НИҚОБЛАНГАН МАДАНИЯТ БАРЧАМИЗНИ ОГОҲ ВА ҲУШЁР БЎЛИШГА ЧОРЛАЙДИ

     Бугунги кунда бутун дунёда ўз таъсир кучини асосан ёшларга ўтказишга уринаётган салбий бир куч борки, унга руҳшунослар “оммавий маданият” деган атамани беришган. Бу маданият ҳозирда инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига жуда тез кириб бормоқда ва ўзини тарқатиш, кўз-кўз қилиш учун қулай маконни шакллантирмоқда. Унинг турли усуллари мавжудки, ҳозирги ёшларимиз билиб-билмасдан унинг домига тушиб, беихтиёр таъсир ўтказувчи воситасига айланиб қолишмоқда. Муҳтарам юртбошимиз бу ҳақда ҳаммамизни огоҳ этиб, шундай деган эдилар: “Табиийки, оммавий маданият деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг негизларига беписандлик, уларни йукотишга қаратилган хатарли таҳдидлар одамларни ташвишга солмай қўймайди”.

       Интернет сайтларида ин қуриб олган “оммавий маданият” намоёндалари, уларнинг ғояларини тарқатувчи манфаатдор кимсалар замонавий технологиялар ёрдамида маълум маънода бизнинг кўп асрлик маданият ва қадриятларга эга бўлган миллатимиз ҳаётига ҳам соя ташламоқдалар. Уларнинг ёшларимизга таклиф қилаётган замонавийлик белгиси нималардан иборат? Уларнинг наздида ҳар қандай исрофгарчилик – бойлик белгиси, вафо ва садоқат каби азалий қадриятларимиз эса бор-йўғи эскилик сарқити эмиш. Оммавий маданият яна ёшларимизга шундай сабоқ беради: Ҳар қандай ҳаё ва ибога оид фазилатлар, аслида бу маданиятсизликмиш. Оила – шахс эркинлигини буғувчи занжир. Хиёнат эса озод севги ғалабаси эмиш. Улар ўзи учунгина яшашни, оила, фарзанд, ота-она учун қайғурмасликни таклиф қиладилар. Буни эса ота-боболаримиз ибораси билан айтганда, ўтакетган худбинлик деб атаймиз.

     Динимизда ва миллий қадриятларимизда ўзгаларга, айниқса, муҳтожларга меҳр-шафқат қўлини чўзиш, улар ҳолидан хабар олиш, кам-кўстларини тиклашда ёрдам кўрсатиш, саҳоватли бўлиш ғоят улуғланади. Динимизнинг муқаддас байрами – Ийди Қурбонда қурбонлик қилиш, ҳайит кунларида ижтимоий муҳтож кишиларга хайр-эҳсон кўрсатиш исломий фарз сифатида белгилаб қўйилган. Бу инсонпарварлик урф-одати ҳар биримизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Оддийгина ҳашарни олиб кўрайлик. Бунинг замирида ҳам бир-бировга ёрдам қўлини чўзиш, моддий ёки маънавий кўмаклашиш ғояси мужассам. Энди оммавий маданият ўз мақсадларидан келиб чиқиб таклиф қилаётган ғояга эътибор қаратинг: гўёки ҳар қандай саҳоват улар наздида ресурсларни мақсадсиз совуриш саналармиш. Инсоф қилиш, яъни савдо-сотиқ жараёнида савдолашиб, баҳони тушириб бериш имкониятларни бой беришдан иборат эмиш. Энг ачинарлиси, улар наздида бузуқи фоҳиша гўёки фариштамиш, яъни у фақатгина ҳирсли ходима саналармиш. Мана оммавий маданиятнинг таклиф қилаётган ғоялари.

     Минг афсуслар бўлсинким, ёт ғоялар, оммавий маданиятнинг ялтироқ қарашларига учган айрим элдошларимиз билиб-билмасдан уларнинг ялтироқ қарашларига учмоқда. Сўнгги пайтларда тўй-маърака ёки бошқа маросимлар туфайли юзага келган айрим ғалати одатларни ҳеч иккиланмасдан “оммавий маданият” турларига қўшиш мумкин. Масалан: янги туғилган чақалоқни туғруқхонадан дабдабали олиб чиқиш, тўй куни сон-саноқсиз, энг сўнгги русумдаги машиналар билан келин-куёвнинг сайрга чиқиши, дабдабали, ким ўзарга тўйлар ўтказиш, маҳобатли уйлар қуриш ва бошқа тўйгача ва тўйдан сўнг бўладиган одатларнинг замирида “оммавий маданият” ғояпарастлари таклиф қилаётган қарашлар мавжуд. Бизда эса фалончи шундай қилди, мен ундан камманми? Ёки бу урф-одатдан четда қолмай деган тушунча ва қарашлар бор. Айнан, ана шундай янгиликлардан ортда қолмаслик аслида “оммавий маданият”нинг одатий ҳаёт тарзимизга кириб келишига замин яратади. Ҳар қандай шундай одат эса яшовчан бўлади.

   “Оммавий маданият” замирида “цинизм” ғояси ётади. Бу эса беадаблик, лоқайдлик, уятсизлик, манманлик, ҳаёсизлик, қаҳри қаттиқлик, золимлик деганидир. Ўзини ниқоблаган бундай маданиятдан эҳтиёт бўлиш ҳар биримиздан огоҳликни ва ҳушёрликни йўқотмасликни талаб этади.

                                              

                                                             С.Сапаев

Хива туман “Хасан Басрий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *