ДАВРИМИЗ МУАММОЛАРИ

Ҳозирги давр глобаллашув жараёни мавжуд инсоният тамаддуни  тараққиётининг муҳим омили бўлиши баробарида, айни пайтда уни ҳалокатга солувчи хавф сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Глобаллашувнинг ижобий ҳамда салбий оқибатларини ўз вақтида Ҳиндистоннинг миллий озодлик кураши раҳбари Маҳатма Ганди қуйидагича образли ўхшатишда ифодалаган эди: Мен уйимнинг дераза ва эшикларини доим маҳкам бекитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга, очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб ташлашини ҳам истамайман.

         Чегара ва ҳудудларни, тузумларни тан олмайдиган глобаллашув жараёнининг ана шу -салбий оқибатлари бугунги кунда инсониятни ташвишга солмоқда.

      Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида мамлакатимизнинг бугунги куни, келажагига дахлдор долзарб муаммо, вазифалар бутун инсоният тақдири билан боғлиқ глобаллашув жараёни доирасида талқин қилинади. Унда маънавият дунёни, инсониятни ҳозирги глобаллашув жараёни таҳдидларидан қутқарадиган ҳамда ижтимоий тараққиётни юксак босқичга кўтарадиган асосий куч-омил, деган ғоя илгари сурилади.

     Биринчи Президентимиз ўз китобида қарийб 150 йил давом этган, мустамлака даврида ҳар қандай зулм, истибдодларга қарамасдан халқимиз ўзлигини, маданиятини, иймон-эътиқодини сақлаб қолганлигида муқаддас ислом динимиз муҳим роль ўйнаганлиги хусусида батафсил тўхталади. Айниқса, кўп асрлар мобайнида, -деб ёзади биринчи президентимиз, —халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас  динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни уйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу диний заминда илдиз отади ва ривожланади.

        Ислом динининг жаҳон миқёсидаги мавқеининг бундай ошиб бориши, дунёга ҳукмронлик қилишга интилаётган геосиёсий кучларни ташвишга солмоқда ва улар турли хил  йўллар воситалар билан уни обрўсизлантиришга уринмоқдалар. Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни, унинг юксак маънавиятини пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғоялрини кенг тарғиб этиш бугун бизнинг олдимиздаги долзарб вазифа ҳисобланади.

М.Матяқбов

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *