Мустаҳкам оила — юрт келажагининг пойдевори

Жамият равнақи оила остонасидан бошланади

Оила — жамиятнинг энг кичик, аммо энг муқаддас бўлаги. Юртнинг тараққиёти оиланинг мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқ: хонадон тинч бўлса, жамият тинч, оила обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Давлат сиёсати даражасида оилаларнинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.

Бироқ бугун бир ачинарли ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: турмушимиз тобора фаровонлашиб бораётган бир паллада оилаларимиз мўртлашиб бормоқда. Бу ҳол ҳар биримизни чуқур ташвишга солиши керак.

Ажримларнинг сабаблари: ҳар кимнинг ўз фикри бор

Мазкур масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, улар келтираётган сабабларнинг ҳам турли-туман эканига гувоҳ бўлдик. Баъзилар ажримларни глобаллашув таъсири билан изоҳлайди. Бошқалар эса одамларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятни ҳис этмайдиган бўлиб қолганини таъкидлайди.

Менинг назаримда, бу муаммонинг илдизи маънавиятимиздаги айрим нуқсонларга бориб тақалади.

Келин — оила юкининг ёлғиз ташувчиси эмас

Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган қарашдан мутлақо йироқмиз. Аксинча, қиз турмушга чиққач, янги оилада ўз ўрнини топиши осон кечмайди. Ота уйида эркаланиб ўсган қиз энди бутунлай бошқа муҳитда, барчанинг эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг ҳаммаси унинг зиммасига юкланади, қолганлар эса телевизор қаршисида оёқ узатиб дам олади.

Хонадонда алпомишдай полвон йигит ёки барчинойдай чаққон қиз бўлса-да, уларнинг рўзғор ишига қўл уриши гўё «қоида»ларга зид ҳисобланади. «Ҳаммасини келин қилиши керак! Акс ҳолда унинг «тарбияси бузилиб» кетади», деб ўйлайдиганлар афсуски, анчагина. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила ташвишларини елкалаш баъзан ёш келинга оғир келади. Ана шундай вазиятда оилада турли можаролар ва ихтилофлар бош кўтаради.

Исломда оила ва никоҳ

Мусулмон киши ёшлигиданоқ оилавий муносабатларга тайёрлана бошлайди, келажакда елкасига тушадиган масъулиятни кўтаришга маънан ҳозирланиб боради. Балоғат ёшига етгач эса, ислом кўрсатмаларига мувофиқ оила қуради. Маънан ва жисмонан соғлом фарзанд тарбиясининг асоси ҳам айнан муносиб никоҳ билан қўйилади.

Шу билан бирга, ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик даъват этилган бўлса, уни бузишдан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий танглик, ғийбат, бўҳтон ва турли гап-сўзлар туфайли келиб чиқадиган кескинлик, сабрсизлик, енгил ҳаёт илинжида никоҳни бузиш ёки бировнинг оиласи тинчлигига раҳна солиш исломда қаттиқ қораланган. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилган:

«Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ва низо чиқишига сабабчи бўлса, у ислом аҳлидан эмас.»

Аёл — оила қўрғонининг таянчи

Аёл оиланинг энг муҳим бўғинларидан биридир. Жоҳилият даврида аёлларга паст назар билан қарашган. Ислом эса аёлга катта ҳуқуқлар бериш билан бирга, унга шарафли ва масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Бу аёлнинг оилада ўзига хос ўрни борлигининг ёрқин ишорасидир.

Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в)дан: «Ҳар биримизнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат?» деб сўрашганида, у зот шундай жавоб берганлар:

«Ўзингиз еганингиздан едиришингиз, кийганингиздан кийдиришингиз, юзига урмаслигингиз, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслигингиз, уришиб қолган тақдирингизда ҳам фақат уйнинг ташқарисига чиқмасдан, ётоқ ичида тўшагингизни бўлак қилиб юришингиз мумкин.»

Яратганга шукрлар бўлсинки, истиқлолдан кейин аёлнинг қадри ва шаъни қайта тикланди. Аёлларимиз жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Уларнинг оилада ҳам муносиб ўрни бор — оила қўрғонини аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Хулоса: исломда оила ҳимояси

Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкин: исломда оила ва никоҳ масаласига алоҳида эътибор берилган, эр-хотин муносабатлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган. Никоҳга чақирув, унинг пайғамбарлар суннатидан эканлиги ва унга эргашиш лозимлиги ҳам таъкидланган.

Шунингдек, муқаддас манбаларимизда оиланинг бузилиши қаттиқ қораланиб, жумладан, шундай дейилган:

«Уйланинглар, талоқ берманглар. Чунки талоқ деганда Арш ларзага келади.»

Демак, жамиятнинг муҳим бўғини бўлмиш оилаларни асраш, уларнинг бузилишига йўл қўймаслик, фарзанд тарбияси учун муносиб муҳит ва шарт-шароит яратиш юрт истиқболини белгилайдиган энг муҳим омиллардан эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Қизни келинликка қандай тайёрлаймиз?

Қиз бола дунёга келган кундан бошлаб уни келинликка тайёрлай бошлаймиз. Аммо бу тайёргарлик, одатда, сеп йиғиш ва уй юмушларини ўргатиш билан чекланади. Афсуски, қизимизнинг маънавий, ахлоқий ва жисмоний саломатлигига камдан-кам эътибор қаратамиз.

Муомала маданиятидан бебаҳра, қўлида бирор ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучугини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган қиз яхши келин бўлиши даргумон. Чунки мустаҳкам оила фақат сепу рўзғор билан эмас, билим, одоб ва матонат билан барпо этилади.

Оилани асраш — келажакни асраш

Оилавий ажримлар жамиятга фақат зарар келтиради. Шу боис бу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда, нотинч хонадонлар ўрганилиб, яраштирилмоқда, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилмоқда.

Зеро, ҳар бир тинч ва мустаҳкам оила — ободон юртнинг бир ғишти, буюк келажакнинг бир пойдеворидир.

Ш. Атажонов

Хива тумани «Шайх Мавлон бобо» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *