БИР ТОМЧИ ОНА СУТИДА МИНГ БИР ҲИКМАТ

Она сути — ҳаётнинг илк неъмати, меҳрнинг энг покиза ифодаси ва соғлом авлод камолотининг мустаҳкам пойдеворидир. Инсон ҳаётида шундай неъматлар борки, уларнинг қадрини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Она меҳри, она дуоси ва она сути ана шундай буюк неъматлар сирасига киради. Чунки инсон бу ёруғ дунёга келган илк кунлариданоқ онасининг меҳри, ғамхўрлиги ва оқ сути билан ҳаётга қадам қўяди.

Она сути — бу шунчаки озуқа эмас. Унда она қалбининг меҳри, фарзандига бўлган чексиз муҳаббати, сабр-тоқати ва фидойилиги мужассам. Гўдак учун она бағри энг осойишта маскан бўлса, она сути унинг ҳаётидаги энг биринчи ва энг муҳим ризқдир. Бежизга халқимизда “Она сути оғзидан кетмаган” деган ибора ишлатилмайди. Бу сўзлар замирида ҳам она сутининг инсон ҳаётидаги ўрни, болалик поклиги ва тарбиянинг илк босқичларига ишора бор. Она сути — Яратганнинг буюк мўъжизасидир. Аллоҳ таоло инсонни ниҳоятда гўзал ва мукаммал тарзда яратган. Она организмида чақалоқнинг эҳтиёжларига мос равишда сут ҳосил бўлиши ҳам У Зотнинг буюк ҳикматларидан биридир. Она сути таркибида чақалоқнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минераллар ҳамда иммун ҳимоясида иштирок этувчи моддалар мавжуд. У гўдакнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган ҳимоя тизимини қўллаб-қувватлайди, турли инфекцияларга қарши курашишида ёрдам беради.

Айниқса, туғруқдан кейинги дастлабки кунларда келадиган оғиз сути — оғизбўрон деб ҳам аталувчи сарғиш рангли илк сут алоҳида аҳамиятга эга. У оз миқдорда ажралса-да, таркибида болани ҳимоя қилишга ёрдам берувчи моддалар кўп бўлади. Шу сабабли уни бежизга “чақалоқнинг илк ҳимоя қалқони” деб таърифлашмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, чақалоқ ҳаётининг дастлабки олти ойида фақат она сути билан озиқлантирилиши, олти ойдан сўнг эса ёшига мос қўшимча овқатлар киритилиб, эмизиш икки ёшгача ёки ундан ҳам узоқ давом эттирилиши мақсадга мувофиқдир. Она сути болани ич кетиши, нафас йўллари инфекциялари каби айрим касалликлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунингдек, унинг ҳазм бўлиши чақалоқ учун қулайдир. Демак, она сути фарзанднинг бугуни учун озуқа, келажаги учун эса соғлом ривожланишга қўшилган муҳим ҳиссадир.

Муқаддас Ислом динимизда оналик мақоми юксак қадрланади. Она меҳри, фарзанд тарбияси ва боланинг ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 233-оятида оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишлари ҳақида баён қилинган. Бу муддат эмизишни тўлиқ давом эттиришни истаган оналар учун келтирилган. Оятда ота зиммасига ҳам она ва боланинг муносиб ризқ ҳамда кийим-кечак билан таъминланиши масъулияти юклатилган. Ушбу ояти карима бизга фарзанд тарбияси фақат онанинг эмас, балки ота-онанинг ҳамкорликдаги муқаддас вазифаси эканини англатади.

Ислом таълимотида болага меҳр кўрсатиш, унинг эҳтиёжларига эътибор бериш ва ҳақларини адо этиш муҳим амаллардан саналади. Она сути билан озиқлантириш ҳам ана шу ғамхўрликнинг муҳим кўринишларидан биридир.

Шунингдек, “Луқмон” сурасининг 14-оятида инсонга ота-онасига яхшилик қилиш буюрилиб, онасининг уни заифлик устига заифлик билан кўтариб юргани эслатилади. Бу оят онанинг фарзанди учун қанчалик машаққат ва фидойилик кўрсатишини чуқур англатади. Она меҳри — фарзанд қалбига қўйилган илк муҳрдир. Чақалоқ онасининг бағрига босилганида нафақат озиқланади, балки унинг меҳрини ҳис қилади. Она овози, қалб уриши, танасининг ҳарорати ва меҳрибон нигоҳлари болада дастлабки ишонч ва хотиржамлик туйғуларини шакллантиради. Эмизиш жараёни она билан бола ўртасидаги руҳий яқинликни мустаҳкамлайди. Бу жараёнда фарзанд ўзини ҳимояланган, севилган ва қадрланган ҳис этади. Шу боис ҳам она сути ва она меҳрини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Чунки болага сут берган она унинг қалбига ҳам меҳр улашади. Она ҳар гал фарзандини бағрига босиб эмизганида, унинг қалбидаги меҳр янада жўш уради. Тунда уйқусини бўлиб, боласининг ҳолидан хабар олиши, унинг йиғисига дарҳол жавоб бериши, ҳар бир нафасини кузатиши — буларнинг барчаси оналик масъулиятининг гўзал намунасидир.

Оналик — меҳр билан бирга масъулият ҳамдир. Фарзанд дунёга келиши билан она зиммасига улкан масъулият юкланади. Бу масъулият фақат уни овқатлантириш ёки кийим-кечак билан таъминлашдан иборат эмас. Балки унинг соғлом ўсиши, одобли бўлиб вояга етиши, яхши тарбия олиши ва жамиятга наф келтирадиган инсон бўлиб камол топишини таъминлашдан ҳам иборатдир. Боланинг дастлабки тарбияси она бағрида бошланади. Унинг қалбига меҳр, раҳм-шафқат, яхшилик ва инсонийлик уруғлари энг аввало оилада қадалади. Шунинг учун ҳам ҳар бир она фарзандига нафақат озуқа, балки гўзал хулқ, ширин сўз ва ибратли хатти-ҳаракатлари билан ҳам намуна бўлиши лозим. Она сути билан улғайган фарзандга онасининг меҳри, дуоси ва яхши тарбияси ҳам ҳамроҳ бўлса, унинг камолоти учун янада мустаҳкам замин яратилади.

Азиз оналар, фарзандингизга бераётган ҳар бир меҳрингиз, сарфлаётган ҳар бир дақиқангиз унинг келажаги учун қўйилган қадамдир. Эмизиш даврида ўз саломатлигингизга ҳам эътибор беринг. Тўғри овқатланиш, етарлича дам олиш, руҳий хотиржамликни сақлаш ва тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиш муҳимдир. Баъзан оналарда сут камлиги, эмизишда қийинчиликлар ёки бошқа муаммолар кузатилиши мумкин. Бундай вазиятларда ўзини айблаш ёки тушкунликка тушиш ўрнига, шифокор ва эмизиш бўйича мутахассислардан маслаҳат олиш зарур. Ҳар бир онанинг шароити ва саломатлиги турлича бўлади. Энг муҳими, боланинг соғлом ва хавфсиз озиқланишини таъминлашдир. Оиланинг бошқа аъзолари ҳам эмизикли онага меҳр ва эътибор кўрсатиши, уни қўллаб-қувватлаши керак. Чунки она хотиржам бўлса, фарзандига ҳам меҳр ва ғамхўрлик улашиши осонлашади.

Бугунги кунда юртимизда соғлом авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда тиббий ва маънавий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари, отинойилар ва жамоатчилик вакилларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, отинойилар томонидан хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган суҳбат ва маърифий тадбирларда оналик масъулияти, фарзанд тарбияси, эмизишнинг аҳамияти ва оилада соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига кенг ўрин бериш мақсадга мувофиқдир. Чунки онанинг маънавий ва тиббий саводхонлиги қанчалик юқори бўлса, фарзанд тарбиясида ҳам шунчалик тўғри ёндашув шаклланади. Ҳар бир оилада болага бўлган эътибор, онага бўлган ҳурмат ва ота-онанинг ўзаро ҳамжиҳатлиги устувор бўлиши лозим. Зеро, соғлом авлод — кучли оиланинг, кучли оила эса барқарор жамиятнинг асосидир.

Она сути — табиатнинг энг нозик ва буюк неъматларидан бири. Унда ҳаёт, меҳр, меҳнат, сабр ва минг бир ҳикмат мужассам. Бир томчи она сути ортида онанинг бедор тунлари, чексиз меҳри, фарзанди учун қилган дуолари ва фидойилиги бор. Шунинг учун ҳам она сутининг қадрини фақат унинг таркибидаги фойдали моддалар билан эмас, балки у орқали намоён бўладиган оналик меҳри билан ҳам баҳолаш лозим. Ҳар бир фарзанд онасининг меҳрини қадрласин, ҳар бир оила онани эъзозласин, ҳар бир жамият эса оналик ва болаликни асрашни ўзининг муҳим вазифаларидан деб билсин. Зеро, бугун она бағрида меҳр билан улғаяётган гўдак — эртанги куннинг илмли, одобли, иймонли ва ватанпарвар инсонидир. Она сути — ҳаётнинг илк неъмати, она меҳри — қалбнинг илк тарбиячиси, соғлом авлод эса келажагимизнинг энг катта бойлигидир!

Аллоҳ таоло барча оналарга фарзандларини соғ-саломат, солиҳ ва солиҳа, эл-юртга наф келтирадиган инсонлар қилиб вояга етказишни насиб этсин. Оналик бахтини, фарзандлар камолини ва оилаларимиз тинчлигини бардавом айласин.

Ф.Отажанова  

Хоразм вилоят бош имом-хатибининг

 хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *