РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН

Юртимиз мустақилликка эришганининг биринчи йиллариданоқ диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароит, етарлича имкон яратилиб берилди. Рамазон ойида жамоат ҳолида тун ярмигача таровеҳ намозларини адо этиш учун имконият берилишининг ўзи, бу ой муносабати билан мусулмонларга яратиб берилаётган қулайликлар намунасидир.
Мусулмон дунёси рамазон ойини  катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олади. Рамазон ойидаги фазилатлардан баҳраманд бўлишни тилаб, Аллоҳга дуои хайрлар қиладилар. Ойлар султони моҳи рамазон ўз фазилати, гўзал мукофотлари ва ширин ифори билан юзланди. Бу ой мурувват, хайр эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик, дўстлик ва ҳамкорлик ойидир. Бу ойда мусулмонлар юқоридагидек сифатларни ўзида татбиқ қилишга уринадиган ва бир савоб амалига етти юз ва ундан ортиқроқ ажр олишга имкон бериладиган ойдир. Бу ой кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўладиган, таровеҳ намозларини барпо қилиш ойидир. Азизлар, бу ой Қуръон тиловати, суннат таровати ойидир.
Диний ва миллий байрамларимиздан бўлган Рамазон ҳайити байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Сиз азизларни ушбу улуғ байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осойишта, халқимизни фаровон айлаб, келаётган Рамазон ҳайити баракоти билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракотларга тўлдириб, ҳалқимизни меҳрли оқибатли қилсин.
Муҳтарам азизлар! Рамазон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, кўча куйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак нур устига аъло нур бўлади.
Рамазон ҳайит байрами муносабати билан ҳар биримиз қабристон ва зиёратгоҳларга зиёрат учун борамиз. Ўтганларимиз руҳларига дуолар қилиб, хайру эхсонлар тарқатамиз. Зиёратларимиз чиройли бўлиши учун, байрам олдидан қабристонларимизни ёввойи ўтлардан тозалаб, байрам куни зиёратга борганимизда бемалол зиёрат қилиш учун тайёргарлик ишларини хозирдан бошлашимиз лозим. Зеро халқимизда “Ўтганларнинг руҳини шод этай десанг, масканини обод қил”- деган мақол бор.
Энди ҳайру эҳсон масаласига келсак, байрам кунлари қабристонга нон ва ҳар-хил озиқ-овқатлар олиб бориш, жонлик сўйиб қозон осиб овқат пишириб, қабристонда таом ейиш жоиз эмас. Хайру эҳсонларимиз қабул бўлсин деган хар бир мўмин мусулмон эҳсонини ўз ўрнига, яъни бева бечораларга тарқатса тўғри ва савоб ишлардан бўлар эди.
Одатда ушбу ойда, бошқа ойда камдан-кам қилинадиган савобли амалларни кўпроқ қилиб қолишга уринилади. Ота-оналаримиз, қариндош, ёру биродарларникига ифторлик баҳона зиёратга борилади. Беморлар йўқланади, кўнгиллари сўралади. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашиб қолганлар, гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу ойда рўза тутиб, унинг савобидан умид қилган ҳолда Рамазон ҳайитига қадам қўядилар.
Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ҳамда шахар ва туманлардаги барча масжид имом-хатиблари, ихлосманд халқимиз билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини ва ҳайит байрамини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.
Азизлар, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити байрамини муносиб қаршилаб, байрам кунларида ҳайру эхсонлар билан бир-бирларимизни кўнгилларимизни шод этайлик. Ота оналаримиз, қариндошларимиз ва дўсти ёрларимиз ҳолларидан хабар олиб, байрам совғалари улашайлик.
Ҳурматли юртдошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий 2018 йил Рамазон ҳайити (ийдул фитр)нинг биринчи куни 15 июнь (шаввол ойининг 1 куни) жума кунига тўғри келиши муносабати билан 2018 йил 15 июнь жума куни Рамазон ҳайити намози қуёш чиққандан 15 минут ўтгандан кейин, яъни эрталабки 05:40 да вилоятимиздаги барча масжидларимизда бир хил вақтда адо қилинади.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин.

Х.Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *