Ўзбекистон жаннатмакон диёр

Яратган Аллоҳ таъоло бизга шундай юртни берганки , унинг тўрт фасли бор, унинг жаннат монанд боғлари бор, унинг зилол сувли дарёлари бор.

Бу диёрда яшовчи халқнинг худо берган тинчлиги-ю, мустақиллиги бор. Дини ва эътиқоди бор. Шу сабабли маърифат масканлари бўлмиш мактаби, мадрасаси ва олигоҳлари обод.

Бир диёрга Аллоҳ таъолонинг раҳмати ва баракаси нозил бўлиши учун шу халқнинг иймон эътиқоди мустаҳкам-у холис бўлиши керак .

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, биз албатта уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик…(Аъроф сураси 96-оят)

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Тўртта дарё – Сирдарё, Амударё, Нил, Евфрат – жаннат дарёларидан,»–деганлар. Ер куррасида 4та океан, бир неча денгиз ва кўплаб дарёлар бўлсада, планетамизни тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлсада, шулардан фақат тўртта дарёнигина Пайғамбаримиз с.а.в. “жаннат дарёларидан” дедилар. Яхши эътибор берсак, мазкур тўртта дарёдан ҳам энг биринчи навбатда Сирдарё ва Амударё дарёларини айтдилар. Демак, бизни юртимиз “жаннатмакон юрт” дейилгани баландпарвоз сўзлар эмас экан! Мазкур тўртта жаннат дарёларидан тенг иккитаси айнан бизни юртимизда эканлиги ҳам – бу Яратганнинг айнан бизнинг юртимизга ўзгача Илоҳий назари билан боққани! Ер юзининг бошқа жойларига нисбатан Аллоҳ таоло айнан бизни юртимизга ўзгача назари билан, ўзгача раҳмат назари билан боққанини яққол белгиси, далилидир.

Жаннат дарёлари дейилишига сабаб уламоларимиз шу дарёлар атрофида ислом дини билан шарафланади, диннинг ривожи айнан шу диёрда бўлишига ишора эканини  такидлашади.

Юртимизда неча асрлардан буён дунё тамаддаунига катта ҳисса қўшган олиму уламолар етишиб чиққани ва бу диёрда илму маърифатнинг ривожи учун катта шароит ва имкониятлар эшиги бўлган мадраса ва олийгоҳларнинг кўплиги бунинг яққол далилидир.

Ушбу ўлкани Аллоҳ таъоло кўплаб моддий ва маънавий неъматлар билан сийлаганки, бунга  шукр қилиш ҳар биримизга лозим ва шартдир.

Маълумки берилган неъматларга шукр қилишлик, шу неъматнинг бардавом бўлишлигига сабаб бўлади. Аксинча ношукурлик эса нематларнинг завол топишига сабаб бўлади.

Шуни яхши англаган давлатимиз рахбари ва ҳукуматимиз шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш ва одамлар турмушини бунданда яхшилаш мақсадида шахар ҳамда қишлоқларимизда ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.

Маънавий меъросимизни асраб авайлаш ва диний ва миллий қадрятларимиз келажак авлод руҳиятига сингдириб, уларда шукроналик туйғусини ўстириш мақсадида юртимиз бўйлаб Қуръон мусобоқаси, ҳадис мусабоқаси каби тадбирлар ўтказилаётгани жаннат макон юрт деб аталишини яна бир-бор исботламоқда.

 Шу жаннатмакон диёр – муқаддас заминда яшаётган ҳар биримиз, Аллоҳ таоло Ўзбекистонга берган барча беҳисоб ва бетакрор, мислсиз ва беқиёс неъматларидан фойдаланаётган ҳар бир одам боласи ўзини муносиб ҳиссасини қўшиши лозим эканлигини унутмайлик!

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *