БАЛАНД МАРТАБА

Кечиримлилик инсондаги энг олий фазилатларлардан саналади. Чунки ўзига етказилган зарарни икки оғиз сўз эвазига кечириб юбориш учун ҳам қалб бағрикенг бўлиши керак. Аллоҳ таоло ўзи Кечирувчи бўлгани ҳолда, бандаларини ҳам афв этиш, ғазабдан тийилиш, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришга буюради. Кечиришдек илоҳий сифатнинг бир тажаллисини бағрикенг қалбга солади ва инсонларда ҳам унинг нури намоён бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинади: «(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато-камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).
Мағфират соҳиби Аллоҳ Пайғамбар (а.с.)га жоҳил кимсалардан юз ўгириш, инсонларнинг билмай қилган гуноҳларини афв этиш кераклигини таъкидлайди: «Афвни ихриёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199).
Парвардигор бандаларини кечиримли бўлишга бежиз буюрмаган. Чунки инсоният ўзига нисбатан қилинган ҳар бир камчилик, хато, ёмонлик ва зарарни кечирмай, уларга яраша ёки зиёда тарзда жавоб қайтараверса, унда Ер юзи адоват, уруш, жанжалга тўлиши муқаррар эди.
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи кечиримлиликда намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади. Убода ибн Сомит (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга: «Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баланд кўтаришини айтайми?», – дедилар. Саҳобалар «Ҳа, айтинг», — дейишди. Шунда Он ҳазратлари: «Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг», — деб марҳамат қилдилар.
Ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш фазилатли амаллардан ҳисобланиб, Қуръонда шундай дейилади: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал (муомала) билан даф қилинг. (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34). Шунга биноан Юртбошимиз фармони билан бир неча йилдан бери қутлуғ саналар арафасида олдин жиноят қилиб, жазога маҳкум этилган, кейинчалик ўз айбига иқрор бўлиб, астойдил пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган шахсларга нисбатан афв эълон қилиш хайрли анъанага айланган.
Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўлган ва бўладиган кишиларнинг феълидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек: «Кучли одам ҳаммани курашда енгадиган киши эмас, балки, хақиқий кучли одам, ғазаби келганда уни амалда қўллашга қодир бўла туриб ичига юта олган кишидир».
Аллоҳ таоло мағфират истаганларга: «Сизлардан фазл ва катта мол-давлат эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир», – дея хитоб қилган (Нур, 22).
Хўш, инсон кечиради, ўртадаги муносбатга совуқчилик туширмай, дейди. Лекин бунинг эвазига у нима олади? Бундай кишиларнинг мукофотини Аллоҳнинг ўзи беришини таъкидлаган: «(Ҳар ҳандай) ёмонликнинг жазоси ҳудди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофати Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмайди» (Шўъро, 40).
Инсон томонидан содир этиладиган гуноҳлар икки хил бўлиб, бири Аллоҳ билан бандалар ўртасида ва иккинчиси бандалар ўртасида бўлади. Аллоҳ билан банда ўртасидаги гуноҳлар намоз, рўза каби ибодатларни бажармаслик бўлиб, уларни кечириш Яратганга ҳавола.
Иккинчи тур гуноҳлар – ғийбат, туҳмат, бировнинг молини ноҳақ тортиб олиш, чақимчилик кабилар бўлиб, бандалар ўзаро ораларини ислоҳ қилмагунларича Аллоҳ ҳм кечмас экан.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в.) Тоиф шаҳрига Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борадилар. Улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб ҳайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларига Жаброил (а.с.) фаришта келиб: «Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди», — деганларида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар», — деб дуо қиладилар. Шунда Жаброил (а.с.): «Аллоҳ таоло Сизни «марҳаматли ва меҳрибон», — деб рост айтган экан «, — дедилар.
Кечиримлиликда намуна бўлган зот Муҳаммд (с.а.в.) “Кечиримли бўлинглар, шунда ҳам сизга керимли бўлишади”, дея марҳамат қилганлар.

Х.Отажонов
Урганч шахар “Охун бобо” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *