МИССИОНЕРЛИК ЖАХОЛАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Бугунги глобаллашув замонида инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати авж олмоқда. Марказий Осиё халқлари орасида миссионерлик ҳамда ўз моҳиятига кўра унинг таркибий қисми бўлган прозелитизм кўп учрамоқда. Бугунги кунда миссионерликни христианлик динининг протестантлик оқимида вужудга келган айрим секта, диний ташкилотлар ғояларини “Евангел христиан баптистлари”, “Исо Масиҳ” прозелитик гуруҳлари, Буддизмда “Кришнани англаш” диний ташкилоти харакатида кенг тарғиб этилиши фаолиятида кўриш мумкин.

Ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётган яна бир миссионерлик оқими «Иегово шоҳидлари»дир. Ушбу оқимга Чарльз Тейз Рассел (1852-1916) томонидан асос солин­ган. Оқимнинг диний таълимоти унинг етти томлик «Муқаддас ёзувларни ўрганиш» китобига асосланади. Ушбу оқимга мансуб ёшлар ҳар қандай давлат мадҳиясини иж­ро этишдан, армияда хизмат­ қилишдан ва сайловларда қатнашишдан бош тортишади. Иеговочиларнинг қон қуйишга қаршилик кўрсатишлари натижасида эса бе­морлар ҳалок бўлган ҳолатлар учрамоқда.

Миссионерлик ҳақида сўз юритар эканмиз аввало унинг таърифи ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ.

Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир. Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, 4-асрда пайдо бўлган.

Ҳозирги кунда миссионерлар кириб бормаган, улар фаолият юритмайдиган мамлакат дунёда топилиши қийин. Миссионерлар кўп соҳаларни ўз назоратларига олиб, ана шу соҳалар бўйича ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Бу соҳалар сафига биринчи ўринда таълим соҳаси, соғлиқни сақлаш, гуманитар беғараз ёрдамлар ва турли бошқа ижтимоий соҳаларни киритишимиз мумкин. Ҳозирги кунда миссионер марказлар қўлида жуда ҳам катта маблағлар тўпланган. Замонавий миссионерлар ўз фаолиятларида янги-янги замонавий услублардан фойдаланишмоқда. Уларнинг қўл остиларида энг янги алоқа, техника-транспорт воситалари мавжуд. Улар илк миссионерлар фойдалана олиш имкониятига эга бўлмаган аудио визуал ва турли электрон воситалардан фойдаланишлари мумкин. Қўлларидаги катта маблағ уларнинг олдиларидаги барча эшикларни очиб ташлаган. Улар хоҳлаган ҳудудларига бориш, ўша ерда яшаш, черковлар қуриш имкониятларига эгалар.

Кўпгина замонавий миссионер ташкилотлари ўз ҳукуматлари томонидан ҳам турли шаклда кўмаклар олиб боришади. Миссионерлар ўзлари фаолият юритмоқчи бўлган ҳудуд, унинг дини, заиф томонлари ҳақида маълумот ола билишлари учун ўз тадқиқот марказларига эгалар. Замонавий миссионерлар ўзлари хоҳлаган тилда ва ўзлари хоҳлаган тиражларда ўз диний адабиётларини чоп эттириш имкониятига эгалар. Миссионерлар жуда мослашувчан бўладилар, улар ўзлари борган ҳудуднинг аввало қонунларини яхшилаб ўрганиб чиқадилар ва у қонунларга асослангандек ўзларини кўрсатадилар. Расман рўйхатдан ўтиб олиб, яширинча ўз фаолиятларини олиб борадилар.

Христиан динидан сиёсий ва иқтисодий мақсадлар йўлида фойдаланиш, дин тарғиботи иккинчи даражали масалага айланиб қолишига биринчи қадам Рим империясида христианлик расмий дин деб эълон қилинганида қўйилди. Бу даврда Рим империяси кўп худоликдан азият чекаётган, кўп худолик жамиятдаги инсонлар орасида парокандаликка олиб келаётган эди. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиб жамият бирлигини сақлаб қолиш, давлатнинг таъсирини мустаҳкамлаш учун бир восита керак эди. Христиан дини ана шу восита вазифасини бажариши керак эди. 300 йил давомида айнан Рим империяси томонидан турли таъзиқ ва қатағонларга дучор қилинган христианлик бирданига империянинг давлат динига айланиб қолди. Христианликдан Рим императорлари нафақат ички парокандаликни бартараф этишда, балки ўз босқинчилик юришларида ҳам кенг фойдалинишди. Рим империяси ҳудудидан босиб олиш кўзланган жойларга аввал миссионерлар юбориларди. Миссионерлар ҳам динни тарғиб қилишар, ҳам маҳаллий халқ орасига кириб бориб айғоқчилик билан шуғулланишарди. Маҳаллий халқларнинг динни қабул қилиши натижасида ушбу дин ҳомийси бўлмиш Рим империясига хайрихоҳ ва айни пайтда ўзининг бошқа диндаги қабиладошларига норози кайфиятдаги одамлар пайдо бўларди. Шундан сўнг Рим қўшинлари “янги христианлар” “кўмаги” билан у жойларни осонгина босиб оларди. Рим империясида христианлик нафақат сиёсий мақсадлар, балки иқтисодий мақсадлар йўлида ҳам восита бўлиб хизмат қилди. Черковлар оддий диндорларга худонинг раҳмати, жаннатда абадий ҳаёт, гуноҳлар ювилишини ваъда қилиб жарақ-жарақ эҳсон пулларини йиғиб олиб, ҳам ўзлари бойирдилар, ҳам давлатни бойитардилар.

Охирги пайтларда  минтақамизда миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари жиддий муаммо бўлиб келаётган фаолиятлардан бири бўлиб  у ОАВларда ҳам тез-тез акс эттирилиб келинмоқда. Мазкур фаолият қонуний тақиқланган, лекинмиссионерлик ва прозелитик ҳаракатлари кишиларни турли услуб ва воситаларда ўз диний ақидаларини сингдиришга, ўзгартиришга интилмоқдалар Унинг моҳиятини, аянчли оқибатини тушунмаётган айрим кишилар ушбу ҳаракатларга аралашиб  турли оқимларга кириб кетмоқдалар.Бундай (миссионерлик ва прозелитизм) оқим ва ҳаракатлар домига билим савияси пастлиги, моддий манфаатга ўч, маънавий қашшоқ ва дунёқараши тор, ўзлигини англамаган кишилар тушиб қоладилар. Ва бу ҳатти-ҳаракатлари қандайоқибатларга олиб келишини ўз вақтида англаб етмайдилар.

Шуни айтиш лозимки, миссионерларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари бошида узоқ вақтни мўлжаллаган, муайян мақсадни кўзлаётган геосиёсий кучлар вадунёга гегемонлик қилишга интилаётган ҳаракатлар ётганлигини ҳалқимиз англаб олиши  зарур.

Дарҳақиқат, миссионерликка қарши кураш асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларга эга мам­лакатлар учун энг долзарб масалалардан бири бў­либ қолмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу курашнинг моҳияти фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Жойларда  аҳоли ўртасида диний экстремизм ва терроризмга қарши ва диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган  турли маънавий-маърифий ишлар олиб  бориляпти.

Диннинг асл мо­ҳиятини тушунмаслик, инсон­ ва жамият ҳаётидаги ўрнини тўғри баҳолай олмаслик жаҳолатга олиб келади. Шу сабабли унга қарши маърифат билан курашиш, фуқароларимизнинг ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлишларига эришиш, таълим муассасаларида ёшларга дин ҳақида илмий асосланган билимлар бериш, диний қадриятлардан маънавий-маърифий мақсадларда фойдаланиш миссионерликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Табиийки, инсон табиати ахборот олишга мойил. Ўз вақтида тўғри ахборот етказиб берилмаса, жамиятда ғоявий бўшлиқ пайдо бўлади. Бундай эҳтиёж маърифат, тўғри йўлга бошловчи ғоя билан қондирилмаса, четдаги ёвуз кучлар шу заҳоти ишга тушади. Ёшларни заҳарлашга киришади.«Ёшларнинг онгида қандай кайфият устунлигини айтсанг, мен сенга кейинги авлоднинг табиати қандай бўлишини айтиб бераман», – деган эди инглиз сиёсий арбоби Эдмунд Берк. Шу нуқтаи назардан миссионерларнинг ёш авлод онгини эгаллаш, назорат қилишни кўз­лаб иш юритаётгани барчамизни янада сергакроқ бў­лишга ундайди.

Бинобарин, дунё миқёсида, ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик фаолиятини ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб муаммоси эканлигини ҳар биримиз англашимиз лозим.

Муқаддас Ислом динимиз асоси бўлган Қуръони карим олдинги китобларга амал этишни бекор қилди. Бу охирги самовий китоб ҳукми ҳамма замон ва маконга дахлдордир. Унинг ҳукмини ҳеч қандай китоб, ҳеч бир кимса бекор қилолмайди.

Яратганга кўп шукрлар бўлсинким, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Бу тинчликни асраш шу юртдаги барчанинг муқаддас бурчидир. Четдан келиб ёшларимиз онггини ҳар хил бўлмоғур ғоялар, бузуқчиликлар билан захарлаб, уларни маънавий қашшоқлик сари ундаёдган, жамиятда парокандаликни келтириб чиқаришга уринаётган ва тинчилигимизга раҳна солмоқчи бўлган кучларга қарши курашишда барча бирдек ҳаракат қилмоғи лозим.

К.Илясов

Боғот тумани “Исмоил шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.