ТУБАНЛИК ГИРДОБИ

Маст қилувчи ичимликнинг инсон саломатлиги учун зарарли иллат эканлиги айни ҳақиқатдир.

Мўмин киши хамр, яъни истемол қилганда ақлига таъсир этадиган, унинг фаҳмини тўсадиган, аниқроғи маст қилувчи нарсани истеъмол қилиши таъқиқланади. У ҳаром эканига динимиз манбаларидан далил келтиришимиз мумкин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида: “Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир”, дейилади. Ушбу ҳадисдан алкоголнинг ҳаром қилинганини билиб олишимиз мумкин. Эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчимиз. Набий (с.а.в.)дан шундай ривоят қилинади: “Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”. Ушбу ҳадисда бугунги кунда кўпчиликни ўйлантирган, яъни, “пиво”га ўхшаган, ўзини ичса маст қилмайдиган ичимликларни ичса бўлаверадими, каби масалага узил-кесил жавоб берилган – улар ҳам ҳаром ҳисобланади, ичиш таъқиқланади.

Ислом динида ҳеч нарса бежиз ҳалол ёки ҳаром дейилмаган. Шунингдек, алкоголларнинг ҳам инсонларга зарарли жиҳати бўлгани учун ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақиқатни мутахассислар кўп марта исботлашган, спиртли ичимликларнинг инсон организмига бир қатор зарарларини эълон қилишган.

Яқинда амалга оширилган текширувлар, алкоголнинг инсонга яна бир хатари борлигини аниқлади. Islam-today саҳифасида келган янгиликда “Техас” университети олимлари олиб борган тадқиқот, айнан спиртли ичимликлар борасида экани таъкидланади. Натижалар шуни кўрсатдики, алкогол инсон миясига зарар етказиб, асаб толаларини ўлдирибгина қолмасдан, янги толалар пайдо бўлишига ҳам тўсқинлик қилар экан.

Энг сўнгги замонавий технологиялар асосида олиб борилган текширувга кўра, спиртли ичимликлар миянинг турли нуқталарида ўз назоратини ўрнатади. Қайд этилишича, динимизда ҳаром қилинган ҳамр инсон миясининг асосий томиридаги субвентрикуляр қисмига жиддий таъсир кўрсатади. Бу зона эса инсоннинг бутун умри давомида янги нейронлар ишлаб чиқишини таъминлайди.

Ислом дини бундан ўн беш аср муқаддам қайтарган маст қилувчи ичимликлар, минг афсуски, бугун ҳам не-не ақли расоларнинг онгини эгалламоқда, қанчадан қанча оилаларнинг пораканда бўлишига, эр-хотинларнинг, ака-укаларнинг ўртасида меҳр оқибатнинг завол топишига сабаб бўлмоқда.

Мастлик оқибатида бир-бирларига  жароҳат етказаётган, ҳаттоки ўлимига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳам минг афсуски учрамоқда. Мамлакатимизнинг келажаги порлоқ бўлиши учун ҳам бундай тубанлик гирдобларидан миллатимиз тезроқ халос бўлиши ва аждодларимизга муносиб фарзандлар бўлишимиз керак.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди

 имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.