ОНА СУТИ — МЕҲРДАН БОШЛАНГАН ҲАЁТ

            Инсон ҳаётининг илк саҳифалари она бағрида очилади. Унинг илк озуқаси — она сути, илк паноҳи — она бағри, қалбига сингадиган биринчи туйғу эса она меҳридир.
Дунёда шундай буюк неъматлар борки, уларнинг қадрини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Она меҳри, она дуоси ва она сути ана шундай бебаҳо неъматлар сирасига киради. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли она бағридан бошланади. Она ўз фарзандини дунёга келтирибгина қолмай, уни меҳри, сабри ва ғамхўрлиги билан вояга етказади.

Она сути — табиатнинг энг гўзал мўъжизаларидан бири. У чақалоқнинг ҳаётидаги биринчи ва энг муҳим озуқа бўлиб, унинг соғлом ўсиши, ривожланиши ва организм ҳимоясининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Она сутининг ҳар бир томчисида фарзанд учун зарур бўлган озуқа моддалари, она қалбида эса унга нисбатан чексиз муҳаббат мужассам. Чақалоқ дунёга келган илк кунларданоқ меҳр ва парваришга муҳтож бўлади. У ҳали сўзлай олмайди, ўз эҳтиёжларини тушунтира олмайди. Аммо она унинг ҳар бир ҳаракати, овози ва нигоҳидан нималарга эҳтиёж сезаётганини англашга ҳаракат қилади. Она фарзандини бағрига босиб эмизар экан, унга нафақат озуқа, балки меҳр, хотиржамлик ва хавфсизлик ҳиссини ҳам беради. Бу жараён она ва бола ўртасидаги руҳий боғлиқликни мустаҳкамлайди. Она сути чақалоқ учун энг мақбул табиий озуқа ҳисобланади. Унинг таркибида оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва иммун ҳимоясини таъминловчи моддалар мавжуд. Шунинг учун мутахассислар чақалоқни туғилганидан кейин имкон қадар эрта эмизишни ва дастлабки олти ой давомида фақат она сути билан озиқлантиришни тавсия этадилар.Фарзанд тарбияси фақат унинг тили чиқиб, юра бошлаганидан кейин бошланмайди. Тарбиянинг илк асослари чақалоқлик давридан шакллана бошлайди. Она фарзандини меҳр билан бағрига босиши, унинг эҳтиёжларига эътибор қаратиши ва ширин сўзлар билан эркалаши орқали болада ишонч ва хотиржамлик туйғуларини шакллантиради. Боланинг она бағрида ўзини осойишта ҳис қилиши унинг руҳий ривожланиши учун ҳам муҳимдир. Шу боис эмизиш жараёнини шошилинч вазифа эмас, балки она ва фарзанд ўртасидаги меҳрли мулоқот сифатида қадрлаш лозим. Зеро, болаликда ҳис этилган меҳр инсон қалбида бир умр сақланиб қолади.

Ислом динида оналик мақоми юксак қадрланади. Қуръони каримда она меҳнати, ҳомиладорлик машаққатлари ва фарзандни парвариш қилиш масъулияти ҳақида ибратли оятлар келтирилган. Бу илоҳий кўрсатмада фарзанд саломатлиги ва унинг ҳақ-ҳуқуқларига қанчалик эътибор берилганини кўришимиз мумкин.

Фарзандни эмизиш даврида она алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади. Бу даврда унинг саломатлиги, руҳий ҳолати, тўғри овқатланиши ва етарли дам олиши муҳим аҳамият касб этади. Баъзи ҳолларда ёш оналар эмизиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келишлари мумкин. Бундай вазиятларда уларга танбеҳ бериш ёки ўзини айбдор ҳис қилдириш мутлақо тўғри эмас. Аксинча, яқинлари уларни тушуниши, қўллаб-қувватлаши ва зарур пайтда тиббиёт мутахассисларига мурожаат қилишларига ёрдам бериши лозим. Оилада эркакнинг ҳам масъулияти катта. Турмуш ўртоғининг ёш онага меҳр кўрсатиши, уй ишларида ёрдам бериши ва унинг хотиржамлигини таъминлаши оилавий муҳитни янада мустаҳкамлайди.

Ҳар бир миллатнинг эртанги куни унинг фарзандлари қандай улғайишига боғлиқ. Соғлом, билимли, одобли ва маънавиятли авлодни тарбиялаш эса оиладан бошланади.
Она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш қизларни оналик масъулиятига тайёрлаш, оилаларда фарзанд парвариши маданиятини юксалтириш жамият олдидаги муҳим вазифалардандир. Бу борада отинойилар, Айниқса, ёш келинлар ва оналарга она сутининг фойдалари, бола парвариши ва оналик масъулияти ҳақида тўғри маълумот бериши муҳимдир. Зеро, соғлом авлод тарбиясига қўшилган ҳар бир ҳисса келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Она сути — ҳаётнинг илк неъмати, она меҳрининг гўзал ифодаси ва фарзанд саломатлигининг муҳим гаровидир. Она ўз фарзандига сут билан озуқа, меҳри билан таскин, дуоси билан эзгу тилаклар бахш этади. Шундай экан, оналарни эъзозлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оналик масъулиятини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Зеро, она сути билан ҳаёт бошланади, она меҳри билан қалб улғаяди, она тарбияси билан келажак бунёд бўлади!

Р.Камолова

Хонқа тумани бош имом-хатибининг                              

хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *