МАЪНАВИЙ БАРҚАРОРЛИККА ТАҲДИД

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби шахснинг эътиқод эркинлиги соҳасида ҳам бир қатор ҳуқуқий кафолатлар яратилди. Хусусан, юртимизда шахснинг бундай ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бинобарин, Конституциямизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
Қолаверса, виждон эркинлиги соҳасида махсус қонун қабул қилиниб, унда ҳар бир шахснинг диний эътиқод ҳуқуқи, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди.
Жумладан, 1998 йил 1 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрир) Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, давлатнинг диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши кафолатланди. Шунингдек, Қонуннинг мазкур моддасига асосан бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилди.
Хўш, миссионерлик ўзи нима? Миссионерлик лотин тилидан “missio”, яъни “жўнатиш”, “топшириқ” сўзидан олинган бўлиб, диний ташкилот шаклларидан биридир. Унинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киритишдир. Аслида эса миссионерлар муайян ижтимоий гуруҳнинг сиёсий мақсадларини амалга оширишни ўз олдиларига вазифа сифатида қўядилар.
Миссионерлик фаолияти бошқа давлатларда амалга оширилиши билан таърифланадиган “ташқи” миссия ҳамда динсиз ва бошқа динга мансуб шахслар орасида давлатнинг ўз ҳудудида амалга оширилишини назарда тутувчи “ички” миссияга бўлинади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миссионерлик фаолияти турли динларга мансуб гуруҳ ва жамоалар фаолиятида кузатилганлигини кўриш мумкин. Масалан, буддизмда миссионерлик кўплаб ҳолларда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқалган. Христиан миссионерлиги милодий IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда у Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб келган. XIX асрнинг охирги учдан бирида миссионерлик фаоллашган.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси бу прозелитизм. Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: Мисол учун, бир қанча вақт ислом динида юриб, кейинчалик бошқа динни қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қабрларига қўйиш муаммо туғдиради. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини ноисломий дин вакилларининг мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, ноисломий дин вакилининг жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга дафн этишни истамайдилар. Натижада келишмовчиликлар келиб чиқади.
Дин – бу миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб халқнинг барқарорлигини бузади. Айнан шунинг учун ҳам республикамизда прозелитизм ва бошқа миссионерлик фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, миссионерлик вужудга келтирадиган таҳдидлардан бугунги кунда ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат холи эмас.
Таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизда миссионерлик ва прозелитизмга қарши нормалар ҳамда бундай ҳаракатлар учун жазо чораларининг назарда тутилиши билан ушбу фаолиятга бутунлай чек қўйиб бўлмайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Айниқса, ёшларимизнинг ахборот бўшлиғини турли ташқи таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим бўлади.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси Ў.Юсупов

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *