Она сути — ҳаётнинг илк баракаси

Инсон ҳаётидаги энг буюк неъматлардан бири — соғлиқдир. Соғлом ҳаётнинг пойдевори эса инсон дунёга келган илк кунлардан бошлаб қўйилади. Ана шу пойдеворнинг энг муҳим омилларидан бири она сутидир. Она сути нафақат гўдакнинг қорнини тўйдирадиган озуқа, балки унинг соғлом ўсиши, жисмоний ва ақлий ривожланиши, иммунитетининг мустаҳкам бўлиши ҳамда она билан фарзанд ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қиладиган беқиёс неъматдир. Юртимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада ёш оналарни табиий эмизишга тарғиб қилиш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш ва она сутининг аҳамияти ҳақида кенг тушунчалар бериш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ҳар бир гўдакнинг эҳтиёжини мукаммал ҳисобга олган ҳолда она сутини яратган. Унинг таркибида бола организми учун зарур бўлган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар ва ҳимоя қилувчи антитаналар мавжуд. Ҳеч қандай сунъий озуқа она сутининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Она сути боланинг ҳазм тизимига енгил сингади, ичак фаолиятини яхшилайди, турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилади ҳамда аллергик касалликлар хавфини камайтиради. Шунингдек, табиий эмизиш боланинг асаб тизими ва мия фаолияти ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Она сути — фарзанд ҳаётига берилган илк баракадир. Чунки гўдак ҳаётининг дастлабки ойларида айнан она сути унинг барча эҳтиёжларини қондиради. Боланинг ҳар бир ўсиш босқичига қараб она сутининг таркиби ҳам ўзгариб боради. Бу эса Яратганнинг буюк ҳикмати ва меҳрининг ёрқин намунасидир. Шифокорлар тавсиясига кўра, чақалоқни дастлабки олти ой фақат она сути билан озиқлантириш унинг келажакда соғлом бўлиб улғайишига катта ҳисса қўшади. Кейинчалик қўшимча овқатлар билан бирга икки ёшгача ва имконият бўлса ундан ҳам кўпроқ эмизиш бола саломатлиги учун фойдали ҳисобланади. Она сути нафақат озуқа, балки меҳр, муҳаббат ва ишонч манбаидир. Эмизиш жараёнида она ва фарзанд ўртасида кучли руҳий яқинлик пайдо бўлади. Она ўз фарзандига меҳр бағишлар экан, болада ҳам хотиржамлик, ишонч ва муҳаббат туйғулари шаклланади.
Психологлар таъкидлашича, табиий эмизилган болалар ўзини хавфсиз ҳис қилади, руҳий барқарорлиги юқори бўлади ва атрофдагилар билан мулоқотга осон киришади. Шу боис эмизиш нафақат жисмоний, балки маънавий тарбиянинг ҳам муҳим қисми ҳисобланади.

Табиий эмизиш нафақат бола, балки онанинг саломатлиги учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Эмизиш бачадоннинг тезроқ тикланишига ёрдам беради, баъзи касалликлар хавфини камайтиради ҳамда она организмининг тезроқ тикланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, фарзандини эмизаётган онада меҳр-муҳаббат ҳисси янада кучаяди.

Ислом динида ҳам она сутининг аҳамиятига алоҳида эътибор берилган. Қуръони каримда: «Оналар болаларини икки тўлиқ йил эмизадилар…» (Бақара сураси, 233-оят) деб марҳамат қилинган. Бу оят фарзанднинг ҳаққи ва она сутининг нақадар муҳим неъмат эканини англатади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ҳақларини адо этишга катта аҳамият берганлар. Она сути ана шу ҳақларнинг энг улуғларидан биридир. Она сути — ҳаётнинг илк баракаси, фарзанд саломатлиги ва бахтли келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Соғлом авлодни тарбиялаш ҳар бир оиланинг, жамиятнинг ва давлатнинг муҳим вазифасидир. Бу йўлда она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш оналарни қўллаб-қувватлаш ва табиий эмизиш маданиятини ривожлантириш барчамизнинг умумий бурчимиздир.

М.Бобожонова

Хива шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *