Илм, ихлос ва миллий қадриятлар — жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

Бугунги кунда юртимизда диний соҳага қаратилаётган эътибор, илм аҳли ва дин ходимларига яратилаётган шарт-шароитлар ҳар бир инсофли инсонни қувонтиради. Бу- динимизга, миллий қадриятларимизга ва маънавий меросимизга бўлган эҳтиромнинг яна бир кўринишидир.

Афсуски, ҳар қандай яхши ишдан ҳам нуқсон қидирадиган, ҳақиқатни эмас, фитна ва ғийбатни ёйишга уринадиган кимсалар топилади. Улар халқимизнинг асрлар давомида асраб келган урф-одатлари ва қадриятларини турли гап-сўзлар билан қадрсизлантиришга ҳаракат қиладилар. Лекин ҳақиқат гап-сўз билан эмас, амал ва ихлос билан намоён бўлади.

Илм- Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Уни инсонга на бойлик, на мансаб, на одамлар беради. Илмни ҳам, ризқни ҳам берувчи Зот- Аллоҳдир. Шунинг учун инсоннинг вазифаси шукр қилиш, ихлос билан хизмат қилиш ва ҳақ йўлдан оғишмасликдир.
Фитна эса ҳеч қачон бардавом бўлмайди. Вақт ўтиб, ҳақ ўз ўрнини топади, ботил эса йўқолади.

Бугунги кунда юртимизда илм-фан, маърифат ва диний бағрикенгликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масжидлар, мадрасалар ва илм масканларининг обод этилиши, диний таълим муассасалари фаолиятининг такомиллаштирилиши ёш авлоднинг тўғри йўлда тарбияланишига хизмат қилмоқда. Бу ишлар мамлакатимизда маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
Инсоннинг ҳақиқий бойлиги унинг мол-дунёси эмас, балки одоби, илми ва эзгу амалларидир. Илмли инсон нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам фойда келтиради. У ўзининг гўзал хулқи, ҳалол меҳнати ва самимий муносабати билан атрофдагиларга намуна бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз илм олишга, ўрганганларимизга амал қилишга ва бошқаларга ҳам яхшилик улашишга интилмоғимиз лозим.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳам илмнинг фазилати жуда кўп таъкидланган. Илм инсоннинг қалбини нурлантиради, уни тўғри қарор қабул қилишга, яхшилик билан ёмонликни ажратиб олишга ёрдам беради. Илм билан бирга тақво ва ихлос бўлса, инсоннинг даражаси янада юксалади.
Аксинча, жаҳолат, ғийбат, туҳмат ва фитна жамиятнинг тинчлигига раҳна солади. Фитна туфайли одамлар ўртасида ишонч йўқолади, меҳр-оқибат сусаяди, бирликка путур етади. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон сўзлаётганда ҳам, ёзаётганда ҳам, ижтимоий тармоқларда фикр билдираётганда ҳам ҳақиқат ва адолатга амал қилиши лозим.
Айниқса, бугунги ахборот асрида турли ёлғон хабарлар ва асоссиз маълумотлар тез тарқалмоқда. Ҳар бир инсон эшитган ёки ўқиган ҳар бир хабарга ишониб кетмаслиги, унинг ҳаққонийлигини текшириши керак. Чунки бир оғиз асоссиз сўз ҳам кўплаб инсонларнинг қалбига озор етказиши мумкин.

Миллий қадриятларимиз ҳамиша халқимизнинг маънавий таянчи бўлиб келган. Катталарга  ҳурмат, кичикларга иззат, бағрикенглик, оилага садоқат каби фазилатлар миллатимизнинг энг гўзал хусусиятларидандир. Бу қадриятларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Оила эса жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Фарзанд тарбиясида ота-она, устоз ва маҳалла ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилса, келажагимиз янада ёруғ бўлади. Чунки маънавиятли, илмли ва ватанпарвар фарзандлар юрт тараққиётининг асосий таянчидир.

Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги ҳар биримиз учун энг катта неъматдир. Бу тинчликни асраш, бирдамликни мустаҳкамлаш ва Ватан равнақи учун сидқидилдан хизмат қилиш барчамизнинг вазифамиздир. Ҳар бир инсон ўз касбида ҳалол меҳнат қилиб, жамиятга манфаат келтиришга ҳаракат қилса, мамлакатимиз тараққиёти янада юксалади. Илм, ихлос, ҳалоллик ва миллий қадриятларга садоқат ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва барқарорлигининг асосидир. Аллоҳ таоло барчамизни илмли, одобли, эзгу амалли, халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қиладиган инсонлардан қилсин. Юртимизда тинчлик, аҳиллик ва барака доимо ҳукм сурсин. Омин.

М.Атажонова

Боғот туман бош имом хатибининг  хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *