ОНА СУТИ — СОҒЛОМ АВЛОД ПОЙДЕВОРИ

Соғлом авлод тарбияси бешикдан, фарзанд камолоти эса она меҳридан бошланади. Она сути — чақалоқнинг илк ризқи, унинг саломатлиги учун табиат ато этган энг бебаҳо неъматдир. Инсоният тарихида она меҳри ва оналик масъулияти ҳамиша энг улуғ қадриятлардан бири бўлиб келган. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли она бағридан бошланади. Она фарзандини дунёга келтириш билан бирга, унинг соғлом ўсиши, маънавий камол топиши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун бутун умри давомида меҳнат қилади. Ана шу муқаддас масъулиятнинг илк ва муҳим босқичларидан бири — чақалоқни она сути билан озиқлантиришдир. Она сути шунчаки озуқа эмас, балки бола организмининг тўғри ривожланиши учун зарур бўлган табиий бойликдир. Унда она табиатининг мўъжизаси, фарзандига бўлган меҳри ва ғамхўрлиги мужассам.

Чақалоқ дунёга келган илк кунлариданоқ тўғри овқатланиш ва меҳрибон парваришга муҳтож бўлади. Бу эҳтиёжни қондиришда она сутининг ўрни беқиёсдир.
Она сути таркибида боланинг ўсиши учун зарур бўлган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минераллар ва иммун ҳимоясини таъминловчи моддалар мавжуд. Унинг таркиби боланинг ёши ва эҳтиёжларига мос равишда ўзгариб боради. Айниқса, туғруқдан кейинги дастлабки кунларда ажраладиган оғиз сути чақалоқ учун алоҳида аҳамиятга эга. У иммун ҳимоясини шакллантиришга ёрдам беради ва боланинг ташқи муҳитга мослашишида муҳим ўрин тутади.

Мутахассислар чақалоқни туғилганидан кейин имкон қадар эрта эмизишни, дастлабки олти ой давомида эса фақат она сути билан озиқлантиришни тавсия қиладилар. Олти ойдан кейин қўшимча овқатлар киритилиб, эмизишни икки ёшгача ёки ундан ҳам узоқ давом эттириш мумкин.

Боланинг соғлом улғайиши фақат унинг қандай озиқланишига эмас, балки қандай муҳитда тарбия топишига ҳам боғлиқ. Она сути билан озиқлантириш боланинг саломатлиги учун муҳим асослардан бири ҳисобланади. Она сути билан озиқланган чақалоқларда айрим юқумли касалликлар, жумладан, ич кетиши ва нафас йўллари инфекцияларига чалиниш хавфи камаяди. Шунингдек, она сути боланинг ҳазм тизими ривожланишига ёрдам беради. Эмизиш она саломатлиги учун ҳам фойдали. У туғруқдан кейин бачадоннинг қисқаришига ёрдам беради, шунингдек, кўкрак бези ва тухумдон саратони хавфининг камайиши билан боғлиқ. Шундай экан, она сутининг қадрини англаш ва унинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш соғлом авлод тарбияси йўлидаги муҳим вазифадир.

Ислом дини инсон саломатлиги, оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Қуръони каримда онанинг фарзандини эмизиши ҳақида ҳам муҳим кўрсатмалар берилган. Ислом таълимотида онани ҳурмат қилиш, унинг меҳнатини қадрлаш ва фарзандга меҳр билан муносабатда бўлиш юксак фазилатлардан ҳисобланади.
Она сути боланинг танаси учун озуқа бўлса, она меҳри унинг қалби учун таскиндир. Эмизиш жараёнида она ва фарзанд ўртасида ўзига хос яқинлик шаклланади. Она бағридаги илиқлик, унинг овози ва меҳрибон нигоҳлари чақалоққа хотиржамлик бағишлайди. Бу жараён боланинг руҳий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Она фарзандини нафақат сут билан озиқлантиради, балки унга илк бор меҳрни, ишончни ва яқинликни ҳис қилишни ўргатади. Шунинг учун эмизиш даврида онанинг руҳий ҳолати, хотиржамлиги ва оиладаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Баъзан ёш оналар эмизиш даврида турли қийинчиликларга дуч келишлари мумкин. Сут камлиги, чарчоқ, уйқусизлик ёки бошқа муаммолар уларни руҳан толиқтириши эҳтимолдан холи эмас. Бундай вазиятларда оила аъзоларининг меҳри ва ёрдами жуда зарур. Она ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги, турмуш ўртоғи ва яқинларининг қўллаб-қувватлашини сезиши керак.
Отинойилар, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ёш оналар ўртасида маърифий суҳбатлар ташкил этиш, она сутининг аҳамияти ва бола парвариши ҳақида тўғри маълумотлар бериш мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, ҳар бир ёш келин-қиз қалбида оналик масъулияти, фарзандга ғамхўрлик ва соғлом оила барпо этиш туйғуларини шакллантириш муҳимдир.

Бугунги кунда соғлом авлодни тарбиялаш нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир. Чунки бугунги гўдаклар эртанги куннинг олимлари, устозлари, шифокорлари ва Ватан равнақига ҳисса қўшадиган инсонларидир. Шу боис оналикни эъзозлаш, эмизикли аёлларга ғамхўрлик қилиш, она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб этиш ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Фарзандга ҳаётнинг илк кунлариданоқ соғлом озуқа, меҳр ва эътибор бериш унинг келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Она сути — соғлом авлоднинг илк пойдевори, она меҳрининг энг гўзал ифодаси ва ҳаётнинг бебаҳо неъматидир. У фарзанднинг жисмоний ривожланишига ёрдам бериш билан бирга, она ва бола ўртасидаги меҳр ришталарини ҳам мустаҳкамлайди. Ҳар бир она ўз фарзанди учун қилаётган меҳнатининг қадрини ҳис этсин, ҳар бир оила онани қўллаб-қувватласин, ҳар бир жамият эса соғлом авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшсин.

Она сути — соғлом ҳаётнинг бошланиши, она меҳри — бахтли келажакнинг тамал тошидир!

Г.Шерниязова

Хазорасп тумани бош имом-хатибининг                         

хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *