Қалбларимизни мунаввар қилиб, юртимизга файз-барака олиб келган Рамазон хатми Қуръон ва мағфират ойидир. Боиси, таровеҳ намозларида ўқилаётган оятлар шарофатидан еру осмондан баракотлар ёғилиб, ризқ-рўзимиз мўл бўлади.
Мазкур фараҳбахш ойда Қуръони каримни ўқиб тугатиш бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий амаллари асосида йўлга қўйилган. Ушбу муборак кунларда Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу азиз китобдан нозил бўлган сураларни тўлиқ ўқиб берар эди. Аллоҳ Таоло ўзининг каломини буюк ва азизлигини таъкидлаб, Қуръони каримнинг “Ҳашр” сураси 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, уни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз”.
Муқаддас ислом динимизда қайси амал буюрилган, тарғиб қилинган бўлса, унинг инсоният учун кўплаб манфаатлари борлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Жумладан, Қуръонни хатм қилишда, айниқса, уни Рамазон ойида якунлашда жуда кўп фойда ва мақсадлар бор. Хатми Қуръон энг афзал амаллардандир. Бу борада Абдадан Доримий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар”. Қуръон охирлаётганда эса ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яъни, хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлади.
Жорий 2018 йил Рамазоннинг биринчи туни яъни 15 май оқшомида Хоразм вилоятидаги қирқ учта жоме масжидларида хатми Қуръон бошланган эди. Вилоятимиз бўйлаб ушбу тароватли хатми Қуръон тадбирлари Рамазоннинг охирги кечаларида файзли ва осойишта, ҳурсандчилик билан ноҳоясига етказилди.
Жумладан, Рамазон кечаларида вилоятимизнинг барча масжидлари қатори Урганч тумани Ғойиб ота масжидининг ёзги намозгоҳида ҳам хатми Қуръон тадбири бўлиб ўтди. Масжид ҳовлисига аста-секин қўллари меҳнатда қаварган, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Аллоҳнинг муборак каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар кириб кела бошлади. Бир зумда намозгоҳ Қуръон мухлислари билан тўлиб тошди. Каломуллоҳнинг тиловати қалбларга сурур ва фараҳ бахш этди.
УМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулло ҳожи Абдуллаев муборак Рамазон ойи билан барчани табриклаб, дуолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билиш, юртнинг тинч-осойишталиги хотиржам ибодат қилиш гарови эканини таъкидлаб, яратгандан бу неъматларни янада зиёда қилишини сўраб, дуолар қилди. Хатми Қуръон дуосига намозхонлар ҳам баралла дуога қўл очиб, Рамазони шарифга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишди. Ҳамда яратгандан юрт тинчлигини, осмон мусаффолигини, халқнинг бунданда фаровон бўлишини сўрашди.
Албатта, каломуллоҳни хатм қилиш дуолар мустажоб бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Табароний Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Қуръонни ўқиб чиқса, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо, яъни исми аъзам бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради”.
Ҳа, Рамазон хатми Қуръони баракот ва мағфират манбасидир. Юртимиз бўйлаб ўқилган хатми Қуръонлар билан янада безанган мағфират, тақво ва покланиш ойи бўлмиш Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги