ДУНЁВИЙЛИК ДАҲРИЙЛИК ЭМАС

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қолдирган буюк мерос кишини ҳайратга солади. Ҳаётнинг бирон
жабҳаси йўқки, унинг ислоҳи ва такомили билан Ислом Каримовнинг шахсан ўзи қизиқмаган, шуғулланмаган бўлсин. Шу нуқтаи назардан ҳам бугун биз истиқлол йилларида мамлакатимизда маънавий-мафкуравий жабҳанинг
биргина йўналиши – диний маърифат, виждон эркинлиги, миллатлар ва динлараро бағрикенглик йўналишида амалга оширилган улкан ишларнинг айрим жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз.
Мустақиллик йилларида юртимизда тинчликнинг, тотувликнинг сақлангани Ўзбекистон ҳаётидаги энг катта ютуқ бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган мамлакатда, фуқароларга мутлақо нотаниш бўлган бошқа бир муносабатлар тизимига ўтиш даврида давлат ва жамият бошқарувида тотувликни сақлаш осон иш эмас эди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат ва дин муносабати қандай бўлиши керак деган саволга Ислом Каримов қуйидагича жавоб берган эди: «Давлатнинг иши – давлатники, диннинг иши – динники бўлиши лозим. Бу нозик ва мураккаб масалада муносабатларнинг ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида қурилиши – ягона мақбул йўлдир.
Давлат диндор фуқароларнинг диний эътиқод ва ҳақ-ҳуқуқларини қанчалик ҳурмат ва эҳтиром қилса, диндорлар ҳам давлат қонунлари ва сиёсатини шунчалик ҳурмат ва эҳтиром қилишлари шарт. Шундагина ҳеч кимнинг ҳеч кимдан кўнгли қолмайди».
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқламаган ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг “Моида” сураси 32-ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.
Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Бугун муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилаётган тўдаларнинг мисоли худди қуйида келтириладиган оятдаги кишиларга ўхшайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасод(бузғунчилик)ни ёқтирмайди. Унга «Аллоҳдан қўрққин!» дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудхиш жой у!”
Давлатимиз томонидан экстремизм, террорчилик ва ақидапарастликка қарши мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда кураш олиб борилаётганини кенг афкор омма тушуниб етди. Бу кураш ота-онамиз, яқинларимиз, Ватанимиз ҳимояси йўлидаги мардонавор кураш ва мусулмончилик бурчимиз ҳамдир. Зеро, дунёвийлик — айрим ақидапараст кимсаларнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, асло даҳрийлик эмас!

Х.Қиличев
Ҳазорасп тумани “Исмоил эшон бобо” масжиди имом-хатиби в.б

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *