ВАТАНГА ХИЁНАТ – ЭНГ ОҒИР ГУНОҲ

Аллоҳ Таоло инсонга унинг ихтиёрисиз иккита нарсани ато қилган. Аввалгиси қайси онадан дунёга келишлиги бўлса, кейингиси қайси ватанда туғилишидир. Бу икки нарсанинг улуғлиги Аллоҳнинг ўз хоҳиш иродаси билан эканлигидадир. Шунинг учун ҳам ватанни онага нисбат бериб ишлатилиши бежиз эмасдир. Инсон ватанга садоқатли бўлиши учун аввало ота – онага садоқатли бўлиши лозим ва шартдир. Демак ватанга бўлган муҳаббатимизни даражасини ота – онамизга бўлган меҳр оқибатимиздан билиб олишимиз мумкин. Ватанни севмоқ иймондандир.  Ватан инсонни киндик қони тўкилган макон. Ҳар бир инсон ўз киндик қони тўкилган маконни севади, ардоқлайди, ҳимоя қилади, гуллаб яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Бу маконда ота-она, ака-ука, опа-сингил, қавму-қариндош яшайди. Оламларга рахмат бўлган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳам ўз шаҳри Маккаи мукаррамани ташлаб Мадинаи мунавварага кўчиб кетаётганларида, Макка шаҳрига қараб, кўзларида ёш билан: “Эй менинг киндик қоним тўкилган шаҳрим. Агар жонимга хавф ва Аллоҳ таоло тамонидан менга сени ташлаб чиқиш хавфи бўлмаганида эди, мен сени асло тарк этмас эдим” — деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда мунофиқликнинг аломати тўрттадир шулардан биттаси омонатга хиёнат қилишдир дейилган. Инсонга барча нарса омонат бўлгани каби ота-онаси ҳам шунингдек ватани ҳам омонатдир, буларга хиёнат қилишлик улкан гуноҳдир
Шу ўринда бир нарсани айтмоқ лозим: — ватанга хоинлик нима ўзи?. Ватанга хоинлик фақат ватанига қарши қурол кўтаришлик эмас, тўғри динимизда ҳам, инсонийлик нуқтаи-назаридан ҳам ўз ватанига қарши қурол кўтариш, унга қарши исён қилиш ватанга хиёнатнинг энг олий даражаси ва катта гуноҳ ҳисобланади. Бироқ, ватанга хиёнатнинг яна бир қатор кўринишлари мавжуд. Бугун қайсидир инсонга давлатимиз қай соҳада бирор вазифани ишониб топширсаю, бироқ ушбу шахс ўз вазифасини суистеъмол қилса, билдирилган ишончни оқламаса ёки йўқотса бу ҳам ватанга ҳиёнат эмасми? Мактабгача таълим муассасаларидаги тарбиячилар тарбия бериш ўрнига минталитетимизга ёд бўлган хар-ҳил мультифилмларни намойиш қилиб беришлиги билан болаларни овутса ва ўқитувчи ўзи учун ажратилган вақтда келажак авлодга белгиланган билимни бермаса, эртага бу ёш авлод саводсиз бўлиб, юртни таназзулга учрашига олиб келмайдими? Шифокор ичган қасамёдига содиқ қолмай, катта даромадни кўзлаб беъморга етрали эътибор қаратмаса, инсон нобуд бўлса, бу жамиятга ҳиёнат бўлмайдими? Бозордаги савдогар тарозидан уриб қолса, бу жамиятга хиёнат эмасми?  Қонун ва ватан ҳимоячилари ўз касбига садоқат билан ишламаса, ватанга ҳиёнат бўлмайдими? Энг муҳими ота-она ўз фарзандига муносиб таълим-тарбия берамаса, ўша фарзанд эртага ноқобил бўлиб,  ватанга ҳиёнаткор бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Хуллас, қай бир соҳани олманг, ўша соҳада инсон таъмагирлик қилса, ўз мансаби ёки вазифасига совуққонлик билан ёндошиб, уни суистеъмол қилса, бу каби иллатлар жамиятни таназзулга олиб келади.
Ҳаётда қандай яшаш ва қайси йўлдан юриш инсоннинг ўзига ҳавола, лекин ҳар бир хатти-ҳаракатни амалга оширишда бурч ва масъулиятни ҳам унутмаслик лозим. Донишмандлар уч нарсани ортга қайтариб бўлмайди, дея таъкидлашади:  оғиздан чиққан сўз, ўтган вақт ва йўқотилган ишонч! Фарзанди бўй чўзиб, вояга етганини кўрган ота-она севинади, уни эл корига ярайдиган, юрт фаровонлиги учун хизмат қиладиган эр йигит бўлишини истайди. Шу мақсадда емай едиради, киймай кийдиради. Аммо ўғил кун келиб, қилмишлари билан отанинг қаддини букса, онанинг кўзини ёшга тўлдирса, тағин эл-юрт, қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида иснодга қўйса, бундан ҳам ёмони ишончни йўқотса, бу хиёнатни кечириш мумкинми?! Юрт тинчлиги, аҳолининг осойишта ҳаётини сақлаш, қонун асосида яшаш билан бирга унинг бузилишига йўл қўймаслик каби қатъий қоидаларга амал қилиш ўрнига порахўрлик, таъмагирлик, лоқайдлик,  ўз вазифасига  ва маъсулиятига беэътиборликни касб қилиб олган шахсларни ким деб аташ мумкин. Юртни обод бўлишлиги занжир каби ҳамма соха вакилларига  бирдек боғлиқ.
Демак ватанга хоин бўлиш учун унга қурол кўтариш шарт эмас экан, балки лоқайд ахмоқ бўлишни ўзи кифоядир. Бундай иллатлардан барчамизни Аллоҳни ўзи асрасин.

Қ.Машарипов
Урганч шахар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *