ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ

Маълумки, инсоният тамаддунининг тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар қаторида тинчлик ва барқарорли аввалги ўринларни эгаллайди.
Лекин бу тараққиётга рахна солишга уринаётганлар, унинг сабабларидан бири бўлган тинчликни йўқ қилишга уринмоқдалар.
Мана шундай тараққиёт ва тинчликка катта бир тўсиқ бўлаётган нарса албатта бу экстремизм ва терроризмдир.
Халқаро террорчилик ҳаракати жахон ҳамжамиятининг диққат-эътиборидаги муҳим масалалардан биридир. Зеро, бу иллатга бархам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.
Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг хар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенгликни ва тинчликни мустахкамлашга чақирилади. Қуръони Каримнинг “Бақара”сурасида Аллох таоло бандаларига “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. (208-оят. “Бақара” ) дея амр этади.
Бандаларнинг бир-бирига босим ўтказишлари, зулм-зўравонлик кўрсатиш, ер юзида бузғунчилик қилишлари ҳам динимизда қаттиқ тақиқланади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай мархамат қилинади: “Аллоҳ билан ахд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (Жаханнам) бордир.” (Раъд.25)
Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жихати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин-Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули (с.а.в.) кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади.
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.
Ислом дини урушни бало ва офат деб билади. Ёв билан тўқнашув фақат мудофаа мақсадида бўлишига рухсат беради. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқиб кетмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъий назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка ундайди. “Бақара” сурасининг 190-ояти мазмунида “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва (лекин) ҳаддан ошмангиз. Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” дейилади.
Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади.
Ислом билан террорни бир-биридан ажратиш фурсати етди. Бугунги кунга келиб, юртдошларимиз ҳам уларнинг асл мақсадларини билиб олдилар. Дин нима-ю, дин номидан иш олиб бориш нима эканлигини жуда фарқига бориб етишди. Ҳукумат ислом, мусулмонлар ва диний қадриятларга эмас, экстремизм, террорчилик ва ақидапарастликка қарши мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда кураш олиб бораётганини кенг афкор омма тушуниб етди. Дунёвийлик айрим ақидапараст кимсаларнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, асло даҳрийлик эмас.
Шулардан хулоса қиладиган бўлсак экстремизм ва терроризм чегара билмас бир офатки улар хар қандай ривожланган тарақиётнинг йўлига ғов бўлади.
Ватанимиз равнақи ва тараққиёти эса тинчлик ва барқарорликда эканини унутмайлик.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо”масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *