БАХТЛИ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛА САРИ

Агар оилалар жипс, бақувват, бахтли бўлсагина жамият ҳам жипс, бақувват, бахтли бўлади. Мусулмонлар бу нозик ишда бутун олам тарбиячиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар. Чунки оила илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, фозил ахлоқ асосида қурилгандагина мустаҳкам ва бахтли бўла олади.
Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, ислом динимиз камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига ишора қилади. Бинобарин, бундан баъзи кишилар «қўли калталик»ни баҳона қилиб, никоҳни ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги тушунилади. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрсак, кўпчилик авваллари бепарво юрган бўлса ҳам оила қургач жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз. Аллоҳ таоло айтади: “Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз”, деган (Раъд, 38).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини баён қилмоқда. Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Улар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Никоҳ туфайли оила деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади. Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади. Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади.
Мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши лозим. Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ–уйланиш, оила қуриш вожиб бўлади. Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:
-Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан доимо шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак;
-Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик бир ҳайъат деб қараш керак;
-Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак;
-Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олижаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Бу эса, ўз навбатида, келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.

Атажонов Раматжон
Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *