ОГОХЛИК ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ

Ислом эзгулик ва маърифатпарварлик динидир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, юртимиз мусулмонлари уламоларимизнинг ўгитлари, амри маъруф (яхшиликка буюриш), наҳий мункар (ёмонликдан қайтариш)лари ҳамда диний-маърифий асарлари орқали кундан-кунга ўз имон-ихлосларини зиёда этиб бормокдалар. Аммо бугунги кунда турли ғаразли мақсадларни кўзлаб, муқаддас динимизга янги, бегона тушунчаларни киритиш орқали, одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган жамоаларнинг фаолияти ҳам афсуски кузатилмокда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.a.в.) ҳаётлик вақтларида воқе бўлмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, миллатлар бирлиги хамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар хақида хабар бериб, огох этган эдилар, жумладан:
“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўъминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваьдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”, дедилар.
Бугун уларнинг урушлари сабабли қанчадан-қанча болалар етим қоляпти, қанчаси қурбон бўляпти. Жиноятчиларни бу норасидаларнинг уволи тутмайдими? Уларнинг дарё-дарё қонлари, кўз ёшлари, жангариларнинг икки дунёсини куйдириб юбормайдими?!
Жобир (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Зулмдан қўрқинглар. Чунки зулм қиёмат кунида зулматдир”, дедилар. (Имом Муслим).
Энди бир ўйлаб кўринг, мўмин-мусулмонларни қасддан ўлдираётган, молига, жонига ҳеч иккиланмай тажовуз қилаётган золимлар мусулмон бўлиши мумкинми?!
Қуръони Каримда: “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир, яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга жаҳаннам азобини тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), дейилган. Пайғамбар (алайҳиссалом); “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши, Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар. Шунинг учун биз мусулмонлар бундай бузғунчи оқимларнинг пуч ғояларига учмайлик.
Фарзандларимизни уларнинг домига тушиб қолишидан сақлайлик. Аҳиллик, иттифоқлик бор жойда баракот бўлади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, адашиб экстремистик гурухларга қўшилиб кетаётганлар бир умр манашу юртда униб ўсиб, беминнат таълим тарбиясидан фойдаланиб катта бўлишмадими. Шу ўринда катта бойлик хавасида, ўзга юртларга кетаётганларга мурожаат қиламизки-сиз бораётган ерда сизни оғир меҳнат, жуда катта маънавий таҳдид, вақтни бехудага ўтказиш ва фарзандларингизни айни тарбиялаш вақти келганда бетарбия қолдириш кутиб турганлигини унитманг. Юртдошларимизни бундай бузғунчи оқимларнинг қилмишларидан Аллоҳ ўзи асрасин, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини бардавом қилсин.

О.Рўзметов
Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *