ТЕРРОРИЗМНИНГ МОҲИЯТИ

Терроризм бутун тарих давомида инсониятнинг доимий ҳамроҳи бўлиб келган, ҳозирги замоннинг энг хавфли ва олдиндан билиб бўлмайдиган ижтимоий-сиёсий ҳодисалари жумласига киради. Бугунги кунда терроризм муаммоси бутун дунёда энг долзарб муаммолардан биридир. Сайёрамизда тобора хилма-хил шакл ва таҳдидли даражада миқёс касб этадиган ушбу жаҳоншумул офат тегиб ўтмаган мамлакат ҳам , жой ҳам йўқ.
Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, “Терроризм” термининга 200 га яқин таъриф берилган ва бу борадаги баҳс-мунозаралар 35 йилдан буён давом этмоқда. “Террор” атамаси лотинча “terror”- даҳшат, қўрқув сўзидан келиб чиққан; умумий маънода у сиёсий муаммоларни ҳамда зиддиятларни зўравонлик ёрдамида ҳал этиш методини англатади. Фалсафа қомусий луғатида эса бу ҳодиса қуйидагича таърифланган: “Терроризм, террорчилик-зўрлик ва жаҳолат мафкураси; террор билан амалга ошириладиган сиёсий ҳаракат. Терроризм бир неча асрлар олдин шаклланган, географик жиҳатдан барча минтақа ва мамлакатларда учраши мумкин бўлган мураккаб феномендир”.  Террор тушунчаси негизида сиёсий мақсадларга эришиш учун зўравонликни қўллашга йўл қўйилиши тўғрисидаги тасаввур ётади. Бундан келиб чиқишича, террор – оммавий сиёсий мақсадларга эришиш учун зўравонликдан ҳамда зўравонлик қилиш билан таҳдид солишдан мунтазам фойдаланишдир. Терроризм – сиёсий мақсадлар куч ишлатиш йўли билан амалга ошириладиган қўрқитиш. Куч ишлатишнинг жисмоний, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ахборот орқали ва ҳоказо шаклларидан фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунида терроризм тушунчаси қуйидагича ифодаланган: “Терроризм-сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этилишидан тийилишга мажбур қилишга,халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар; террорчи – террорчилик фаолиятини амалга оширишда иштирок этаётган шахс; террорчилик гуруҳи – олдиндан тил бириктириб, террорчилик ҳаракатини содир этади.
Замонавий тадқиқотчиларнинг фикрича, терроризм – сиёсий мақсадда амалга оширилаётган террорнинг назарияси ва амалиёти бўлиб, у икки қисмдан иборат:
—  биринчиси, террорнинг маънавий-мафкурвий жиҳати. У террорчиларнинг ҳис-туйғуга асосланган ғоялари, мавҳум, жумладан “диннинг софлиги”, “халқ бахти”, “халқ манфаати” каби тушунчаларга таянади. Улар воқеликдан эмас, ўз шахсий тасаввурлари дунёсидан келиб чиқиб ҳаракат қиладилар;
—  иккинчиси, террорнинг амалий томони бўлиб, у террорчилар, террорчи гуруҳлар ва ташкилотлар томонидан юқоридаги талабларни бажариш (террорчилик актларига тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш) натижасида ўз мақсадларига эришишдан иборат.
Террор – такрорланиб, кучайиб борувчи қўрқинчнинг даҳшатга айланиши. Террорнинг илдизи инсоннинг шуури билан минглаб ришталар билан боғланган, хусусан, агрессивлик ва шафқатсизлик охир-оқибат муайян тарихий шароитларда анархия ва зўравонлик билан ҳаракатга интилади. Ўзигини йўқотган, тубан, ғазабнок инсон ҳиссиётлари ақл билан бошқарилмайди, тафаккурга буйсунмайди. Агрессия, куч қўллаш, жисмоний йўқ қилиш орқали инсон тинчлиги, соғлиги ва ҳаётига хавф солувчи зўравонликка асосланган фаолият – террорчилик фаолиятидир. Буларни амалга оширувчиларни эса террорчи деб аташ мақсадга мувофиқ. Террор, террорчилик фаолияти, терорчи биргаликда бир бутун ҳодиса сифатида терроризмни ташкил қилади.
Шунинг билан бир қаторда Дин арбоблари ва мутахассисларнинг террорнинг исломда умуман мавжуд эмаслиги, ислом маърифат ва маънавият эътиқоди эканлигини халқимизга тушунтириш йўли яхши самара беради. Зеро, биз фарзандларимизни Президентимиз айтганидек, исломдаги Имом Бухорийлар, нақшбандийлар, яссавийлар, термизийлар таълимоти асосида тарбияласак, уларни турли ислом ниқоби остидаги ғаразли гуруҳлар билан, буюк аждодларимиз амал қилган ва бизларга меърос бўлган мусаффо, маърифатли ислом билан экстремизм фарқини ажрата оладиган даражада ёшларимизни билимли қилишимиз зарур бўлади.
Энг зарур чоралардан бири бу халқимизнинг огоҳлигидир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширилса, ўша ердаги бирон ҳолат аввалдан бирон ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас. Худди кучли зилзиладан олдин ҳайвонлар безовталангани каби, атрофимизда – маҳалла кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш лозим.
Бу ўринда, терроризмга қарши маънавий-маърифий курашнинг айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритилар экан, бу масаладаги тугал фикрлар ана шулардан иборат деб бўлмайди. Замон ўзгариб борар экан, ҳар қандай ёвуз кучларга нисбатан кураш услубларидан ҳам фундаментал ўзгаришларни юзага келишини тақозо этади. Шу сабабдан бу борада яна бир муҳим жиҳат, айни терроризмнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш усуллари борасида, илмий изланишлар олиб бориш ва бу борада халқаро тажрибаларни тадқиқ этиш ҳам зарурий эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Х.Уллиев
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом-хатиби


Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *