ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

Аллоҳ таолонинг яратган мавжудотлари ичида энг азизи ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдек қадр қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, ҳатто унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Инсоннинг тириклик чоғидаги қадр-қиммати ҳаммага маълум. Инсон ўлгандан кейин ҳам тирик инсонлар, қариндошлари, ёру-дўстлари қадр-қимматини, ҳурматини жойига қўядилар. Аллоҳ таоло инсон зотини бу дунёда турли-туман қийинчиликлар ва мусибатлар билан имтиҳон қилиб туради. Юқорида айтганимиздек юртимизда яшовчи ҳар-бир инсон бошига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йиллари ва иккинчи жаҳон урушининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини асло йўқотмадилар. Доимо мустаҳкам иймон, ирода ва Яратганнинг раҳматидан умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка катта умидлар билан боқдилар.
Бугун аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат — Ватанимиз мустақилликка  эришган нурли кунларда турибмиз. Истиқлол йилларида аждодларимизнинг хотираларини қадрлаш, юрт озодлиги йўлида жон-фидо қилган юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун қилинаётган эзгу амаллар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Юртимизда бир неча йилдирки, 9-май — «Хотира ва қадрлаш куни» байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳашр сураси 10-оятида: “Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар”.
Бу ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмокда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъи назар, ўзидан аввал вафот этиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Шу билан бирга, тирикларга нисбатан ҳам мўмин кишининг қалбида ҳеч қандай адоват, ҳасад бўлмаслиги зарур. Демак, Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойикдир.
Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин ҳаёт бўлган ёши кекса отахон-онахонларимизни қадрига етиб юрайлик дуоларини олишга ҳаракат қилайлик. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик байрамга боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодон қилиш учун давлатимиз уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда марҳамат қиладилар: «Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди» деганлар.
Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг ёши улуғ дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, орамиздаги катта ёшдаги отахон ва онахонларимизни қадрлаб, хайрли дуоларини олайлик.

Х.Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *