РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК

Барчаларимизни орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етказганига Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтамиз. Рамазон ойи яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган буюк ойдир. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиѐмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан бошқа ҳеч ким кирмайди”. Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ѐмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ѐки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки,рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Зеро, Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди», дейилади.
Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз, маҳалламиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Зеро, мусулмонлар бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ѐрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни бекаму-кўст Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз. Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон карим хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади.
Айниқса, бу сафарги Рамазон ойи яна шу билан шарафлики, ушбу йил феврал-март ойларида Хоразм воҳасида халқимиз орзу қилган Республика Қорилар мусобақасининг туман-шаҳар ва вилоят босқичлари, май ойида Ҳадиси шариф билимдони мусобақалари кўтаринки руҳда ўтказилиб, ихлосманд халқимизнинг Қуръони каримга ва ҳадиси шарифларга муҳаббати зиёда бўлмоқда. Ушбу хайрли ишнинг давоми сифатида муборак Рамазон ойида Хоразм вилояти бўйлаб қирқ учта жомеъ масжидларида таровеҳ намозларида етук қорилар томонидан Хатми Қуръонлар қилиш режалаштирилган.
Кейинги йилларда Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарорлар эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаѐтимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадирятларимизни асраб авайлаш ва улуғлаш ҳамда ѐш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.
Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари, ва туманлардаги барча масжидлар имом-хатиблари сиз муҳтарам жамоат билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиѐратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий-маърифий таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларимизга қутлуғ муборак бўлсин.

X. АБДУЛЛАЕВ
УМИ Хоразм вилояти вакили.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *