АХЛОҚИМИЗНИ САЙҚАЛЛАШТИРУВЧИ МЕЪЁРЛАР

Ахлоқий меъёрларнинг ҳалоллик, ростгўйлик, ҳаёлилик, инсофлилик, хушмуомалалик, боодоблик, камтарлик сингари меъёрлар айниқса диққатга сазовор. Ахлоқий меъёрлар инсонни бошқа мавжудодлардан ажратиб турувчи, эзгу фазилатларни юзага чиқарувчи омиллар сифатида намоён бўлади.
Ахлоқшунос олим Абдулла Шер ҳалоллик виждон, адолат ва бурч каби ахлоқшунослик мезоний тушунчалари билан боғлиқлиги, инсоннинг ўзгача муносабати ўзича муносабатидек соф, покиза бўлишини талаб қилидиган ахлоқий меъёр эканлигини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, ҳалоллик даставвал диний тушунча сифатида вужудга келиб, ҳар бир мусулмоннинг емак-ичмаги, жинсий ва иқтисодий хатти-ҳаракатлари сифатини белгилаб берувчи шаръий меъёр бўлиб амал қилган,унинг зидди-ҳаром диний нуқтаи – назардан салбий ҳисобланган хатти — ҳаракатларга нисбатан қўлланилган.
Демакки, ҳар бир диний эътиқоднинг асосида ахлоқийлик ётади ва у кўп ҳолларда ибодатдан баланд қўйилган: солиҳ бандалар, Қуръони Каримда айтилганидек, энг аввало гўзал ахлоқ эгаларидир. Шу боисдан кейинчалик ҳалоллик нисбатан тор шаръий қобиқдан чиқиб, аста-секинлик билан шахс ҳаётидаги кенг қамровли ахлоқий меъёрга айланди, теран маънавийлик касб этгани ҳолда, кундалик ҳаётдаги инсонийликни белгилайдиган умуминсоний фазилат бўлиб қолди..
Маълумки, “ҳаром” моҳиятан ҳалолликнинг зидди ҳисобланади. Шунинг учун ахлоқий муносабатлар тизимида ҳаромлик ёхуд нопокликнинг ҳалолликка нисбатан кам учрамаслиги доимо ахлоқшуносларни ташвишга солиб келган. Чунончи, Имом Ғаззолийнинг ҳаром ейиш ҳақида тўхталиб, мана бундай дейиши бежиз эмас: «… Хоҳи зулм билан олинган бўлсин (куч ишлатиб, хоинона ундириш ва босқинчилик-ўғрилик йўллари билан олиш); хоҳ завқ ва ўйин йўли билан олинсин (қимор ва шунга ўхшаш нарсалар билан бўлганидай); хоҳ ҳийла ва найранг йўллари билан олинсин (товламачилик ва алдамчилик, тарозидан уриш каби); ўз моли ва бойлигини ҳаром ишларга (ичкиликбозлик, қимор, фоҳишабозлик) харжлаши — ҳаммаси ҳаром ейишга киради».
Ҳалоллик фидоийлик ва ростгўйлик ахлоқий меъёри билан шартланади; доимо ҳалоллик қилиш ёки ҳалол яшаши учун киши албатта нималардандир кечиши, фақат рост гапириши, сўз билан иш бирлигига эришиши керак. Шу боис ҳалол инсон жамоатчилик ўртасида обрўга эга, ҳурматга сазовор бўлади. Қайси жамиятда ҳалол фуқаролар кўпайса, ўша ерда бахт ва фаровонлик ҳукм суради.
Ахлоқий меъёрлар ичида ростгўйлик ижтимоий муносабатлар тизимининг муҳим талаби ҳисобланади. Ростгўйлик ёки тўғри сўзлилик инсоннинг ҳақиқатга интилиши билан боғлиқ, “Тарбия энциклопедияси”да ростгўйлик ҳақида қуйидаги мулоҳазалар баён этилган. “Масалан., яқинда тили чиққан ёш гўдакни олайлик. У нима десангиз ишонади, ўзи нимаики деса — рост гапиради («Алдагани бола яхши» деган мақолни эсланг). Гўдакнинг соддалигидан, ишонувчанлигидан, тўғрисини айтишидан биз-катталар куламиз; лекин ҳақиқат устидан, ростгўйлик устидан кулаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Гўдак каттайиб, “ақли кириб” боргани сари атроф-муҳитда ёлғон мавжуд эканлигини, рост гапирса ё кулги бўлиши, ё жазо олиши мумкинлигини англаб етади ва аста-секин ёлғонга ўргана бошлайди. Инсоннинг бу йўлдан фақат юксак маънавийлик, биринчи галда ахлоқий тарбия қутқаради. Эзгулик, номус, ор, қадр-қиммат, инсонпарварлик, ҳалоллик, инсоф нима эканини тушуниб етган кишигина ростгўй бўла олади.
Ёлғонга келсак, уни кўпчилик донишмандлар энг катта ёвузликлар сирасига киритишган. Чунки ёлғончи кишилар бўлган ёки бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида нотўғри ахборот бериб одамларни адаштирадилар, ўзлари ҳам адашадилар.. Бунга ўзбек халқ эртақларидан биридаги икки марта ярим кечада «Уйим ёниб кетди!» деб ёлғондан фарёд кўтариб, ҳаммани — соғу касални, қари-ю ёшни оёққа турғизиб овора қилган, учинчи марта ҳақиқатдан ҳам уйига ўт тушганида кўтарилган дод – войга ҳеч ким эътибор қилмаган ёлғончининг қисмати мисол бўла олади. Ўз қишлоқдошларининг ишончини йўқотган эртак қаҳрамони фақат ўзгаларнигина эмас, ўзини ҳам алдади: учинчи чорловига ҳеч ким ёрдамга келмади, уйи таг-туги билан ёниб кетди, бошпанасиз қолди. Ҳар қандай ёлғончининг пешонасида ана шундай «бошпанасиз» паноҳсиз қолиш қисмати бор. Зеро ҳар бир инсон учун ўзгаларнинг унга бўлган ишончи энг қоим паноҳдир; ўзгаларнинг ишончи инсоннинг ўзига ишончини шакллантиради ва мустаҳкамлайди.
Ахлоқнинг навбатдаги меъёрий тушунчаси ҳаёлиликдир. Оила ва мактабдаги тарбияда ҳаёли бўлишлик — хулкий гўзаллик, назокат экани, бехаёлик — хулкий хунуклик ва кўполлик эканини уктириб бориш мухим вазифалардан биридир.
“Ҳаё, — деб ёзади Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ” асарида, – дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шул маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир… Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир”.
Шундай қилиб, ахлоқий меъёрлар бир-бири билан шу даражада чамбарчаски, баъзан бирини иккинчисидан аниқ ажратиш қийин, зеро улар хулқ ва одоб доирасидаги ахлоқий хатти ҳаракатлардир.

Мунисов Ҳусниддин
Боғот тумани Саид Мансур эшон бобо масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *