ТИНЧЛИКНИ АСРАШДА ЯКДИЛ БЎЛАЙЛИК

Аввало тинчлигимиз Оллоҳ берган улуғ неъмат. Ислом дини ҳам тинчлик динидир, унинг асосий даъвати инсонларни тинчликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат ҳурмат кўрсатишга чақиради.
Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойидир. Болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир. Сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи, тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, хатто ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.
Ҳақиқатдан ҳам тинчлик – бу ислом шиоридир. Шунинг учун ҳам инсонлар ўзаро муомалаларини доимо бир бир-бирларига якдиллик билан, тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Бағрикенглик сифатига эга бўлган ислом дини инсониятга Аллоҳнинг раҳмату ҳамжихатликда бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга буюрганлар. Динимизда қўни-қўшничилик хақ-хуқуқларига алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки маҳалла-жамият таянчи, унда турли дин ва миллат вакиллари истиқомат қиладилар. Шунинг учун ҳам буларнинг барчасига якдиллик билан чин инсон сифатида тинчлигимизни қадрига етиб, сидқидиллик билан умргузаронлик қилсак ҳақиқатдан ҳам тинчлигимизга ҳисса қўшган бўламиз.
Аллоҳ таоло улуғ немат бўлган тинчлик неъматини бардавом қилсин, ҳамжиҳатликда, якдилликда умр ўтказишни насиб айласин.

Ш.Отажонов
Хива тумани “Шайх Мавлон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *