳар бир эзгулик ҳеч қачон йўқолмайди, албатта ўз мевасини беради. Меҳр-оқибат, бағрикенглик, саховат ва инсонпарварлик каби фазилатлар ҳар бир хонадонда қарор топса, юртимизда тинчлик, аҳиллик ва фаровонлик янада мустаҳкамланади. Келинг, яхшилик қилишни ҳаётимиз шиорига айлантирайлик.

Зеро, эзгулик улашган инсоннинг номи ҳамиша яхшилик билан ёдга олинади, қилган савобли амаллари эса унинг энг қимматли мероси бўлиб қолади.

Я.Матчонова Хива шаҳар “Янги Бинокор” маҳалла отинойиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *