ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРГА ЧЕК ҚЎЯЙЛИК

Аллоҳ таоло никоҳни муқаддас ришта дея эълон қилиб, беҳуда сабаблар ила ажрашишдан қайтарган. Аммо баъзи ҳолатларда ажримга рухсат берилган. Ислом шариатига кўра ажрим икки хилдир: Шаръий ажрим Қазоий (қози томонидан бўладиган) ажрим шариъий ажримда ийло, лион, зиҳор, диндан чиқиш, эр-хотиндан бирининг Исломга кириши ила оралари ажратилади.
Ушбу шаръий ажримлар фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган. Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра, қуйидагилар сабаб бўлади: нафақа қилишдан  ожизлик, эр-хотиндаги айб, зарар, ёмон оилавий муносабатлар, эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ. Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади. Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида нафақадан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади. Аммо, ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳ бой, гоҳ ночор ҳолатда бўлади. Зеро Аллоҳ таоло айтган: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган(камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша)нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик(бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ, 7 оят).
Шунинг билан бир қаторда қайсики уйда кексалар бўлса, гўё кўкдан нур ёғилиб турганга ўхшайди. Хонадонда тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларда файзу барака, ишларда ривож ва самара бўлади.
Нуроний отахон-онахонлар ўзларининг эзгу дуолари, доно ўгит ва бой тажрибалари билан ёшларга қанот ва сабот бағишлаб туради. Ўқишга, ишга отланар эканмиз, дуоларини олиб кўнглимиз мунаввар бўлади. Уйга қайтганимизда меҳридан, теран маслаҳатларидан кўнглимиз таскин топади.
Бироқ назаримизда бугун ана шу анъана бироз унут бўлаётгандек. Эҳтимол шу сабаб турмушда, ишда, умуман айтганда, ҳаётимизда бир қанча қийинчилик, муаммоларга дуч келмоқдамиз. Кўпчиликни ташвишга солаётган ана шундай долзарб муаммолардан бири бу – оилаларнинг ажримидир.
Одам Атонинг қовурғасидан Момо Ҳавво яралганидан бери аёл ва эркак бир-бирларига суянчиқ, ҳамкор, ҳамдард бўлиб яшаб келадилар. Эркак кўчанинг одами, у оиланинг моддий таъминоти билан банд. Чунки Аллоҳ таоло эркакларни шунга буюради: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир» (Нисо, 34).
Аёл эрининг хизматини қилиш, болаларига яхши тарбия бериш ва уйдаги тартиб-қоидани ўрнатишга масъул қилинган. Ўзбек халқи ана шу тартиботга кўра умргузаронлик қилиб келган.
Моддий таъминот эркак кишининг фарзанд тарбияси масъулиятини елкасидан олмайди. Эркак, яъни ота бош бўлса, аёл бўйин. Бошқача қилиб айтганда, эркак кишининг ҳурматини сақлаган ҳолда унинг уй ишларида сўнгги қарорни қабул қилишини аёл таъминлаши керак. Шу билан бирга эркак кишининг муваффақият қозонишида ҳам завжасининг алоҳида ўрни бор.
– Аввало эркак ва аёлнинг ўз масъулиятини бажармаслиги қандай оқибатларга олиб келади-деган саволни ўртага кўндаланг қўйиб кўриш керак?
– Эркаклар ҳам, аёллар ҳам масъулиятини бажармаганларидан фарзандларининг тарбияси зарар кўради, оилалар барбод бўлади, аёллар бева, фарзандлар эса тирик етим бўлади. Шу сабаб хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ўз масъулият ва вазифаларини унутмаслиги, айниқса, оила қураркан, ота-оналикнинг аслида нима эканини теранроқ англаб олишлари лозим.  Акс ҳолда оқибати бутун умрлик надомат ва афсусдир.
Шунингдек, хозирда ҳар 4-5 оиладан бири судга шикоят билан ажрим сўраб чиқмоқда. Мутахассислар ва яраштирув комиссиялари шикоят сабабини ўрганиб чиқишганда, ажримга асосли сабаблар деярли топилмайди. Келинга қарши шикоятлар: “Таги паст…”, “Мебели хорижники эмас…”, “Кулиб юрмайди…”, “Дангаса…”, “Онаси бешик қилиб, той обкелмаган…”, “Уй ишларига уқуви йўқ…”, “Бир йилдан бери туғмаяпти…”, “Битта болани эплолмайди…”, “Қачон қараса касал, югуриб-елиб хизмат қилмайди…”, “Онаси қудачиликни ўрнига қўймайди…” ва ҳоказо иддаолар. Касални даволатса, дангаса, хулқи ёмонга насиҳат қилса,  тойсиз ҳам набира катта қилса, таги паст бўлсада, одоби яхши келин билан муроса қилиб яшаса бўлади. Аммо арзимас сабаблар билан эр-хотин орасига низо солиш, жанжал кўтариш, хотинга азият етказиш Ислом шариатида маън этилган. Аммо кўп қайнона-қайноталар айб ўғилларида эканлигини билиб турсалар ҳам ҳамма айбни келиндан кўриб, оила негизига ўзлари билмаган ҳолда болта уриб қўядилар. Бунинг акси ўлароқ, эркак кишига ҳам баъзи асоссиз айбларни рўкач қилишади: “Ландовур…”, “Оилани боқолмайди…”, “Хотини талабларини қондиролмайди…”, “Бир иш қўлидан келмайди…”, “Ўзига тўқ деб ўйлабман, камбағал бўлиб чиқди…”, “Институтни тугатмаган…”, “Машинаси йўқ…”, “Касалманд…” каби иддаолар. Асосий эрга юкланадиган айб, маошининг кам бўлиши, катта-катта даромади йўқлиги. Лекин бойлик ва камбағаллик ҳам Аллоҳдан етадиган қазои қадардир. Айрим аёллар эрлари яхши топиб-тутганда чиройли муомала қиладилар, иши орқага кетганда, бирор мусибатга етганда ёлғиз ташлаб кетадилар. Халқимизда бежизга “Эр-хотин қўш ҳўкиз” дейилмаган. Юртдошларимиз, хусусан, аёллар орасида агар эр хорижга ишлагани кетса ёки узоқ муддат қамоқда ўтирган бўлса, “Эр-хотин орасига талоқ тушади” деган “фатво” тарқаб кетган ва буни амалда қўллашмоқда ҳам. Ислом шариатига биноан эр қанча узоқ йўқ бўлиб кетсада, ораларига талоқ тушмайди, мазҳабимизга кўра, бу сабаб ила қози ораларини ажратмайди ҳам. Аммо, эр бедарак йўқолган, вафот этган дея ҳукм чиқарса, бундан мустасно. Зеро, Аллоҳ таоло эри бўла туриб, бошқа эрга тегиб кетишни, ҳали иддаси чиқмай туриб, бошқа бировга никоҳланиб олишни ҳаром ва бузуқ иш деб эълон қилган.Аллоҳ таоло барчамизга чиройли ва Ўзи рози бўладиган турмуш кечиришни насиб айласин!

М.Қурбонбоев
Гурлан тумани «Шайх Жалоладдин Гургоний бобо» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *