Турмушимиз фаровон бўлиб бораяпти. Хўш, нега оилаларимиз мўртлашиб боряпти? Келинг, бу саволга ҳамфикр бўлиб, ҳеч кимни айбламасдан, ҳақиқатга юзма-юз қараб жавоб излайлик.
Ҳар кимнинг ўз «айбдори» бор
Бу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан суҳбатлашдим. Сабаблар ҳақидаги фикрлар турли-туман экан. Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғласа, бошқалар одамларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетганини, натижада кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган ва масъулиятсиз бўлиб қолганини айтади.
Менинг фикримча эса, бу муаммонинг илдизи маънавиятимиздаги айрим нуқсонларга бориб тақалади.
Келин айбдор эмас
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган қарашдан мутлақо йироқмиз. Қиз турмушга чиққач, янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб ўсган қиз энди бутунлай бошқа муҳитда, барчанинг эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг ҳаммаси унинг зиммасига тушади, қолганлар эса телевизор қаршисида оёқ узатиб ўтиради.
Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса ҳам, уларнинг рўзғор ишига қўл уриши гўё «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, унинг «тарбияси бузилиб» кетар эмиш. Афсуски, шундай ўйлайдиганлар кўп. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам рўзғор ташвишини елкалаш ёш келинга баъзан оғир келади. Ана шундан можаро ва муаммолар бошланади.
Оилани ким бошқаради? Эътибор берсангиз…
Кузатувларга қараганда, оилаларни етмиш-саксон фоиз ҳолатда қайнота ва қайнона бошқаради. Айрим қайнота-қайноналарнинг эскича фикрлаши, ёш оилалар ҳаётига асоссиз аралашиши ажримга сабаб бўлаётгани сир эмас. Улар шундай дейишади:
«Бу даврда бошқача эди», «биз ўнта болани туғиб, далага чиқиб кетаверганмиз», «биз кечаси нон ёпиб, кундузи давлат ишини қилганмиз».
Баъзан эса ноўрин талаблар қўйишади: «Онангни десанг, эрингдан кечасан» ёки аксинча, «Мени десанг, келинни талоқ қил». Ёшлар шундан кейин ихтиёрсиз ажрашиб кетади.
Лекин ўйлаб кўрайлик: қайноналарнинг бундай таъналари аслида ўша давр қийинчиликлари ва хотин-қизларга нисбатан аёвсиз муносабатнинг акс-садоси эмасми? Ўтган асрнинг 70–80-йилларида ва 90-йиллар бошида оналар ва гўдаклар ўлими кўп бўлмаганми? Қайнона қийинчилик кўрган бўлса, келинни ҳам шунга маҳкум қилиши на мантиққа, на ҳақиқатга тўғри келади.
Давр ўзгарди, қадриятлар-чи?
Бугун замон бошқача. Оналик ва болалик давлат муҳофазасида. Буни ҳар бир ота-она ва оила соҳиби англаб, унга риоя қилиши лозим.
Аммо айрим хонадонларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсадга айланган. Ёшлар ҳам, катталар ҳам молпарастликка берилиб, маънавий қадриятлар емирилмоқда. Баъзилар орзу-ҳавасни фақат чиройли тўй, қимматбаҳо кийим ва тансиқ таомлардан иборат деб билади. Ҳозир ҳар хонадонда иккита-учта телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Қимматбаҳо мебел, машина ва буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз.
Лекин ҳамма хонадонда ҳам китоб жавони борми? Битта китоби йўқ оилаларнинг учраши ғоят аянчли.
Ҳаётдаги кўплаб мисоллар бахтнинг бойлик билан ўлчанмаслигини кўрсатиб турибди. Маънавий қашшоқлик эса бахтсизлик сари бошловчи йўлдир. Маънавиятсизлик оилада носоғлом муҳит яратади, бу эса иқтисодга ҳам дарз солади. Янада ачинарлиси, оила ичидаги маънавий камчиликлар жамиятда ҳам маънавий муаммоларга айланмоқда.
Қизни ҳам, йигитни ҳам оилага тайёрлаяпмизми?
Менинг фикримча, ажримларнинг яна бир сабаби — ёшларни оила қуришга тўғри тайёрламаётганимиз. Қиз бола дунёга келса, болалигидан уни келинликка тайёрлаймиз. Аммо бу тайёргарлик, одатда, сеп йиғиш ва уй юмушларини ўргатишдан нарига ўтмайди. Қизимизнинг маънавий, ахлоқий ва жисмоний саломатлигига камдан-кам эътибор берамиз.
Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучугини сабр билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган, тиббий билими етарли бўлмаган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Айрим йигитлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бирон касбнинг этагини тутмаган, интернетда беҳаё видеолавҳалар кўриб вақт ўтказадиган, ота-онаси ҳисобига кун кўрадиган арзанда оиланинг қадрига етармиди?
Динимиз оилага қандай қарайди?
Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. «Оила бузилса, арш титрайди», дейишади. Қуръони каримда эр-хотин ҳақида шундай дейилган:
«…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…» («Бақара» сураси, 187-оят).
Эр-хотин бир-бирини тўлдиради, тарбиялайди ва ёмон иллатлардан асрайди. Оила кишини масъулиятли бўлишга ва тежамкорликка ўргатади. Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшайдиган оила соҳиблари узоқ умр кўради. Никоҳнинг улуғ неъмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:
«Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин».
Масъулият фақат аёлнинг зиммасидами?
Менимча, оилавий ажримларга баъзи эркакларимизнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Айримлар ҳеч қаерда ишламайди, рўзғорнинг бутун ташвишини аёлига юклайди, фарзанд тарбиясига қарашмайди. Вақтини телевизор кўриш, қарта ўйнаш ёки тайинсиз ишлар билан ўтказади. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
Ажримдан энг кўп жабр чекадиганлар — фарзандлар.
Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади, қалби умрбод кемтик бўлиб қолади. Оқибатда у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят йўлига кириши мумкин. Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамиятга фақат зарар келтиради.
Нима қилиш керак? Бир нечта таклиф
Бу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда: кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам берилмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб яраштирилмоқда, ишсизлар бандлиги таъминланмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин булар етарлими? Ажримларнинг сабаби маънавий қашшоқлик экан, ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътиборни янада кучайтириш керак.
Оила жамиятнинг бўлаги экан, уни бузган инсон жамият олдида жавоб бериши лозим. Қонунчилигимизга ажрашишни истаган шахс ўз хатти-ҳаракати билан жамиятга етказган моддий ва маънавий зарарни қоплашига оид меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқ.
Ш. Жуманиёзов
Хива тумани «Мулла Абдуқодир бобо» масжиди имом-хатиби