МИССИОНЕРЛАРНИНГ МАҚСАДЛАРИ

“Миссионерлик” сўзи лотин тилидаги “миссио” сўзидан олинган бўлиб, маъноси “юбориш”, “вазифа топшириш”, “топшириқ” маъноларини англатади. “Миссионер” сўзи эса “вазифа бажарувчи” деган маънони билдиради. Миссионерлик – битта динга эътиқод қилувчи фуқаролар орасида, бошқа бир диннинг ғоялари ва урф-одатларини тарғиб этишни англатади.
Юртимиз мустақил бўлган кунидан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакиллари ва миссионерлар юртимизга ёпирилиб келиша бошлади. Улар дастлаб юртимизга очиқдан-очиқ кириб келди, гўёки пок диний ғояларни тарғиб қилди. Кейинчалик уларнинг разил нияти фош бўлиб, фаолияти таъқиқлангач, ниқобга ўралди – тил ўрганиш маркази, компьютер курсларига ўхшаш идораларни очиб, яна гўёки маърифат тарқатиш билан шуғулланди. Аслида эса бу ҳаракатлар бузғунчи ғояларни ёйишда давом этишга уриниш эди, холос.
Миссионерларнинг асосий мақсадлари турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.
Миссионерлик ташкилотларининг мақсадлари асосан уч нуқтага қаратилган:
Биринчиси — бошқа халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш.
Иккинчиси — халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқодидан воз кечишга олиб келиш.
Учинчиси — христианликни қабул қилганлар ўз эътиқодида мустаҳкам (собит) туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини “янги христианлар” билан кенгайтириш.
МИССИОНЕРЛАРНИНГ ТАЪСИР УСУЛЛАРИ ВА НАЙРАНГЛАРИ:
Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар. Мана улардан бир нечтаси:
Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, “руҳий” ёрдамлар киради. Атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Тиббий ёрдам уюштирадилар.
Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан “безалади”. Маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар.
Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш. Шунингдек, улар турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини, ёш ижодкорлар кўрик-танловларини ташкил этиш ва ушбу «тадбир»лар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш.
Тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига «малакали» мутахассис кадрларни «иш»га юбориш.
Ёшлар ташкилотлари билан ўзаро «ҳамкорлик» ўрнатиш,
Компьютер ёки чет тилларини ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналарини, клубларини ташкил этиш.
Ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга «ўқиш» ёки «малака ошириш» сафарига юбориш иш билан таъминлаш.
БУ НАЙРАНГЛАРНИНГ ОҚИБАТЛАРИ:
Ушбу найранглар таъсири остида мусулмон кишида уч ҳолат кузатилади:
Мусулмон киши бошқа динни қабул қилади. Яъни у ўз динига ҳиёнат қилиб, меҳрини ўзга динга қаратади, ўз қавмларидан юз ўгиради
Бошқа динни ҳам ҳақ йўлда деб ўйлай бошлайди. У ўзга диндан бошпана ва юпанч ахтаради. Ўзга дин вакилларининг унга кўрсатган эътиборини ўша диннинг инсонпарварлиги, меҳр-оқибати, саҳовати деб билади.
Ҳеч бўлмаганда ўз динига бўлган садоқати йўқолади. Бундай кишилар атрофидаги айрим мусулмонларнинг ўзига хос қусурларини ҳам мусулмонликнинг камчилиги деб билиб, ўз динига нисбатан салбий ҳислар пайдо бўлади.
МИССИОНЕРЛАРГА ЭРГАШИШ САБАБЛАРИ:
Баъзи юртдошларимизнинг миссионерларга эргашиб кетаётганлигига биринчи сабаб – уларнинг динимиз йўл-йўриқларидан юзаки ҳабардорлиги ёки мутлақо бехабарлиги. Мана шу эътиқодий, маънавий бўшлиқни миссионерлар уддабурронлик билан тўлдиришмоқда.
Иккинчи сабаб – маърузаларимиз ва фикрларимизнинг таъсирчанлиги камроқ бўлганлиги. Ҳолбуки, миссионерларнинг чақириқлари кучли ва ниҳоятда ҳис-ҳаяжонли, таъсирчан.
Учинчи сабаб – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалардан, ногиронлардан, боқувчисидан айрилган қариялардан кўнгилдагидек тез-тез хабар ололмаяпмиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатолмаяпмиз. Миссионерлар бу йўл билан баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлашяпти ва уларнинг ишончини қозониб, ўзларининг ғояларини тарғиб қилишмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, миссионерлик оқими ҳам бошқа диний-экстремистик оқимлар каби жамиятимизга, келажагимиз бўлган ёшларимизга рахна солишга қаратилган оқимлардан биридир. Унга қарши курашиш учун ҳамиша, ҳамма вақт ҳушёр ва сергак бўлишимиз зарур. Токи жамиятимизни, онгимизни, қалбимизни заҳарлайдиган ҳар хил иллатлар ҳаётимизга ҳеч қачон рахна солмасин. Тинчлигимиз, бирлигимиз ва эътиқодимизга таҳдид солиб турган миссионерлик ҳаракатига, бошқа бузғунчи тоифаларга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Р.Отажонов
Янгиариқ туман бош имом-хатиби

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.