МУБОРАК РАМАЗОН — САХОВАТ ОЙИДИР

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, жаннатмакон юртимизда Рамазон шукуҳи ёшу-қарини баробар руҳлантириб, барчани эзгуликка ва яхшиликка ич-ичидан ундаб турибди, десак асло муболаға бўлмайди. Рамазонда хусусан, садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эканлар, ҳатто Ибн Аббос р.а.нинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саҳоватли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.
Эркин шамол — бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос р.а. мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.
Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, хақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди. Имом Бухорий Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амалларни қилмасин ҳамда бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: «Мен рўзадор кишиман», десин», деганлар.
Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Хатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Рамазон сабр-бардош ойидир. Рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам Абу Фазл келтирган хадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган. Шундай экан, барчамиз Рамазон ойини ғанимат билиб эзгу ва савоб ишларни янада кўпроқ қилиб қолишга ва жиноят ва гуноҳлардан ўзимизни тийишга янада ғайрат қилмоғимиз лозимдир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва осойишта қилиб, турли офатлардан ва ёмон кўзлардан ўзи асрасин, деб яратгандан сўраймиз.

Қ. Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *