Яхшилик ислом динида энг улуғ аммаллардан бири ҳисобланади. Инсонни комилликка етаклайдиган, жамиятни эса меҳр-оқибат асосида бирлаштирадиган асосий қадрият ҳам яхшиликдир. Бежизга халқимиз орасида “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир” деган ҳикматли мақол авлоддан авлодга ўтиб келмаяпди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида «Яхшилик қилиш ҳам садақадир» деб марҳамат қилганлар. Яхшилик инсон қалбини поклайди ва уни маънан бойитади.
Хаётимиз давомида Оллох таоло бизни ҳар ҳил инсонларга рўбарў қилади. Гоҳида синаб ёмонларга йўлиқтирса, гоҳида сийлаб яхшиларга ошно қилади. Яхши инсонлар суҳбатидан иймонимиз зиёда бўлиб, ички дунёмиз гўзаллашса, ёмонлар суҳбатидан таъбимиз хира бўлади. Илохо ҳар биримизни яхшилардан айирмасин. Мен ҳам хаётимда учраган бир яхши инсон хақида сўз айтмокчиман, зеро у инсоннинг қилган яхши амаллари хозирги даврда ҳаммамизга ибрат, намуна бўладиган савоб аммалардан деб ҳисоблайман. Ўтган йили бахтли инсонлар қаторида Оллохим мени ҳам “Умра” зиёратига боришимни муяссар қилди. Аэропортни ўзидаёқ бир фариштали аёл эътиборимни тортди. У аёл билан танишиб, дустлашиб олдим. Исми Ойбиби, ўзи Урганчлик экан. 65 ёшларида бўлса ҳам жуда тетик, очиқкўнгил самимий аёл экан. Сафаримиз давомида, муборак зиёратимиз давомида шу аёлни учратганимга Оллохимга кўп шукроналар айтдим. Биз билан бирга сафар қилганлар орасида Тўрткуллик Хонимжон момо исмли 86 ёшли онахон ҳам бор эди. У момо ёшлигида ўпка сили кассаллиги билан касаллангани боис турмушга чикмаган, бола чақаси йўк, синглисини болалари билан яшайдиган муштипаргина момо экан. Ўзига тўк бир қариндоши савоб умидида момони умрага юборган. Лекин ҳамрохсиз битта ўзини юборишибди. Ҳаммамиз ўзимизча у аёлга ачиндик. Соғ саломат Жидда шаҳрига, кейин Мадинаи Мунавварага етиб бордик. Мехмонхонага жойлашдик. Ойбиби она Хонимжон момонинг қўлидан маҳкам ушлади, шу ушлаганича токи Хоразмга қайтиб келгунимизча қўйиб юбормади. Бир қиз онасига қандай меҳрибонлик қилиши лозим бўлса ундан ҳам зиёдарок меҳр-оқибат кўрсатди.
Момони касали тутиб йўталса ўзи билан олиб борган дориларидан ичирар, оёғи, бели оғриса малҳам суртиб ўраб, ётқизиб қўяр, ошхонада овқатини, чойини олдига олиб келиб қўяр, озгина соғлиги яхшиланса қўлидан ушлаб ўзи билан бирга зиёрат қилдирар, кийим бошларини ювар, кийинишига ёрдамлашар эди. Момо бечора бўлса, йиғлаб Ойбиби хожи онани тинмай дуо қилар эди. Ҳамсафарларимиз ҳаммалари «Ойбиби хожи она бир эмас икки марта умра қилганнинг савобини олди хойна хой» деб эътироф қилишар эди. Сафаримиз қаригандан кейин Ойбиби хожи она момони қариндошларига хадяларни олиб, чемадонига жойлаб олган нарсаларни пулларигача ёзиб рўйхат қилиб момони сумкасига солиб қўйди. Момо бечора хурсанд бўлиб қайта қайта Ойбиби хожи онани дуо қилар эди.
Ойбиби хожи онага қараб туриб ҳавасим келар эди. У нафақат момога балки менга ҳам, ҳамхоналаримизга ҳам, хатто қўшни хонадаги ҳамсафарларимизга ҳам меҳрибонлик қилар, қўлидан келганча яхшилигини, ёрдамини аямас эди. Ҳамма Ойбиби хожи онадан миннатдор бўлар эдилар.
Ниҳоят зиёратимиз охирлаб ҳаммамиз юртимизга соғ саломат қайтиб келдик, ҳайр хўшлашиб уй уйимизга тарқалдик. Ойбиби хожи она билан гоҳида телефонда хол аҳвол сўрашиб, суҳбатлашиб турар эдик. Орадан 3-4 ойлар ўтиб Ойбиби онадан қўнғирок бўлди. Айтишича яна умра зиёратига йўл олибдилар. Бир дугонаси маблағим етарли эмас деганига қарамасдан, ҳамма харажатларни ўзим тўлайман, менга хамрох бўлсангиз бўлди деб таклиф қилибди. Мен хурсанд бўлиб, хожи онага оқ йўл тилаб хайрлашиб гўшакни қўйдим. Гўшакни қўйдим-у кўз ёшларим қуюлиб келар, Оллохимга тинмай ҳамд айтар эдим. Субханоллох, нақадар Буюксан Оллохим бир бандангни ўз байтингда қилган яхшилиги мукофотини дарров бердинга. Ўзингга шукур Оллохим ҳар бир қилинган яхшилик асло йўқолиб кетмайди. Албатта яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир. Ойбиби хожи онага ўхшаган яхшилар орамизда кўпаяверсин, яхшилар доим омон бўлсинлар.
Дўстлар яхшиларни авайланг, асранг
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан
Уни тириклигида бир марта йўқланг.
Ш.Матчанова
Хоразм вилояти Хонқа тумани “Баркамоллик” маҳалласи отинойиси