ОФИЯТ ЭНГ ЯХШИ ДУОДИР

Офият, деб сиҳҳат — саломатлик ва тинчлик-хотиржамликка айтилади. Соғлом тана инсон учун бебаҳо неъматдир. Чунки саломатлик бўлмаса, ҳар қандай ўйин — кулгу, хурсандчилик ва тўю шодиёналар ҳам кишига татимайди. Инсоннинг егани ичига тушмайди танада дард бўлса. Ибрат учун бир мисол келтирамиз: тўшакка михланиб осмонга термулиб ётадиган беморлар ҳам бор. На ибодатни бажара олади ва на ош — овқатини ўзи ея олади. Нуқул бир нуқтага тикилиб сония санаб, тунни кунга улаб умрини аранг ўтказади улар. Мана шундай оғир дардлардан асрагани учун Аллоҳга минг бор шукрлар айтамиз. Тану жонимиз саломат, қулоғимиз эшитади, кўзимиз кўради, оёқ-қўлимиз ҳам соппа — соғ. Сиҳҳат — саломатлик ва тинчлик-хотиржамликка не етсин, азизлар!
Офият қанчалик буюк неъмат экани мана бу ривоят мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Ё Расулуллоҳ, энг зўр дуо қайси? – деб сўради.
У зот:
– Парвардигорингдан дунё ва охиратдаги авф ва офиятни сўра! – дедилар.
Ҳалиги одам келиб яна:
– Ё Расулуллоҳ, энг яхши дуо қайси? – деб савол берди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна:
– Парвардигорингдан дунё ва охиратдаги авф ва офиятни сўра! – деб такрорладилар.
Ўша одам учинчи сафар ҳам келиб:
– Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари! Энг афзал дуо қайси. Менга ўргатинг? – деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:
– Парвардигорингдан дунё ва охиратдаги авф ва офиятни сўра! Агар сенга бу иккиси берилса, сўзсиз нажот топибсан! – дея таъкидладилар.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, осуда тунлар ва чароғон кунлардан иборат ҳаётимиз бир маромда ўтиб бормоқда. Дунёнинг турли нуқталарида нотинчлик ҳукм сураётган, қонли тўқнашувлар кетаётган, қайсидир жойларда ўта кучли шамол ва сув тошқинлари бўлиб турган бир паллада тинчлик — хотиржамликдек улуғ неъмат ила сийланганмиз. Бунинг учун Аллоҳга қанча ҳамду санолар айтсак, шунча оз.
Қалбимиз хотиржам, ибодатларимиз тўкис, ишларимиз унумли ва баракали бўлиши юртимиз тинчлиги билан чарбарчас боғлиқ. Осмонида кабутар ва лайлаклар учиб юрадиган диёримизнинг нуроний отахонлари хайрли дуоларга қўл очар, яхши инсонлар солиҳ амалларда бардавом эканлар, Аллоҳ бизларни тинчлик ва саломатлик неъмати ила ярлақайверади.

Э.Қутлиев
Хонқа туман “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *