ҲАДИС ШАРИФ БИЛИМДОНИ

​Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда жорий йилнинг 5 май куни Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида “Ҳадис шариф билимдони” Республика танловининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Х.Абдуллаев раислигида ташкил қилиниб, Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударрислари ҳакамлигида ўтказилди. Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланиб, ЎМИ вилоят вакили Х.Абдуллаев ва Хоразм вилоят Ёшлар Иттифоқи кенгаши раиси
М.Машариповларнинг кириш сўзлари билан очиб берилди.
Мазкур танловда билим юрти талабалари, ёш имом-хатиб, ноиб-имомлар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган иқтидорли 14-ёшдан 30 ёшгача бўлган жами 50 нафар фуқаролар иштирок этишди. Мусобақани янада намунали тарзда ўтказиш мақсадида билим юрти талабалари томонидан саловот ва нашидалар ўқилди.
Мусобақа умумий 100 баллик тизимда қуйидаги шартлар бўйича баҳоланди:
1. Имом Бухорий ва Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш – 20 балл;
2. Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадиси шарифни ифодали ўқиб, таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларни баён қилиш) – 30 балл;
3. Ҳадисни араб тилидаги матнини саҳобийнинг исми билан ёддан айтиб бериш – 50 балл.
Мусобақа қизиқарли ва намунали ўтказилиб, иштирокчиларда катта таъсурот қолдирди. Мусобақанинг якуний натижалари қуйидаги бўлди:


1-ўрин: Рўзметов Муҳаммадмустафо – Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ 4-курс талабаси;


2-ўрин: Турғунов Нуриддин – Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ 2-курс талабаси;


3-ўрин: Отохонов Темурбек – Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ 3-курс талабаси.
Шунингдек, мусобақада муносиб қатнашган – Абдували Муҳаммад Зариф ўғли (Урганч тумани) “Энг ёш ҳадиси шариф билимдони” наминацияси бўйича тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллиги томонидан Мусобақа ғолиблари ҳамда иштирокчиларига диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди.

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *